Сўнгги кунларда Украина ва Россия ўртасидаги жанглар фронтидаги энг долзарб нуқта – Донецк областидаги Покровск йўналиши яна марказга чиқди. Украинадаги бир нечта манбаларнинг ёзишича, Россия қуролли кучлари Доброполе шаҳри атрофида украин мудофаасини ёриб ўтган ва Краматорск ҳамда Словянск томон илгарилаган. Бироқ бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан ҳали тасдиқланмаган, шунингдек, интернетда бундай чуқур илгарилашни аниқ кўрсатувчи видеоёзувлар пайдо бўлмаган.
OSINT таҳлилчилари ва майдондаги вазият
Украина мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган DeepState OSINT лойиҳаси маълумотига кўра, россиялик қўшинлар Покровскнинг шимолида 8–10 километрга илгарилаб, Кучеров Яр ва Золотой Колодец қишлоқларига етиб борган. Улар бу ерда куч тўплаб, кейинги ҳаракат учун позиция тайёрламоқда. Шунингдек, Веселое қишлоғига ўтган кичик гуруҳлар ҳам қайд этилган. Россия армияси Доброполе–Краматорск трассаси бўйлаб Нововодяное ва Петровка қишлоқларида мустаҳкамланишга ҳаракат қилмоқда.
DeepState таҳлилчиларига кўра, россияликлар украин қуролли кучлари қурган муҳандислик тўсиқларини айланиб ўтиб, кейин уларни ўз мудофааси учун ишлатмоқда. Агар Золотой Колодец, Кучеров Яр, Веселое ва яқин атрофдаги қишлоқлар қўлга киритилса, Доброполе Покровскдан олдинроқ қулаши мумкин.
Халқаро таҳлил ва қўшимча маълумотлар
Финляндиялик ҳарбий таҳлилчи Паси Паройненнинг таъкидлашича, 9–11 август кунлари РФ қўшинлари украин мудофаасига тахминан 17 километр чуқур кирган. Ҳатто айрим манбалар Россия гуруҳлари Доброполе чеккасига кирганини ҳам айтишмоқда.
“Украинская правда”нинг ёзишича, май ойидан бошлаб июл охиригача бўлган ҳаракатлар Покровск–Константиновка трассаси узилиши хавфини кучайтирган. Бу йўл шаҳар учун асосий таъминот йўналиши ҳисобланади, аммо июнда Россия дронлари ҳужуми сабабли фуқаролар ҳаракати учун ёпилган эди.
Украина томонидан баёнотлар
Украина қуролли кучлари “Днепр” гуруҳи Россия армияси кичик гуруҳларга бўлиниб, биринчи мудофаа чизиғини бузишга уринаётганини айтди. Бироқ улар ҳудудлар тўлиқ назоратга ўтмаганини таъкидлади. “Азов” бўлинмалари эса Покровске яқин йўлларда мудофаа чизиғини мустаҳкамлаганини маълум қилди.
“Азов” собиқ қўмондони Богдан Кротевич президент Зеленскийга мурожаат қилиб, вазиятнинг жуда оғирлигини айтди. Унинг фикрича, украин қўмондонлигидаги хатолар ва кучлар етишмовчилиги рус қўшинларининг тез илгарилашига сабаб бўлмоқда.
Россиядаги баҳолар
Россиядаги Z-каналлар Доброполе йўналишида диверсия ва разведка гуруҳлари ҳаракатланаётганини айтишмоқда, аммо ҳозирча кенг кўламли муваффақият ҳақида аниқ далил йўқ. Сиёсатшунос Сергей Марков бу ёриб киришни Путин ва Трамп музокаралари арафасидаги “сувенир” деб атади.
15 август куни Аляскада бўлиб ўтадиган саммитда Трамп ва Путин Украина можаросини муҳокама қилади. Айрим ОАВ маълумотларига кўра, Путин Донецкнинг украин назоратидаги қисмини ҳам олишни хоҳлаётган, аммо Херсон ва Запорижжянинг босиб олинган ҳудудларини қайтариш нияти йўқ. Зеленский эса ҳеч қандай ҳудуд берилишига рози эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!