22:00 / 25.08.2020
3 402

Хом анорнинг "шира"си

Хом анорнинг "шира"си
Бугун куни бўйи Beeline уяли алоқа компаниясининг интернет хизмати яхши ишламаганлиги важидан менинг online тизимдаги ишларим бироз тўхтаб қолди ҳамда одатдагидан кўра кўпроқ бўш вақтим ортиб қолганлиги туфайли, бундан тахминан йигирма йил муқаддам бўлиб ўтган ва мени хар сафар йилнинг мана шу палласида, яъни август ойининг боғимиздаги анорлар пишиб етилиш арафасидаги сўнгги кунларида ёдимга тушиб, тўлқинлантирадиган бир воқеани ёзишга киришдим.

Ўшанда хам худди ҳозиргидек ёзнинг охирги кунлари, анорлар дона-дона бўлиб етилиб қолган, аммо нозик шохларда сал қолса узилиб кетгудай осилиб турган бу йирик меваларга табиат ҳали ранг бериб улгурмаган, яъни улар батамом пишмаган, халқ тили билан айтганда, ҳали тарс ёрилмаган дамлар эди. Биз Бибинор момо деган онахон билан қўшни яшардик. Ҳовлиларимиз ўртасидаги суронли йиллар маҳв этган пастак деворни ҳисобга олмаганда, боғларимиз ўзаро бирлашиб кетган эди. Август охирларида томорқамиз адоғидаги бедапояда беда ўраётган эдим. Шу пайт қўшни боғдан ғала-ғовур овозлар эшитилди.

Англашимча, бу товушлар Бибинор момонинг неваралари билан суҳбати эди. Кейинчалик билишимча, момонинг шаҳарда «дом»да турадиган ўғли бутун оиласи билан онасини кўргани келган экан. Неваралар шу тобда бувисидан анор қисташарди. Болажонлар бувисининг боғидаги қуёш нурларида кўзни қамаштиргудай бўлиб ялтираб турган анорларга маҳлиё бўлишиб, сўлаклари оқишар, бувисига қўярдан-қўймай анор деб хархаша қилишарди. Бувиси ҳам уларни узоқ куттирмади ва невараларига қарата: "Майли, болаларим, битта каттасидан узиб олиб, ҳаммаларинг бўлишиб женглар!" — деди. Қўлимдаги ўроғим тўхтаб қолди. Бувининг гапидан энсам қотди. Ахир, анор ҳали пишмаган эди-да!

Болалар эса бу орада анор дарахтининг шохларидан бир дона анорни шоша-пиша узиб олганча ортларидан жилмайиб қараб қолган бувисини боғда қолдириб, қий-чув билан уйга кириб кетишди ва ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди. Орадан чамаси беш дақиқага яқин вақт ўтиб, болалар кириб кетган уйларидан чуввос солиб қайтиб чиқишди ва тағин ҳали боғда куймаланиб юрган бувисининг ёнига югуриб келишди: "Буви, бизни алдабсиз! Анор ҳали оппоқ экан, у қизариб пишмаган экан"ку!" — дейишди.

Шунда Бибинор момо невараларининг ҳам, нураган девор ортида воқеа ривожига синчковлиги ошиб, қўшни бувининг нима дейишига қизиқиб, қулоқларини динг қилиб турган каминанинг ҳам ёдида бутун умр қолган ва келгусида фарзандларим учун тарбиявий услубимнинг марказий ғоясини белгилаб берган қуйидаги жумлаларни баён этди: "Болаларим, мен айтганим билан ишонмас эдингиз! Бувим биздан битта анорни қизғанди, дея ўпкалар эдингиз. Мана энди бундан кейин мен қачон анор пишган, уни узиб ейишларинг мумкин десам, ўшанда анор ростдан ҳам пишган бўлади ва сизлар энди бутун умр менга ишонасизлар!"

Мен момонинг тактикасига қойил қолдим. Чунки ўн нафар момодан тўққиз нафари "Йўқ, болам, ҳали анор пишгани йўқ", деса керак. Эҳтимол, 100 нафардан тўқсон тўққиз нафари.

Мен ўша воқеадан кейин фарзандларимга ҳеч қачон "Йўқ!" деган сўзни ишлатмадим. Фақат маслаҳатлар бердим, тушунтирдим. Улар амалга оширмоқчи бўлган ҳар бир ҳаракатининг юзага келиши мумкин бўлган оқибатини изоҳладим. Яъни фарзандларимнинг болалигида уларга ота бўлдим, ўсмир ёшида эса уларга дўст тутиндим. Улғайгач, ҳамфикр бўлдим. Натижада фарзандларим менга доимо сирдош бўлдилар. Мендан ўз ички кечинмаларини асло пинҳон тутишмади. Чунки улар менга золим ота эмас, уларни ҳар қандай вазиятда хам тушунадиган маслаҳатгўй деб қарашди ва бундан доим мамнун бўлишди. Мен эса Бибинор момодай файласуф инсон билан қўшни бўлганлигимдан мамнун эдим.

Ўтган йили август ойида момонинг боғидаги анор тагида шолча устида урчуқ йигираётганлигига кўзим тушганди. Шафқатсиз йиллар момонинг елкаларини ҳаёт зарбалари билан букиб, юзларига ажин тўрларини солиб ташлаган, бояқиш урчуқни ҳаминқадар айлантириб, неларнидир минғирлаб, хиргойи қиларди. Эҳтимол, онахон яна қайсидир ҳаёт фалсафасини ўзича қўшиқ қилиб куйлаётган эди?! Қиш ойларига келиб эса момонинг дафн маросимида қатнашдим...

Ҳозир яна август палласи. Бугун томорқамиздаги бедазорда ўғлим хафсала билан беда ўрмоқда. Уни кузата туриб беихтиёр қўшни боғга қарайман. Анор дарахти виқор билан ўзининг шохларида лопиллаб осилиб турган анорларини кўз-кўз қилади. Дарахт тагидаги шолча устида эски урчуқ юмалаб ётар, боғаро дайдиб юрган телба шамол эса гўё қилаётган бошқа иши йўқдек уни у ёндан бу ёнга тебратиб ўйнар эди.

Анвар Холмўминов,
Бибинор момонинг қўшниси.
Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Гувалак қишлоғи.​
22 август, 2020 йил.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хом анорнинг "шира"си