
Коронавирус туфайли нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки курраи замин бугун бир вужуд, халқлар ва элатлар эса бир оиладек бирлашиб ҳаракат қилмоқда. Тиббий муассасалар ходимлари ҳам ватан ва халқ олдидаги бурчини теран англаб, кечани кеча, кундузни кундуз демай беморлар тепасида парвона бўлаяпти.
Халқимиз азалдан саховатпешалиги, бағрикенглиги, йиқилганни суяши билан бошқа халқларга ўрнак бўлиб келган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўзи оч-юпун бўлса-да, уруш кетаётган жойлардан кўчирилган қариялар, аёллар ва болаларга иссиқ бағридан жой бериб, борини улар билан баҳам кўрган.
Сахийлик энг яхши одатлардандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахийларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлишининг хабарини берган.
Юртимизнинг ўзига тўқ кишилари ҳам аждодларининг ибратли амалларини давом эттириб, эл бошига иш тушганда пандемия ва табиий офатлар туфайли даромадини йўқотган оилалар, камбағаллар ва етим-есирларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзмоқда. Улар айниқса эзгулик, меҳр-оқибат айёми бўлмиш Рамазон ойида бошқа ойлардагига нисбатан садақа улашмоқнинг савоби кўплигини инобатга олиб саховат кўрсатишга ҳаракат қилишди.
Бироқ короновирус буткул бартараф этилганидан кейин ҳам у билан боғлиқ хотиралар ҳали кўп йиллар бизни тарк этмаслиги тайин. Карантин бўларкан деган гапни эшитиб кўп кишиларнинг тонналаб маҳсулот жамғаргани-ю бундай вазият қайтиб бўладими-йўқми деган хаёлда унинг нархини осмонга чиқариб юборган бозорчиларни, ҳамма уйда биқиниб ётганидан фойдаланиб қинғирлигига йўл очилганидан шод олғирларнинг қилиғи, ҳайдовчиларнинг тўрт қадам йўлга отнинг калласидай бўлмаса ҳам чўнтакни зирқиратиб юборадиган ҳақ талаб қилганини афсус ва кулгу билан ёд этишимиз шубҳасиз.
Қашқадарё яшил ҳудудга ўтганининг дастлабки кунлари «Замон» ахборот дастурининг вилоятдаги мухбири Шавкат Аминов ёзғириб қолди:
– Фарзандларим «ота, қишлоққа момомларникига бориб келайлик, уйда зерикиб кетдик» дейишаяпти. Чамалаб кўрсам, шу кеча-кундузда оилам билан қишлоғимга, яъни Шаҳрисабзга борадиган бўлсам, йўлкиранинг ўзига бориб-келишимиз учун 300 минг сўмдан (киши бошига 50 минг сўмдан ҳисоблаганда) ортиқ пул керак бўларкан.
3-синфда ўқийдиган ўғлимнинг кўзларида ҳақиқатан бобо-момосини соғинганлик ифодасини илғайман. Кўп қаватли уйда бир ҳафта кўчага чиқмаслик азобини эса шу шароитда яшайдиганлар яхши билишади. Болаларим карантин туфайли нақд бир ярим ой ташқарига чиқишмади. Ўзим ҳам ота-онамни кўргани боришга ошиқардим…
Бугун кимдан сўраманг, йўлкира ҳақининг кескин ошиб кетганидан нолиганига гувоҳ бўласиз. Илгари биргина Қарши шаҳри ичида йўлкира ҳақи 2000-3000 сўмни ташкил этарди. Бугун-чи?
– Қарши туманининг Қовчин қишлоғидан ишга қатнайман, – дейди Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмат раҳбари Нуриддин Эгамов. – Илгари ишга келиб-кетишим учун 8000 сўм сарфлаган бўлсам, бугун кира ҳақи 16000 сўмга кўтарилибди. Шаҳар ичида ҳам битта бекат учун 5000 сўм сўрашади. Узоқроққа бормоқчи бўлсангиз 10000-15000 сўм дейишади. Ишга боришга мажбур бўлган одам ноилож шу нархга кўнади-да. Бироқ ҳамманинг ҳам чўнтаги бу нархни кўтармайди. Ҳайдовчиларга эътироз билдирсангиз, негадир улар карантинда уйда ўтиришганини, даромад қилишмаганини иддао қилишади. Кулгинг келаркан, ахир карантин фақат таксичилар учун бўлмади-ку. Инсофсизлик ҳам эви билан-да.
Назаримизда вазиятни тартибга солишнинг қийин томони йўқ. Фақат мутасаддилар хизмат машиналаридан тушиб, бир-икки кун такси хизматидан фойдаланишса, ҳамма қатори бир бекат учун беш минг сўмдан тўлашса кифоя. Бироқ улар бундай қилишларига ишонгимиз келмайди. Чунки қайси машинага чиқманг, ҳайдовчиси масъулиятли идораларда ишлайдиганларнинг кимидир бўлиб чиқади. Нарх ана шу «ишонч» ортидан кўтарилаётган бўлса ажаб эмас.
«Истасанг шу, истамасанг ўзинг биласан» қабилида без бўлиб турган ҳайдовчиларнинг нигоҳларида бировга қайишадиган илиқликни кўриш амримаҳол. ЎзАнинг бош муҳаррири Абдужалол Тайпатов телефон орқали суҳбатимизда Қаршидан Тошкентга қатнайдиган таксилар 300 минг сўмдан камига рози бўлмаганидан шикоят қилиб қолди. Ваҳоланки, илгари таксилар Тошкентга 40-50 минг сўмга, жуда қиммат бўлган пайтларда 70-80 минг сўмга қатнарди.
Карантин чекловларининг юмшатилиши муносабати билан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев аҳолига, айниқса, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи такси ҳайдовчиларига қилган мурожаатида автомашиналар салонида уч кишидан ортиқ йўловчи бўлмаслиги, шу билан бирга, машинага ҳайдовчи ва йўловчиларни ажратиб турувчи плёнка ўрнатиш шартлигини таъкидлаган эди. Қолаверса, вазиятдан келиб чиққан ҳолда кира ҳақини оширмаслик бўйича ҳам топшириқлар берилганди.
Юқорида келтириб ўтилган мисолларда эса бунинг аксини кўрдик. Таажжубли томони ҳамма эшитган, ҳамма биладиган юқоридаги каби ҳолатларни шу соҳани назорат қиладиганлар эшитмаётганидадир. Улар кўриб турса-да, ўзларини кўрмасликка, билиб турса-да, билмасликка олишаяпти. Кимдир карантин даврида таксилар фаолият кўрсатмади-ку деса, буни фақат қонуний лицензияси йўқлар, яъни инсофи борларгина фаолият кўрсатмади деб тушунинг. «Арзанда»лар эса бу вазиятдан моҳирона фойдаланиб қолиб, бир зум бўлса-да ҳаракатдан тўхташмади, оғзига сиққан нархни айтиб, бошқаларнинг мушкул вазиятидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишди.
Ҳа, кимдир иймон, кимдир ҳамён дардида юрибди. Аллоҳ ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Шунда бир-биримизга ёруғ юз билан қарай олсак бас.
Норбўта ҒОЗИЕВ
Манба: Huquq.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар