date
views 4 127

Халқ нима дардда-ю, кимлар нафси ғамида?

Халқ нима дардда-ю, кимлар нафси ғамида?
Ўғли билан келини автоҳалокатда оламдан ўтгач, Жамила хола икки набираси билан ёлғиз қолди. Ўртамиёна яшаётган аёл охирги пайтларда бироз қийналди. Набиралари боғчага борганда ўзи қўни-қўшниларнинг томорқа юмушларига ёрдам бериб топган пулини рўзғорга ишлатарди. Коронавирус туфайли ҳамма уйда.

Болаларга қарайман деб Жамила хола ҳам уйдан чиқолмай қолди. Яхшиям икки уй нарида болаликда бирга ўсган дугонаси бор. Кунора иссиқ-совуғидан хабар олиб туради. Уч кун аввал қопдаги охирги ундан хамир қориган Жамила хола тунов куни маҳалла раисига ун кераклигини айтганди. Мана уч кун ўтибдики, бу мурожаат бўйича ҳеч ким хабар олгани йўқ.

Якшанба куни соат 16:30 ларда эшик қоқиб келган Жамила хола маҳаллада ун сотилаётганини, уни сотиб олишга эса пули йўқлигини айтиб, қарз сўради. Икки кун олдин маошимни олгандим. Шундай пайтда холага қарз эмас, ун олиб беришни маъқул топдим.

Маҳалла идораси ёнига тумонат одам йиғилган. Уннинг нархини сўрашга ҳам ҳожат йўқ. Ун ортилган юк машинасининг пештоқига «Камбағал, боқувчисини йўқотганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бир қоп ун 160 минг сўм» деб ёзиб қўйилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари ҳар ёқдан пул излаш билан, пули борлар эса ун олиш билан овора. Ўша куни бир қоп ун олган Жамила хола ҳам, набиралари ҳам жуда хурсанд бўлишди.

Энди ўйлаб кўринг: ўзи камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила бўлса. Уларда шундай вақтда 160 минг сўм пул бўладими? Ўзи нега бошқа маҳаллаларда бир қоп ун 135 минг сўмдан сотилаётган бир вақтда бизнинг маҳаллада 160 минг? Аслида 135 минг сўмдан сотилиши керак эмасмиди?! Балки бизнинг маҳалламизга келгунча тадбиркорнинг харажатлари кўпайиб кетгандир. Аммо… Нима бўлганда ҳам ҳозирги шароитда тадбиркорларимиз бироз фойдадан кечиб, халққа қайишиб, одамларнинг оғири енгил қилса бўларди. Бу кунлар ҳам ўтар-кетар, қийинчиликларни иродамиз, матонатимиз, бир-биримизга бўлган меҳримиз билан енгамиз албатта.

Эрталаб ишга кетаётганимда маҳалла идораси ёнида оқсоқолнинг ёқасидан тутганча бақираётган тадбиркорнинг важоҳатидан от ҳуркарди.
– Менга қаранг, сизга кеча берган пулингиздан 400 минг кам чиқди деяпман. Айтган фойдангизни олганингиз етмагандек, менинг фойдамдан ҳам олиб қолгансиз. Қанақа одамсиз ўзи? Шунчалик ҳам очкўз бўласизми? Қайтариб беринг дейман, камини қайтариб беринг.

Ранги докадай оқариб кетган оқсоқол эса «Илтимос, менга ёрдам беринглар. Аслида унни 160 мингдан сотган тадбиркорнинг ўзи. Маҳсулотни сотишига ёрдам берганим учун айбини менга тўнкамоқчи бўлаяпти. Унни сотишда фақат ёрдам бердим холос. Ҳеч қандай фойда кўрганим йўқ. Биласизлар, мен ҳеч қачон ёлғон гапирмайман. Бировнинг ҳаққини емайман» деганча атрофдагилардан нажот кутарди.

– Сиз қанақа ноинсоф одамсиз?! Ҳамма икки кундан буён ун келишини кутаяпти. Уларга қанчадан десангиз олади. Мен ҳам сиз билан баравар юрганимни ҳам ҳисобланг-да. Ҳаммага ун керак, ҳозир қанча нарх қўйсангиз ҳам олишади. Менга ҳам фойда қолсин, бемалол 160 мингдан сотаверинг деган ўзингиз-ку. Энди сувдан қуруқ чиқиш учун ҳамма айбни менга юклаяпсизми?! Ундай қилолмайсиз. Бунга йўл қўймайман.

Маълум бўлишича, бир қоп унни 124 250 сўмдан сотиб олган тадбиркор аслида фуқароларга 135 мингдан сотиши керак бўлган. Тўрт тонна унни маҳалламизга олиб келган тадбиркор раис билан келишиб, 160 мингдан сотишга эришган. Яна бир маҳалла оқсоқоли эса маҳсулотни маҳалласида сотмаслиги эвазига тадбиркордан 200 минг сўм олганига нима дейсиз. Халқ ишонган оқсоқоллардан яна бири эса муҳтож оилалар қолиб, ўзига тўқ оилаларга ун ва бошқа озиқ-овқатлар етказиб берилиши учун хизмат қилган…

Эҳ, санай десангиз, илдиз отган муаммо, ечимини кутаётган масалалар юзага чиқиб келаверади, келаверади…

Карантин даврида ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлашга жалб этилганидан ғараз мақсадда фойдаланган туманимиздаги бошқа бир маҳалла раисига чора кўрилди. Шўрчи тумани «Қораариқ» МФЙнинг раиси С.Ғ. камбағал, эҳтиёжманд ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида етказиб берилаётган 140 минг сўмлик унни «Бек-Жамшид» оилавий корхонаси раҳбари Ж.Б. билан келишиб 155 минг сўмдан сотишни йўлга қўйган.

Бунинг эвазига ҳар қоп ундан 5 минг сўмдан хизмат ҳақи олишга кўндириб, хизмат мавқеидан фойдаланиб одамларни алдаб, унга талабгор сифатида рўйхатга олинган оилаларга нархнинг қимматлиги тўғрисида асоссиз маълумот етказган. 17 апрель куни ун сотишга жалб қилинган савдо ташкилоти биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олган 60 қоп унни сотган. Оқибатда прокуратура маҳалла раисига нисбатан жиноят иши қўзғатиб, дастлабки терговни олиб бориш учун туман ИИБга юборган.

Эл бошига иш тушган шу кунларда элнинг кўзига чўп суқаётган бундай оқсоқолу тадбиркорларни ким деб аташ мумкин?

Нигина ШОЕВА

Манба: Huquq.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халқ нима дардда-ю, кимлар нафси ғамида?