16:33 / 03.07.2020
2 849

Нима учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси барча давлат хизматчиларини қамраб олмади?

Нима учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси барча давлат хизматчиларини қамраб олмади?
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётганлигига, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалар ва замонавий эҳтиёжларга номувофиқлигига, қабул қилинаётган қарорлар сифатининг пастлигига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгиловчи тўғридан-тўғри таъсир кучига эга қонун мавжуд эмас.
Юқоридаги муаммоларни олдини олиш учун мамлакатимизда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис
Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьяларга татбиқ этилмайди. Ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа, давлат хавфсизлиги органларида, дипломатик, божхона, солиқ ва қутқарув хизматида хизмат ўтаётган давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Ҳўш, нима учун қонун лойиҳаси барча давлат хизматчиларини қамраб олмайди? Буни бир қанча сабаблари бор.

Биринчидан, мазкур давлат хизматчиларининг аксарияти сайланадиган ҳизматчилардир. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра тегишли тартибда сайлов асосида лавозимига сайланади. Қонун лойиҳасида эса давлат фуқаролик хизматчилари эса алоҳида тартибда лавозимга келади. Жумладан, ушбу давлат хизматчилари танлов асосида саралаб олинади. Танловни ўтказиш меритократия, очиқлик ва мустақиллик принциплари асосида амалга оширилади. Танловни ўтказишда номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеи бўйича камситишларга йўл қўйилмайди.

Бўш давлат лавозимлари тўғрисида ахборот «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органи расмий веб-сайтида автоматик тарзда нашр этилади, шунингдек давлат органи ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида, ижтимоий тармоқлар, мессенджерларда ва даврий босма нашрларда ҳам жойлаштирилиши мумкин. Кўриниб турибдики Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий мажлис депутатлари ва бошқаларга мазкур тартиботни қўллаб бўлмайди.

Иккинчидан, давлат лавозимларининг гуруҳ ва категорияларга бўлишни сайланадиган давлат хизматчиларига татбиқ этиб бўлмайди. Қонун лойиҳасига кўра давлат фуқаролик ҳизматчилари “А”, “В” ва “С” гуруҳларга бўлиш назарда тутилмоқда.

Учинчидан, давлат фуқаролик хизматчиларининг ротацияси тизимини Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис

Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман)ларга қўллаб бўлмайди. Қонун лойиҳасига кўра, давлат фуқаролик хизматчиларининг ротацияси давлат фуқаролик
хизмати самарадорлигини ошириш ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида давлат фуқаролик хизматчисини бошқа давлат лавозимига
ўтказиш ёки бошқа давлат органи ва ташкилотининг давлат лавозимига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Тўртинчидан, давлат фуқаролик хизматини тугатиш асослари ҳам сайланадиган давлат хизматчиларига тадбиқ этилмайди. Мисол,Олий Мажлис депутатлари учун алоҳида чақириб олиш тартиби мавжуд.

Бугунги кунда айрим ижтимоий тармоқларда мазкур қонун лойиҳасининг коррупцияга қарши курашишга оид қисмлари эътирозга сабаб бўлмоқда. Жумладан, давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилишга оид нормаси сайланадиган давлат ҳизматчиларига татбиқ этилмаслиги асосий муҳокама мавзусига айланди. Албатта мазкур эътирозлар ўринли. Лекин, ушбу масала “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси асосида ҳал этилиши ноўрин.

Сабаби юқорида таъкидланганидек ушбу қонун лойиҳаси сайланадиган давлат ҳизматчиларига тадбиқ этилмайди. Муаммони бошқа қонун ҳужжати ишлаб чиқиб ҳал этилиши лозим. Бу борада алоҳида қонун ҳужжати ишлаб чиқиляпганлиги таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий мақсадларидан бири ҳам шундан иборат.

Ҳорижий мамлакатларда ҳам давлат ҳизматчиларининг туркумларга бўлиш амалиёти мавжуд. Жумладан, Францияда барча давлат хизматчилари икки катта туркумга бўлинади. Булардан биринчисини давлат маъмурияти, шунингдек маҳаллий ҳамжамоалар ва оммавий муассасаларнинг фуқаролик хизматчилари (шу жумладан ўқитувчилар ва шифокорлар) ташкил этади; иккинчи гуруҳ ҳарбий хизматчилар, судлар ва парламент ходимларидир.

АҚШда эса давлат ҳизматини “ҳукумат ҳизмати” ва “фуқаролик ҳизмати” каби туркумларга бўлиш амалиёти мавжуд.
Буюк Британия давлат хизмати асосига қўйилган сиёсатдан давлат бошқарувини ажратиш тамойилига мувофиқ давлатнинг барча мансабдор шахслари икки асосий туркумга: ҳукумат истеъфога кетиши билан алмашадиган сиёсатчилар ҳамда бошқа маъмурий органлардан мустақил бўлган Фуқаролик хизмати комиссияси томонидан доимий ишга ёлланадиган касбий маъмурларга бўлинади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қонун ижодкорлиги ва ҳорижий мамлакатлар тажрибаси нуқтаи назардан тўғри ишлаб чиқилган.

Артиков Дилмурод Рахматиллаевич
ТДЮУ катта ўқитувчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нима учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси барча давлат хизматчиларини қамраб олмади?