date

Исроил ва Ҳусийлар ўртасидаги ўт очиш яна кучайди

Исроил ва Ҳусийлар ўртасидаги ўт очиш яна кучайди

10 сентябрь куни Исроил қуролли кучлари Яман пойтахти Сано ҳамда мамлакатнинг шимолида жойлашган ал-Жавф вилоятига ҳаводан зарбалар берди. Исроил армияси бу ҳужумлар асосан ҳарбий лагерлар, ҳусийлар «тарғибот» бошқармаси штаби ва ёнилғи омборига қаратилганини таъкидлади. Бироқ ҳусийлар томони бу маълумотни рад этиб, зарбалар фуқаролик инфратузилмаларига йўналтирилганини билдирди.

Reuters ёзганидек, мазкур ҳаво ҳужумлари Ғазода давом этаётган можаро оқибатида Исроил ва ҳусийлар ўртасидаги қарши ҳужумлар силсиласининг навбатдаги босқичига айланди. Исроил томони ўз баёнотида: «Бу зарбалар Исроилга қарши ҳусийлар режими томонидан амалга оширилган ҳужумларга жавоб сифатида ташкил этилди. Ўша вақтда дронлар ва ер-ер ракеталари Исроил ҳудудига йўналтирилган эди», — дея маълум қилди.

Шу билан бирга, ҳусийлар вакиллари Исроилнинг ҳарбий объектларни нишонга олгани ҳақидаги баёнотларни инкор қилди. «Ҳақиқатда зарбалар соф фуқаролик иншоотларига йўналтирилган. Жумладан, икки газета таҳририятига ҳам зарба берилди. Журналистлар ва оддий йўловчилар ҳалок бўлди, кўплаб одамлар жароҳат олди», — деди улар. Бироқ аниқ рақамлар тақдим этилмади.

Сано аҳолисининг айтишича, ҳужумлар икки тоғ орасида жойлашган ва қўмондонлик маркази сифатида фойдаланиладиган ҳудудга қаратилган. Гувоҳлар эса Исроил зарбалари Ҳусийлар мудофаа вазирлигини ҳам нишонга олганини қайд этди.

Ямандаги Ҳусийлар соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида 35 киши нобуд бўлган, яна 131 киши турли даражада жароҳатланган.

Эрон кўмагида ҳаракат қилаётган ҳусий кучлари сўнгги йилларда Қизил денгиздаги тижорат кемалари ва Исроил ҳудудига қарши ҳужумларини кучайтирган. Улар буни Ғазодаги фаластинликларга бирдамлик рамзи сифатида талқин қилади. Исроил эса жавобан Ямандаги ҳусийлар назоратидаги ҳудудларга, жумладан стратегик аҳамиятга эга Ҳудайда портига мунтазам зарбалар бериб келмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил ва Ҳусийлар ўртасидаги ўт очиш яна кучайди