19:30 / 13.09.2020
2 429

Бapaкa инcoфдa

Бapaкa инcoфдa
Яқинда юз берган бир воқеа ёдга тушди. «Чорсу» бозоридан рўзғор учун ул-бул харид қилиб, бекат томон юрдим. Уч-тўрт қадам юрмасимдан битта «Ласетти» шундоқ ёнгинамда тўхтади. Бирор танишмикан десам, бегона йигит.

Олд ойнани тушириб, «Қаёққа?» деб сўраган эди, «Халқлар дўстлиги» майдонига, 5 минг» дедиму, «Яхши етиб олинг!» деган жавобни эшитдим. Четдан қараганда «Яхши етиб олинг!» қўпол гап эмас, аммо ҳамма гап унинг қай оҳангда айтилишида. Бунинг ўрнига «Узр, йўлим эмас экан» деса, асакаси кетмайди-ку! Болалигимизда ота-боболаримиздан камчилик кўпчиликка, турган ўтирганга, отлиқ пиёдага салом беради деб кўп эшитганмиз. Ўша пайтдаги отни ҳозир автомашина деб оладиган бўлсак, демак, ҳайдовчи йўловчига салом бериши керак бўлади. Афсуски, бугунги кунда бунинг тамомила акси бўлмоқда.

Юқоридаги гаплар билан ҳамма ҳайдовчиларни айблаш фикридан йироқман. Қолаверса, бировдан ижарага машина олиб, киракашлик орқали оиласини боқаётган, шунинг баробарида, йўловчилар билан муомалани ҳам жойига қўядиган юртдошларимиз ҳар қадамда учрайди. Биргина мисол, июль ойи ўрталарида «Олмазор» метро бекати томон йўлим тушди. Жамоат транспорти ҳали ишга тушмагани боис йўловчи машинага қўл кўтардим. «Матиз» машинаси тўхтади. Ҳайдовчи ўрта ёшлардаги киши экан, «5 минг сўм берақолинг» деди йўлкирани сўрасам. Арзон айтганига ҳайрон бўлиб ўтирдим. Машина бироз юргач, ҳайдовчининг ўзи гап бошлади:

– Шунча йўлга арзимаган пулни айтди деб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Тўғри, бошқаларга қараганда икки баробар арзон айтдим. Ҳайрон бўлманг, инсоф сари барака дейишади-ку. Биринчидан, йўлим шу томонда. Бундан ташқари, ўтган йили бошимдан ўтган бир воқеа сабаб йўловчиларни айтган пулига олиб кетавераман. Тўғри, кўпинча бензин пулини ҳам оқламайди. Аммо начора… Очиғи, бировга айтсанг, ишонмайди. Ўтган йили шу машинани бир одамдан ижарага олгандим. Озроқ пул бердим, қолганини ҳар ойда белгиланган кунда етказишим шарт.

Аниқроқ айтсам, бир йилга уч минг доллар беришим керак эди. Хуллас, эрта билан кўчага чиқсам, бир қиз қўл кўтарди. Японми, корейсми, билмадим, аммо хорижлик эди. Ўзининг тилига русчани аралаштириб, «Бочка»га чиқмоқчилигини тушунтирди. Рози бўлдим. Нархини сўради. Ҳиммати эканини айтдим. Йўл-йўлакай дугонасини ҳам олдик. «Бочка»га соат ўн бирларда етиб бордик. Бир четга ўтириб, мастава буюришди.

Мени ҳам эсдан чиқаришмади. Соат 15:00 дан ўтганда ортга қайт­дик. Дугонасини ташлаб, уни ҳам олган жойига олиб бориб қўйдим. Сумкасини кавлаб, 100 доллар чиқарди. «Бу пулга қайтимим йўқ» десам тушунмайди. Бир нималар деб қўлимга тутқазади. Охири қайтими керак эмас деганини англаб етдим. У машинадан тушар экан, қўлидаги соатни кўрсатиб, бир нималар деди. Эртага ҳам шу пайтда, шу ерга келишим кераклигини қийналиб бўлса-да, тушуниб олдим.

Шу кундан бошлаб бир ой давомида ҳар куни дугонаси икковини «Бочка»га олиб чиқдим. Ҳар куни қайтгандан кейин 100 доллар беради денг. Бир ой бўлганда раҳмат дея хайрлашди. Тўғри уйга бориб, пулларни олдим-да, машина эгасининг ёнига ғизилладим. У аввалига бир йилда беришим керак бўлган пулни бир ойда берганимга ҳайрон бўлди. Воқеани эшитгач, «машинани номингизга ўтказиб олишингиз учун» дея иккита 100 долларликни қўлимга тутқазди. Худога шукур, ўша қиз сабаб машинали ҳам бўлдим. Шу-шу, аввало ўзимга, кейин бошқаларга инсоф сўраб, қора қозонни қайнатиб юрибман…

«Инсоф сари барака» дея ризқини териб юрган бу юртдошимизнинг гап­ларидан кейин анчадан бери ғашимга тегадиган яна бир ҳолат ёдимга тушди. Бозорлар, бекатлар-ку майли, аммо касалхоналар олдида туриб олиб, қўлида машинаси калитини ўйнатганча «Такси… Қаёққа борасиз?» дея ичкаридан чиқаётганларнинг йўлини тўсаётган киракашларнинг қилиғи ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди. Йўлкира учун икки-уч баробар қиммат нархни айтади. Касалхонада ётган яқини оғирлашиб қолганда одамнинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Шундай экан, бундан нафси йўлида фойдаланиш ҳам одамгарчиликка тўғри келмайди-да!

Инсоф ҳақида сўз юритдик. Инсоф нима ўзи? «Muslim.uz» сайтидаги бир мақолада инсофга қуйидагича таъриф берилган:

«…Инсоф ҳаддан ошмасликдир. Баъзан инсоф ҳақида гапирамизу, аммо асли инсофнинг нима эканлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз. Халқимиз орасида “Дунёни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам инсон! Инсонни одам қиладиган ҳам, адо қиладиган ҳам инсоф!” деган ажойиб ҳикмат бор.

…Биров бизни алдашини хоҳламаймизми? Демак, бошқаларга ёлғон гапирмайлик. Биров бизга кибр қилиб, ерга уришини истамаймизми? Демак, биз ҳам ўзгаларга такаббурона муомала қилмайлик. Мана шу инсофдир.

Афсуски, бутун дунёда ҳукм сурган пандемия ҳам айрим инсофсизларни кўрсатиб берди. Узоққа бормайлик, март ойи­да юртимизда карантин жорий этилгач, вилоятлардан пойтахтга таҳсил олиш ва ишлаш учун келган ҳамюртларимиз уйларига қайтишда анча қи­йинчиликларга дуч келди. Шаҳарлараро қатновчи такси ҳайдовчилари нархни икки-уч баробар ошириб олишди. Ижтимоий тармоқларда норозиликлар акс этган мақолалар пайдо бўлди. Айнан ўша пайтда пойтахтдан вилоятларга машина карвонлари йўлга чиқди. Вилоят ҳокимликлари ва транспорт бошқармаларининг бундай хайрли ташаббусига кўнгиллилар ҳам қўшилди. Икки-уч кунда асосий қисми талабалардан иборат бўлган йўловчилар заҳматсиз уйларига етиб олдилар.

Аслини олганда ҳар қандай ишни бошлашда қонун-қоидага амал қилиш, керакли ҳужжатларни расмийлаштириб олиш керак. Юқорида қайд этилган «инсофини ютган» ҳайдовчиларнинг лицензияси борлиги ҳам шубҳали. Қолаверса, айримларидан йўлкира ҳақини нима учун бунчалар кўтариб юборганини сўрасангиз, «Ҳа энди уйда карантин қилиб ўтирдик. Еб-ичганимизнинг ўрнини тўлдириш керак-ку!» дейишдан нарига ўтмайди. Ваҳоланки, улар йўлкира ҳақини кўтариш билан ўзига ўхшаб карантинда ўтирган қоракўзларга жабр қилаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Аёлим июль ойида уйимиз ёнидаги поликлиникага чиқиб, у ерда ишлайдиган ҳамшира аёлнинг йўл масаласида ёзғирганини айтиб берган эди.

– Ҳар куни «Узбум»дан ишга келиш учун 40 минг сўм, кечқурун уйга қайтиш яна шунча. Кунига 80 минг сўм. Маошим эса бир миллион сўмга ҳам етмайди, топганим йўлдан ортмаяпти. Илгари автобусда келиб-кетардим, билинмасди. Шукур, «Майли опа, атаганингизни берарсиз. Дуо қилинг» дейдиган ҳайдовчилар ҳам бор, барака топишсин. Ишдан бўшай десам, пенсияга озгина қолди. Устига-устак, шундай оғир дамларда кетиб қолиш ҳам инсофдан эмас…

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига асосан бошқарманинг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан ҳайдовчилар қонун доирасида (лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар асосида) йўловчи ташиши ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши, йўл ҳақи сунъий равишда оширилишининг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилган. Чунончи, 30 нафар инспектор, йўл-патрул хизмати ҳамда миллий гвардия ходимларидан иборат гуруҳлар шаҳарнинг 11 та туманида йўналишсиз такси фаолияти юзасидан қўшма рейдлар ўтказган.

Карантин жорий этилган даврда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибига кирувчи 8 та автобус саройида аҳолига лицензия асосида йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи транспортларни бепул дезинфекция қилиш ташкиллаштирилган. Уларда ҳар куни 6 мингдан зиёд транспорт дезинфекция қилинмоқда. Талабга жавоб бермаган транспортлар камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилаяпти.

Инспекторлар томонидан 2020 йил 15 мартдан ҳозирги кунга қадар аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 2259 та маъмурий баённома ва далолатномалар расмийлаштирилган.

Мақолани ёзиш жараёнида таксичилар фаолияти билан қизиқиб, суҳбатлашиб кўрдим. Ҳар ўн ҳайдовчидан биттасида лицензия бўлиб, ўша 90 фоизи жавоб беришни хоҳламади. Айнан лицензияга эга бўлган ҳайдовчи (исм-фамилиясини сир тутишни илтимос қилди) қолганлари ҳақида ўз фикрларини бажонидил ўртоқлашди.

– Бошқа ҳайдовчиларни тушунмайман. Шахсан ўзим эрталаб таксопаркка бориб, 10 минг сўмга йўл варақаси оламан. Кейин СЭСга кириб, кўрикдан ўтаман ва йўлга отланаман. Аҳамият беринг, атиги 10 минг сўм эвазига. Ваҳоланки, бир қути сигарет 10 минг сўм атрофида, ҳайдовчиларнинг 70-80 фоизи эса чекади. Бир қути сигарет пулининг баҳридан ўтса, унга қанча имтиёз берилишини эса ўйлаб ҳам кўрмайди.

Бир кунда 300 минг сўмга яқин топаман, нолимайман. Камина сўнгги бир ҳафтада уч марта «Тўхташ тақиқланади» йўл белгиси қўйилган жойда мижоз туфайли тўхтадим. Инспекторлар ҳужжатларимни текшириб, оқ йўл тилашди. Агар лицензиям бўлмаганда, энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима тўлашим керак бўларди. Айтмоқчи, 370 минг сўмга йўловчиларнинг суғуртаси ҳам бор. Худо кўрсатмасин, йўлда фалокат бўлиб қолса, суғурта иш беради. Лицензияси йўқлар нима қилади?

Умуман олганда, ҳар ишда инсоф-диёнатни унутмаслик керак. Яқинда таниш ҳайдовчилар айтиб қолишди, бир одам ҳар жума куни халққа текинга хизмат қилар экан. Унга ҳавасим келди, насиб қилса биз ҳам унинг даражасига етиб қолармиз…

Ғофуржон АЛИМОВ

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бapaкa инcoфдa