23:00 / 14.09.2020
3 354

Ўзбекистонда кейтеринг (етказиб бериш) хизматларининг фаолияти ҳуқуқий тартибга солинганми?

Ўзбекистонда кейтеринг (етказиб бериш) хизматларининг фаолияти ҳуқуқий тартибга солинганми?
2020 йил бутун дунё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон учун ҳам машаққиятли йил бўлди. Коронавирус пандемияси кириб келиши мамлакатимизда айрим турдаги соҳаларининг ривожланишига ҳам туртки бўлди. Хусусан, карантин сабабли кўплаб турдаги тадбиркорлик субъеклари етказиб бериш (кейтеринг) хизматларини йўлга қўя бошлади. Карантин даврида умумий овқатланиш муассасаларининг маҳсулот етказиб бериш хизматига талаби бир неча баробарга ошиб кетди.

Ўз навбатида ўтган давр мобайнида мазкур турдаги хизматлар мамлакатимизда етарли даражада ривожланмаганлигини намоён қилди. Фақатгина Тошкент шаҳри ва айрим вилоятлар марказларидагина йўлга қўйилган етказиб бериш хизматлари энди барча туманлар ҳатто қишлоқларгача кириб бора бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги
Ф-5537-сонли Фармойишига асосан коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори ва махсус комиссиянинг қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан кўчаларда ҳаракатланиши учун юк ташувчи машиналар, алоҳида ваколатга эга ва айни пайтда ўта зарур вазифалар билан банд автомобиль эгаларига ҳамда етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги қайд этилди.

Шу билан бирга, махсус комиссиянинг қарорлари билан етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига етказиб бериш хизматларини кўрсатиш жараёнида санитар қоидаларга риоя қилиш, махсус кийимларда бўлиш, дезинфекция мосламаларидан фойдаланиш, товарларни ёпиқ ва гигиеник қопламаларда етказиш, етказиб берувчиларнинг фуқароларнинг хонадонларига кирмаслиги, ижтимоий масофани сақлаш каби қўшимча мажбуриятлар юкланди.

Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматини кўрсатаётган автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъектларида доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий (мулк, ишончнома ёки ижара ҳуқуқи асосида) автотранспорт воситаларига (ходимлар учун фақат ҳар бир умумий овқатланиш корхонасига бир дона автотранспортга) ҳаракатланиш учун рухсатнома берилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 437-455-моддаларига мувофиқ мамлакатимизда маҳсулот етказиб бериш шартнома орқали тартибга солиниши белгилаб қўйилган.

Маҳсулот етказиб бериш шартномаси Фуқаролик кодексининг 437- моддасида назарда тутилган бўлиб унга кўра, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Фуқаролик кодексида махсулот етказиб бериш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган бўлсада, бироқ кейтеринг (умумий овқатланиш билан боғлиқ хизмат кўрсатиш соҳаси) билан боғлиқ муносабатлар қонунчиликда назарда тутилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамалакатимизда кейтеринг соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ушбу муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ривожлантириш айни муддао бўлиб ҳисобланади.

Элбек Эшмуродов
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали Хусусий
ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда кейтеринг (етказиб бериш) хизматларининг фаолияти ҳуқуқий тартибга солинганми?