date

Ҳиндистонда сиёсий митингдаги тиқилинчда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди

Ҳиндистонда сиёсий митингдаги тиқилинчда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди

Ҳиндистонда сиёсий митинг пайтида юз берган фожеа бутун мамлакат жамоатчилигини ларзага солди. Тамилнаду штатида содир бўлган воқеа кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди ва яна юзлаб оилаларни изтиробга солди.

Маълумотларга кўра, 27 сентябр куни кечқурун машҳур актёр ва сиёсий арбоб Вижай ўзининг янги партиясига қўллаб-қувватлов йиғилишини ўтказган. Мазкур тадбирга ўн минглаб одамлар оқиб келган ва митинг катта майдонда ташкил этилганига қарамай, оломоннинг кўплиги вазиятни мураккаблаштириб юборган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, фожиа митинг давомида одамларнинг бир қисми саҳна томон ҳаракатлана бошлаган вақтда рўй берган. Одамлар орасида саросима ва издиҳом кучайиб, кўпчилик ҳушини йўқотган, баъзилари эса юзлаб инсонлар оёқ остида қолган. Шу боис тез ёрдам машиналари ҳам жойига етиб боришда қийинчиликка дуч келган.

Охирги маълумотларга кўра, камида 39 киши ҳалок бўлган, яна 50 дан ортиқ киши турли кўринишда жароҳатланган. Қурбонлар орасида болалар ва аёллар кўпчиликни ташкил этгани айтилаяпти.

Ҳиндистон ҳукуматининг расмий баёнотига кўра, ҳалок бўлганларнинг ҳар бир оиласига бир миллион рупий (тахминан 11 минг АҚШ доллари) миқдорида компенсация берилади. Шу билан бирга, расмийлар воқеа сабабларини чуқур ўрганиш ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўришга ваъда берди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўз чиқишида мазкур воқеани “ўта қайғули ва жуда аламли бахтсиз ҳодиса” деб атади. У жароҳатланганларга шифо ва соғлиқ тилаб, ҳалок бўлганлар оилаларига таъзия билдирди.

Эътиборлиси, Ҳиндистонда бундай ҳолатлар бир неча маротаба кузатилган. Фақатгина жорий йилнинг ўзида диний байрамлар ва спорт тадбирлари вақтидаги тиқилинч оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Бу эса мамлакатда катта тадбирлар вақтида хавфсизликни таъминлаш масаласи янада жиддийроқ эътибор талаб этишини кўрсатмоқда.

Бу фожеа нафақат Тамилнаду, балки бутун Ҳиндистон учун оғир дарс бўлиб қолиши мумкин. Чунки ҳар бир инсон ҳаёти бебаҳо ва унинг асраб-авайланиши давлат ҳамда жамият учун энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда сиёсий митингдаги тиқилинчда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди