date
views 3 210

Вафот этгани ҳақида уйига “қора хат” келган отахон Ғалабанинг 75 йиллигини нишонламоқда

Вафот этгани ҳақида уйига “қора хат” келган отахон Ғалабанинг 75 йиллигини нишонламоқда
Тақдир одамларни турли синовларга йўлиқтиради. Хивалик Самандар ота Худойберганов ҳам ана шундай мушкул вазиятларни бошдан кечирган инсон. Аммо унинг қисматида ҳаётнинг кутилмаган ўйинлари ҳам рўй берган.

...1942 йил. У фронтда фашизмга қарши аёвсиз жанг олиб бораётган дамлар. Не бўладики, Хивага ўлганлиги ҳақида “қора хат” келади. Самандар ёлғиз фарзанд эди. Унинг доғи яқинлари, ота-онаси қаддини бир зумда букиб қўяди. Айниқса, шум хабардан қаттиқ эзилган онаси Ширин ая кўз нуридан ажралиб, оғир бетоб бўлиб қолади.

Аслида “қора хат” нотўғри маълумот туфайли жўнатиб юборилган эди. Мард ўғлон ҳамон душман қаршисида тик туриб, унга қарши аёвсиз кураш олиб бораётганди.

Ўша совуқ хабардан кейин орадан 6-7 ой ўтади. Самандар Худойберганов тинимсиз уйга мактуб ёзади. Аммо жавоб олмайди. Бунинг сабабчиси туман почтачиси бўлиб чиқади. “Қора хат” келган уйга кимдир Самандар номидан хатлар ёзиб, ота-онасининг ярасига туз сепмоқчи”, деган фикрда барча хатларни йиртиб ташлайверади. Бироқ, мактубларнинг кети узилмаганидан кейин ўйланиб қолади. Шоша-пиша Самандар илгари ишлаган идорага номалардан бирини олиб боради. У ерда шогирдлари устозларининг ҳуснихатини таниб, ўзи ёзаётганини тасдиқлашади.

Шундан сўнг ҳаммалари биргалашиб, фарзандини аллақачон хаёлан кўмган ота-онасига бориб, қувончли хабарни етказишади. Бўлган воқеани ҳикоя қилиб беришади. Жигарбандининг айрилиғидан қалби қонга тўлган ота-она бошида бу гапларга ишонмайди. Лекин ҳақиқат уларнинг гўё битмас ярасига малҳам бўлади...

Урушда иккинчи марта “дунёга келган” Самандар ота, мана, бир асрлик довондан ошиб, бу йил 102 ёшни қарши олди.

Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтиш жоиз. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонишда, албатта, Хоразм аҳлининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Тарихий маълумотларга кўра, урушнинг биринчи кунлариданоқ мазкур вилоят ҳарбий комиссариятига ихтиёрий равишда фронтга юбориш ҳақида 1156 ариза келиб тушган, шундан 47 таси аёллардан эди. Хоразмдан 67 мингдан зиёд йигит–қиз фронтда қатнашади.

Самандар ота 1941 йилда урушга сафарбар этилган. Киев, Свердловск, Харьков, Мариуополь, Мелитополь, Воронеж, Житомир, Днепропетровск ўлкаларидаги қонли жангларда мардонавор иштирок этган. Буюк Ғалабадан бир оз ўтиб, аниқроғи, 1945 йилнинг июнь ойи ўрталарида Ўзбекистонга қайтади.

Афсуски, у келганида онаси, Ширин момо оламдан ўтган эди. Ҳаёт Самандар отани ана шундай оғир синовларга рўбарў қилди. Отахон уларнинг барчасини қатъият ва ирода билан енгиб ўтди.

Отахон 1964 — 1970 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олган, оила қурган. Турмуш ўртоғи Анабиби ая билан 7 фарзанд тарбиялаб, уларнинг бари олий маълумотли бўлишига эришган.

Байрам муносабати билан ҳарбий хизматчилар уруш фахрийси хонадонида бўлишди. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Самандар отани тиббий кўрикдан ўтказишди. Меҳмонлар ҳовлида ободонлаштириш ишларини амалга ошириб, айёмга ҳозирлаб қўйишди. Юқумли касалликлардан ҳимоялаш мақсадида ҳудуд дезинфекция қилинди.

Қисқаси, ҳаётда “икки марта туғилган” Самандар ота бугун юзлаб невара, чеваралар, фарзандлар ардоғида Ғалабанинг 75 йиллигини нишонламоқда.

Темур НАРЗИЕВ

Манба: Xs.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вафот этгани ҳақида уйига “қора хат” келган отахон Ғалабанинг 75 йиллигини нишонламоқда