19:47 / 10.07.2020
1 898

Фуқаронинг ўз уйини сотишидан олган даромади солиққа тортилиши керакми? Қонун, таҳлил ва таклифлар

Фуқаронинг ўз уйини сотишидан олган даромади солиққа тортилиши керакми? Қонун, таҳлил ва таклифлар
Фото: iStock
Уй-жой – аксарият фуқароларимиз учун асосий, айрим ҳолларда эса ягона мулк ва сармоядир. Бирор зарурат туфайли ўз уйларини сотган тақдирда ҳам, кишилар унинг ўрнига имкон қадар тезроқ бошқа уй сотиб олишга ҳаракат қилишади.

Сўнгги пайтларда айрим фуқаролар ўз уйларини сотганларидан сўнг орадан бироз вақт ўтиб, солиқ идорасидан уйни сотишдан тушган даромад бўйича солиқ тўлаши кераклиги тўғрисида талабнома келаётганини билдиришмоқда.

Кўп ҳолларда бу солиқ суммаси бир неча миллион сўмни ташкил этиб, бу ҳол солиқ тўловчиларни қийин аҳволга ҳам солиб қўймоқда. Хўш...

– Фуқаронинг ўз мулки бўлмиш уйини сотиши натижасида олган даромади солиққа тортилиши керакми? Тортилганда ҳам, бундай даромад айнан қайси ҳолларда солиққа тортилади?
– Ўз уйини сотишни режалаштираётган фуқаро бу борада нималарни билиши зарур?
– Ушбу солиқ тури ижроси бўйича амалиёт қандай ва мазкур амалиётда қандай камчиликларга йўл қўйилмоқда?

Қуйида шу саволларга мутахассис сифатида жавоб беришга, фуқароларимизнинг солиқ саводхонлигини оширишга бироз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз.

Барчага тушунарли бўлиши учун қонундаги «жисмоний шахс» сўзи ўрнига «фуқаро», «кўчмас мулк» сўзи ўрнига «уй», «реализация» сўзи ўрнига «сотиш», «кодекс» сўзи ўрнига эса «қонун» сўзларини қўллашга уринамиз.

Уйни сотишдан олинадиган даромад қайси ҳолатларда солиққа тортилади?

Тасаввур қилинг, уйингиз бор. Сиз уни бир пайтлар 100 миллион сўмга сотиб олгансиз. Уйнинг кадастр ҳужжатидаги қиймати эса 20 миллион сўмни ташкил этади. Нимадир сабаб бўлди-ю, сиз уйингизни 300 миллион сўмга сотдингиз. Назарий ва қонун нуқтайи назаридан ушбу уйнинг сотиб олинган нарxи ва сотилган нарxи ўртасидаги фарқ, яъни 200 миллион сўм (300 миллион – 100 миллион = 200 миллион) уйни сотишдан олинган даромад ҳисобланади.

Бироқ фуқаронинг ўз эгалигидаги уйини сотиши натижасида юзага келадиган даромад ҳар доим ҳам солиққа тортилавермайди.
Яъни бу даромад фақат айрим ҳоллардагина солиққа тортилади. Шунинг учун кишиларимиз бундай даромад айнан қайси ҳолатда солиққа тортилиши ҳақида тушунчага эга бўлишлари керак.

Амалдаги, яъни 2020 йил 1 январдан кучга кирган Солиқ кодексининг 375-моддасида белгиланган умумий қоидага кўра, фуқаронинг ўз мулкидаги уйни сотишдан олган даромади унинг мулкий даромади ҳисобланса-да, қонуннинг 378-моддасига кўра, ушбу даромад солиқдан озод этилган. Аммо солиқ қонунидаги бу умумий қоидага бир нечта истиснолар мавжуд.

Жумладан, агар фуқаро тасарруфидаги кўчмас мулк нотурар жой бўлса, даромад солиғига тортилади. Бундан ташқари, фуқаро ўз уйини сотилишидан аввал унга 36 ойдан (3 йилдан) кам муддат эгалик қилган бўлса, бундай уйни сотиш натижасида олинган даромад ҳам солиққа тортилади.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, фуқаро ўз уйини сотиши натижасида олган даромади солиқдан озод бўлишининг асосий шартлари қуйидагилардир:
– бу уйнинг хусусий мулк экани;
– турар жой экани;
– фуқаро уйни сотишдан аввал унга 36 ой эгалик қилгани.

Акс ҳолда, фуқаро уйни сотишдан тушган даромади қанчалиги аниқланади ва у 12 фоиз ставкада солиқ тўлайди.

Юқорида келтирган мисолимизда, агар фуқаро уйни сотишдан аввал унга 36 ойдан кам муддат эгалик қилган бўлса, даромад миқдори қандай ҳисобланига қараб у тахминан 24 миллион сўм даромад солиғи тўлашига тўғри келади.

Шу ўринда саволлар пайдо бўлади: фуқаро ўз мулкидаги уйни сотиши натижасида юзага келадиган даромад солиғидан озод қилиниши учун ўша уйда ўзи яшаган бўлиши шартми? Сотилган уй шахснинг иккинчи ёки учинчи уйи бўлса-чи?

Қонундаги энг асосий талаблардан бири бу – уй хусусий турар жой эканлигидир. Қонунда фуқаро унда яшаган ёки яшамагани, уй фуқаронинг нечанчи уйи экани ҳақида ҳеч қандай қоида мавжуд эмас. Қолаверса, солиқ қонунида турар жой ёки хусусий турар жой тушунчаларига таъриф берилмаган. Аммо Уй-жой кодекси 8-моддасига кўра, хусусий турар жой бу фуқароларнинг мулки бўлган яшаш учун мўлжалланган ҳар қандай уй ёки квартиралардир. Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, уй хусусий турар жой деб топилиши учун фуқаро унда ўзи яшаган ёки яшаётган бўлиши шарт эмас. Асосийси, мулк яшаш учун мўлжалланган бўлиши.

Нима учун фуқаро уйига 36 ойдан кам эгалик қилган бўлса, уни сотишдан тушган даромад солиққа тортилади?
Шу ўринда фуқароларда: «Нима учун айнан 36 ойдан кам эгалик қилинган уйларни сотишдан олинган даромадлар солиққа тортилади?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. Бу қоидадан кўзланган мақсад нима?

Қонундаги бу қоидадан мақсад – уй олди-сотди фаолияти билан шуғулланадиган, тез-тез уй олиб-сотиб, шу орқали даромад кўрадиган фуқароларнинг солиқдан қочишининг олдини олишдир.

«Фуқаро тез-тез уй олиб сотиб турадиган бўлса, бу фаолият моҳиятан унинг бизнеси ҳисобланади, бундай фаолият билан шуғулланадиган фуқаролар уйни яшаш учун ёки сармоя учун эмас, балки уни тезроқ сотиб, даромад кўриш мақсадида оладилар», деган мулоҳаза билан қабул қилинган мазкур қоида.

Бундан хулоса шуки, фуқаро ўз мулкидаги уйни сотишдан олган даромади солиқдан озод этилиши тўғрисидаги қоида уйни фақат яшаш ёки сармоя мақсадларида олган фуқаролар учун мўлжаллангандир. У уйни олиб-сотиб даромад кўришни истаганлар учун мўлжалланмаган.

Мутахассис сифатида давлатнинг оддий инсонларни ўз уйларини сотишдан тушган даромадларини солиқдан озод этиш сиёсати назарий ва амалий жиҳатдан ҳам тўғри деб баҳолаймиз. Чунки уйлар нархи вақт ўтган сари ошаётган бўлса, нархдаги бу ўсиш инфляция сабабли ҳам юз бераётган бўлиши мумкин. Агар уйнинг нархи ошган даврида иқтисодиётдаги бошқа товар ва хизматларнинг нархлари ҳам ўсган бўлса, уй нархининг кўтарилиши фуқаронинг бойиб бораётгани, унинг тўлов қоблияти ошаётганини англатмайди.

Айтилгандек, уй, товар ва хизматларнинг нархи шунчаки инфляция ҳисобига кўтарилаётган бўлиши мумкин. Шу туфайли уй нархидаги ўсишни ҳар доим ҳам том маънода даромад деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ривожланган давлатларнинг аксариятида фуқаро ўз мулкидаги уйини сотишдан олган даромади солиққа тортилмайди ёки қисман солиққа тортилади ёхуд фуқаро тасарруфидаги уй биттадан кўп бўлсагина солиққа тортилади.

Уйни сотишдан тушган даромадни солиққа тортиш тартиби аввал ҳам бўлганми?
Биз юқорида муҳокама қилган қоидаларнинг барчаси – 2020 йил 1 январдан бошлаб кучга кирган Солиқ кодекси қоидаларидир. Яъни бу қоидалар фуқароларнинг 2020 йилда ва келажакдаги уй олди-сотдиларига нисбатан амал қилади.

Фуқаронинг ўз мулкидаги уйни сотишдан тушган даромадни солиққа тортиш тартиби мамлакатимиз учун янгилик эмас. У аввалги Солиқ кодексида ҳам бўлган, фақат қоидалар бироз бошқача эди. Масалан, уйни сотишдан тушган даромад фуқаронинг мулкий даромадлари тури сифатида биринчи маротаба 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган Солиқ кодексида белгиланган. Лекин ушбу қонунда фуқаронинг ўз мулкидаги уйни сотишдан тушган даромади агар у уйни тадбиркорлик фаолияти доирасида сотиши натижасида олинган бўлмаса, бундай даромад солиқдан озод этилган.

Фақат 2011 йил 30 декабрга келиб, солиқ қонунига ўзгартириш киритилади ва унда жисмоний шаxс 12 ой давомида 2 мартадан ортиқ уй олди-сотди битими тузган тақдирда уларни сотишдан олинган даромад солиққа тортилиши белгиланди. Лекин орадан бир йил ўтиб, 2013 йил 25 декабрда қонундаги «икки мартадан ортиқ» жумласи «бир мартадан ортиқ» жумласига ўзгартирилади.

Шундай қилиб, 2014 йил 1 январдан бошлаб, фуқаро кетма-кет келадиган 12 ой (яъни бир йил) давомида 1 мартадан ортиқ уй олди-сотди битими тузган бўлса, ушбу уйларни сотишдан тушган даромад солиққа тортилиши қонунда белгиланди. Ушбу қонун 2019 йил охиригача амалда бўлди. Бунда қонун фуқаро бир йилда 1 мартадан кўп уй сотган бўлса, бу фаолияти унинг даромад манбайи бўлиши эҳтимоли катта, деган эҳтимолни илгари суради. Лекин тез-тез уй олиб сотиб турадиган фуқаролар ушбу қоидани уйни ҳар сафар шунчаки бирор қариндоши ёки ишончли таниши номига олиш ва улар номидан сотиш орқали осонлик билан айланиб ўтишлари мумкин эди.

Шунинг учун ҳам 2020 йил 1 январдан кучга кирган қонунда бу қоидага ўзгартириш киритилди. Юқорида таъкидланганидек, эндиликда фуқаро уйга эгалик ҳуқуқини қўлга киритгандан сўнг уни 36 ой ичида сотган тақдирда ундан тушган даромад бўйича солиқ тўлайди. Бу дегани, эндиликда тез-тез уй олиб сотиб даромад кўрадиган фуқаролар томонидан уйни ўз қариндошлари ёки танишлари номига олишлари уни сотишдан тушган даромадни солиқдан озод бўлишига ёрдам бермайди. Чунки даромад солиқдан озод бўлиши учун уй кимнинг номига бўлишидан қатъий назар, 36 ой ўша фуқаронинг эгалигида турган бўлиши зарур.

Лекин янги Солиқ кодексидаги бу ўзгариш қонуннинг аввалги таҳриридаги камчилик (лазейка) энди бутунлай бартараф этилди, деган хулосани бермайди. Бу муаммо ҳали ҳам мавжуд ва унга қуйида алоҳида тўxталиб ўтамиз.

Шу ўринда қонундаги «уйга 36 ой эгалик қилиш» қоидаси «бегуноҳлар»ни, яъни қонун назарда тутмаган фуқароларнинг ҳам «қопқон»га тушиб қолишига олиб келиши мумкин.

Аслида, ушбу қоидадан мақсад бу – уйни яшаш ва сармоя мақсадларида сотиб олган фуқаролар билан уй олиб сотиб даромад кўрадиган фуқароларни ажратиб олиш ва уларга бошқача тартиб қўллаш, яъни уй олиб сотишдан даромад топишни касб қилиб олган фуқароларни бундай даромадлари бўйича солиққа тортиш.

Бироқ, фуқаро уйини 36 ой ичида сотиши ҳар доим ҳам у уй олиб сотиб даромад топади дегани эмас. Уйни олгандан сўнг уни 3 йил ичида зарурат туфайли сотиши мумкин булган оддий фуқаролар етарлича. Пул зарурати, уй ёқмай қолиши, каттароғига алмаштириш зарурати, бошқа жойга ишга кетиши ва ҳоказо.

Бу ҳолатда кишини солиққа тортиш қай даражада тўғри? Уй фуқаронинг ягона уйи бўлиш мумкин. Ягона уйини зарурат туфайли сотиши натижасида юзага келиб қолган бироз даромадини солиққа тортиш қай даражада тўғри?

Танганинг бошқа томони – бундай муддатларсиз уйни яшаш ва олди-сотди мақсадларида олган фуқароларни ажратиб олиш қийин.

Муддат белгилаб қуйилиши шу аниқликни беради. Қолаверса, 36 ой ичида уйнинг нархи жуда ошиб кетиб қолиш эҳтимоли ҳам жуда юқори эмас. Амалдаги солиқ ставкаси ҳам аввалги йиллардан анча паст, яъни 12 фоиз эканини ҳисобга оладиган бўлсак, даромаднинг тахминан 10/1 қисмига тўғри келади. Яъни солиқ миқдори даромадга нисбатан жуда катта бўлмайди.

Аммо буларнинг ҳеч бири уйни яшаш мақсадида олиб, зарурат туфайли сотган фуқаролар уйини сотиши натижасида юзага келиб қолган бироз фарқнинг солиққа тортилишини оқламайди.

Бизнингча, бу муаммонинг тўғри ечими – 36 ойлик муддатни бироз камайтириш. Муддатни балки 18-24 ой қилиб белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Уйни сотишдан тушган даромад қандай ҳисобланади?

Фуқаронинг уй сотишидан тушган даромадни ҳисоблаш бу – муҳим масалалардан бири. Амалдаги Солиқ кодексига кўра, даромад уйнинг ҳақиқий олинган суммаси ва ҳақиқий сотилган суммаси ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланaди. Ҳисобланган даромад суммаси кейин 12 фоиз ставкада солиққа тортилади.

Лекин ҳозирда солиқ амалиётида айрим ҳолларда уйнинг кадастр ҳужжатидаги қиймат ва олди-сотди шартномасидаги қиймат ўртасидаги (ижобий) фарқ даромад деб ҳисобланмоқда. Буни яна юқоридаги мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Фуқаро уйни 100 миллион сўмга сотиб олган, лекин уйнинг кадастр ҳужжатидаги қиймати 20 миллион сўмни ташкил этади. Уй 300 миллион сўмга сотилди. Бу ҳолатда амалиётда фуқаронинг мулкий даромадини 280 миллион сўм, яъни уй сотилган суммани уйнинг кадастр қийматидан ошган қисми сифатида ҳисоблаш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу амалиёт бироз муаммоли.

Хўш, солиқ қонунига кўра, даромадни уйнинг кадастр ҳужжатидаги қиймати ва уни сотилган суммаси ўртасидаги фарқдан ҳисоблаш керакми ёки уйнинг ҳақиқий олинган суммаси ва сотилган суммаси ўртасидаги фарқданми?

Яъни юқоридаги мисолда уйни сотишдан олинган даромад 280 миллион сўмми (300 миллион – 20 миллион = 280 миллион) ёки 200 миллион сўмми (300 миллион – 100 миллион = 200 миллион)?

Амалдаги Солиқ кодексининг 375-моддаси 4-бандига кўра, фуқаронинг ўз эгалигидаги уйни сотишдан олган даромади миқдори умумий қоида тариқасида уйни сотилган «суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида» аниқланади. Хўш, уйнинг ҳужжатлар билан тасдиқланган олиш қиймати қаерда бўлади?

Бу – уй олди-сотди шартномасида қайд этилган олиш қийматдир. Яъни қонун юқоридаги қоида билан уйнинг олиш қиймати сифатида унинг олди-сотди шартномасида кўрсатилган уйни олувчи ва сотувчиси ўзаро келишган нархга ишора қилмоқда.

Уйнинг кадастр қиймати уйнинг олиш қиймати билан боғлиқ эмас. Kадастр қиймати уйнинг шунчаки ашёвий баҳоси холос.

Бундан ташқари, уйнинг кадастр қиймати одатда унинг ҳақиқий нархидан анча паст юради. Бундай ҳолатларда даромадни уйнинг кадастр ҳужжатидаги қиймат ва олди-сотди шартномасидаги қиймат ўртасидаги фарқ сифатида олиниши фуқаронинг даромади ҳақиқатдан анча юқори кўрсатилишга сабаб бўлади.

Бу амалиёт даромад бўлмаган суммани даромад деб топилишига ва бир даромад икки маротаба солиққа тортилишига олиб келади.

Агар фуқаро уйни сотиб олишда унга кадастр қийматидан анча юқори сумма тўлаган бўлса, даромадни қайси асосда уйнинг кадастр қийматидан ҳисоблаш мумкин? Қолаверса, назарий жиҳатдан ҳам даромад бу – тушумдан (яъни уйни сотилган суммасидан) харажатни (яъни фуқаро уй учун тўлаган суммани) айириб ташлагандан сўнг қолган қийматдир.

Айрим солиқ амалиётчиларининг фикрича, даромад миқдорини уй олди-сотди шартномасида олувчи ва сотувчи келишадиган нархга боғлаб қўйиш фуқаролар томонидан уйнинг хақиқий нархини шартномада сунъий равишда кам кўрсатиш ҳолатларига олиб келиши мумкин. Сабаби – уйнинг олди-сотди шартномасидаги нарх фуқароларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади.

Мутахассис дўстларимизнинг бу хавотирларида жон бор. Лекин даромадни уйнинг кадастр ҳужжатидаги қийматдан ҳисоблаш ушбу муаммога ечим бўла олмайди. Чунки уйнинг кадастр қиймати даромадни ҳисоблашда фойдаланилаётган иккита қийматнинг фақат биттаси холос.

Даромад миқдорини белгилашда яна бир омил мавжуд – бу уйнинг сотилаётган нархидир. Даромад кадастр қийматидан ҳисобланган тақдирда ҳам, уйини сотаётган фуқаро солиқни камайтириш учун уйнинг сотилаётган нархини шартномада сунъий равишда пасайтириш орқали ҳам мақсадига эришишга интилиши мумкин. Қарабсизки, қонун барибир кўзлаган натижага эришиб олмайди.

Унда қандай қилиб фуқаролар томонидан уйни шартномада ҳақиқий нархини кўрсатишга, уй нархини сунъий равишда камайтириб кўрсатмасликка ундаш мумкин? Бунга фуқароларга қонунни тушунтириш ва уни тўғри ижро этиш орқали эришиш мумкин.

Масалан, уй сотаётган оддий фуқаро учун уй сотилган нархни шартномада сунъийлаштиришга кўп ҳам эҳтиёж йўқ, чунки у уйни 36 ой ичида олган ёки сотган бўлмаса, унинг уйни сотишдан тушган даромади шундоқ ҳам солиққа тортилмайди. Cотиб олувчи фуқаро эса аксарият ҳолларда уйни дарҳол сотиш мақсадида эмас, балки унда яшаш ёки сармоя мақсадида олади. Уй сармояси бу одатда уйни олиб унга узоқ муддат эгалик қилишдир.

Уй нархини пасайтириб кўрсатиш сотиб олаётган фуқарога кейинчалик зиён келтириши мумкин. Зеро бу ҳолат уни кейинчалик уйни сотаётганда кўпроқ солиқ тўлашига олиб келиши мумкин. Буни мисол тариқасида тушунтирамиз.

Тасаввур қилинг, фуқаро 300 миллион сўмга уй олди, лекин сотувчи илтимосига кўра, уй нархини шартномада 200 миллион сифатида курсатишга рози бўлди. Фуқаро уйни олиб унда яшай бошлади, лекин 2 йиллар чамаси ўтгандан сўнг пул зарур бўлгани туфайли уйни 320 миллион сўмга сотди. Қарабсизки фуқаронинг уйни сотишдан тушган даромади 120 миллион сўм (320 миллион – 200 миллион = 120 миллион) ва у ушбу суммадан солиқ тўлашига тўғри келади.

Аслида эса фуқаронинг уйни сотишдан олган ҳақиқий даромади 20 миллион холос. Шунинг учун ҳам уй сотиб олувчи фуқаролар олди-сотди шартномасида уйнинг ҳақиқий нархини кўрсатишлари муҳим.

Бундан ташқари, амалдаги Солиқ кодексининг 14-моддасида янги қоида киритилган. Унга кўра, солиқ органи зарурат туғилса фуқародан кейинчалик олди-сотди шартномасидаги нарх ҳақиқийлигини асослаб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар фуқаро нарх ҳақиқийлигини асослаб бера олмаса, солиқ идораси солиқ солиш мақсадида шартномада кўрсатилган нархни ҳақиқий нархга ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Солиқ қонунидаги бу қоида қонунга яқинда киритилган бўлиб, буни кўп фуқароларимиз ҳали билмайди. Уларга буни шартномани расмийлаштираётган нотариус томонидан тўлиқ тушунтирилиши мақсадга мувофиқ. Бу тушунтиришлар фуқаролар томонидан нархни сунъийлаштириш эҳтимолини анча камайтиради.

Тўғри, уйнинг кадастр қийматидан ҳам уни сотишдан тушган даромадни белгилашда фойдаланиш мумкин. Лекин солиқ қонунининг 375-моддаси 4-бандига кўра, бунга фақат уйнинг олиш қийматини ҳужжатлар билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирдагина йўл қўйилади. Бундай ҳолатни одатда уй фуқарога дастлаб мерос тариқасида ёки ҳадя сифатида ўтган ҳолатларда кузатиш мумкин. Чунки бундай ҳолатларда одатда уйни олиш қийматини ҳужжатлар билан исботлаш имкони бўлмайди.

Юқоридагиларга кўра, умумий ҳолатларда фуқаронинг уй сотишдан тушган даромадини уйнинг ҳақиқий олинган суммаси ва сотилган суммаси ўртасидаги фарқдан ҳисоблаш қонун, назарий ва амалий жиҳатдан тўғри йўлдир.

Солиқ кодексини орқага қайтиб қўллаш мумкинми?
Мақоланинг бу қисмида 2019 йилгача амалда бўлган Солиқ кодексидаги бир долзарб муаммо бўйича мулоҳаза қилмоқчимиз. Ҳозирда 2019 йилда 12 ой давомида 1 мартадан ортиқ уй сотган фуқароларга солиқ идорасидан даромад солиғини тўлаш тўғрисида талабнома келиб тушмоқда. Бундай фуқароларга нисбатан юқорида таъкидланган 2019 йил оҳиригача амалда бўлган эски Солиқ кодекси қоидалари қўлланилмоқда.

Бу – ҳуқуқий жиҳатдан тўғри. Чунки битим ва муносабатлар у тузилган ва амалга оширилган пайтда кучда бўлган қонун билан тартибга солинади. Буни солиқ қонунини вақт бўйича амал қилиш тамойили деб аталади.

Солиқ қонунидаги муҳим тамойиллардан яна бири бу – солиқ қонунининг орқага қайтиб амал қилмаслик тамойилидир. Масалан, бир даромад тури янги қонун қабул қилингунга қадар солиққа тортилмаган ва ушбу даромад турини солиққа тортилиши янги қонунга киритилган булса, фуқаронинг фақат янги солиқ қонуни амалга киритилгандан сўнг топган шу турдаги даромади солиққа тортилади. Шу нуқтайи назардан, ҳозирда Солиқ кодексини қўллаш амалиётида муаммо борлигини кузатишимиз мумкин.

Тасаввур қилинг, сиз ўша юқорида келтирган мисолдаги уйни 2000 йилда 100 миллион сўмга сотиб олгансиз. Уйнинг кадастр қиймати – 20 миллион сўм. Нимадир зарурат бўлди-ю, сиз уйни 2019 йилда 300 миллион сўмга сотдингиз. Ўша йилда зарурат туфайли квартирангизни ҳам сотиб янгилаб олишингизга тўғри келди. Хуллас, бир йил давомида бир мартадан кўп уй олди-сотди шартномасига киришганингиз туфайли, энди ушбу уйларни сотишдан тушган даромадлар бўйича солиқ тўлашга мажбурсиз.

Лекин, муаммо шундаки, солиқ амалиётида айрим ҳолларда фуқаронинг даромадини уй олинган ва уй сотилган нархлар ўртасидаги фарқ асосида ҳисобланмоқда. Ваҳоланки, фуқаронинг ўз мулкидаги турар жойни сотишдан тушган даромадни солиққа тортиш бўйича қоида қонунга 2008 йил январдан бошлаб киритилган. Яъни 2008 йилга қадар фуқаронинг ўз мулкидаги уйни сотишдан тушган даромад солиқ қонунида унинг даромадлари тоифасига киритилмаган.

Бундан ташқари, юқорида таъкидлаганимиздек, 12 ой давомида 2 мартадан ортиқ уй олди-сотди битими тузган тақдирда, уларни сотишдан олинган даромад солиққа тортилиши 2012 йил январдан, 1 мартадан кўп уй олди-сотди қилган фуқаронинг сотишдан тушган даромадларини солиққа тортиш тўғрисидаги қоида эса фақат 2014 йил январдан бошлаб амал қила бошлаган.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: агар ушбу даромадни солиққа тортиш бўйича тегишли қоида мазкур йилларда кучга кирган бўлса, сиз сотган уйнинг қийматидаги ўша йилларгача бўлган даврдаги ўсишни солиққа тортиш мумкинми? Агар бу амалиётга йўл қўйилса, солиқ қонуни орқага қараб қўлланилаётгани ва қонунга кучга кирмаган даврдаги даромадга нисбатан қўлланилаётганини англатмайдими? Бу амалиётни фуқаронинг 1995 йилдаги даромадини 2020 йилда кучга кирган солиқ қонун билан солиққа тортишга тенглаштириш мумкин.

Хўш, агар уй тегишли қоидалар қабул қилинишдан аввал сотиб олинган бўлса, фуқаронинг ўша уйни сотишдан олган даромадини солиқ қонунини орқага қайтиб қўлламаган ҳолда қандай ҳисоблаш мумкин?

Бизнингча, агар уй юқоридаги мисолда кўрсатилганидек 2000 йилда олинган ва 2019 йилда сотилган бўлса, уйни сотишдан тушган умумий даромадни фуқаро уйга эгалик қилган йиллар сонига бўлиб юборилади (200,000,000 / 19 = 10,526,316). Шунда умумий даромаднинг бир йил учун тақсимланган қиймати чиқади. Энди ушбу суммани тегишли қоида қонунга киритилган йилдан бошлаб фуқаро уйни сотган пайтгача бўлган даврдаги йиллар миқдорига кўпайтирилади (5 x 10,526,316 = 52,631,580). Ушбу сумма энди қонунда белгиланган ставка асосида солиққа тортилади (12% * 52,631,580 = 6,315,790). Натижада, ҳисобланган даромад эндиликда фақат қонун кучга кирган пайтдан уй сотилган пайтгача бўлган даврдаги даромаднигина қамраб олади.

Шуни таъкидлаш жоизки даромадни ҳисоблашда қонун орқага қайтиб қўллаш муаммоси ҳозирда фақат 2019 ва аввалги йилларда сотилган уйлардан олинган даромадларни ҳисоблашда кузатилмоқда. Тегишли қоидалар 2020 йил январдан ўзгаргани туфайли у муаммо 2020 ва ундан кейинги йилларда сотиладиган уйлардан олинган даромадларни ҳисоблашда келиб чиқмайди.

Тавсиялар
– Уй олганда ва сотганда олди-сотди шартномасида уйнинг хақиқий нархини кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Фуқаро харидор сифатида ҳам, сотувчи сифатида ҳам агар уйни сотишдан аввал унга 36 йилдан кам бўлмаган муддат эгалик қилган бўлса ва cотиб олувчи ҳам шу ниятда бўлса, уйни сотишдан тушган даромад солиққа тортилмайди. Қонундаги бу қоидани кенг оммага тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ.

– Солиқ идораси томонидан мулкий даромадни ҳисоблашда унинг кадастр қиймати ва сотиш қиймати ўртасидаги фарқдан ҳисоблаш амалиётига йўл қўймаслик лозим. Даромадни уйнинг олинган ва сотилган пайтдаги ҳақиқий нархлари ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ.

– 2019 йил давомида бир мартадан кўп уй олди-сотди қилган фуқаронинг уйини сотишдан тушган даромадларини ҳисоблашда солиқ қонунини орқага қайтиб қўллаш амалиётига йўл қўймаслик зарур. Яъни фуқароларнинг уй сотишдан тушган даромадларини ҳисоблашда умумий даромаднинг фақат тегишли солиқ қонунига қиритилган вақтдан бошлаб то уй сотилган давр мобайнидаги қисминигина солиққа тортиш мақсадга мувофиқ.

Вохид Ўринов, PhD
солиқ ҳуқуқи бўйича Канаданинг Макгилл университети докторанти

Ихтиёржон Турабоев, PhD
солиқ ҳуқуқи бўйича Тошкент давлат юридик университети докторанти

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фуқаронинг ўз уйини сотишидан олган даромади солиққа тортилиши керакми? Қонун, таҳлил ва таклифлар