23:30 / 30.09.2020
2 757

Адҳам Баҳромов коронавируснинг янги кўринишлари пайдо бўлаётганини айтди

Адҳам Баҳромов коронавируснинг янги кўринишлари пайдо бўлаётганини айтди
Коронавирус пандемияси бошланганидан бери вирус ўз «айёр»лигини ошкор намойиш қилиб, инсон организмида турли белгилар, асоратлар қолдирмоқда. «Зарафшон» газетаси мухбири куз фаслида касаллик кечишининг ўзгариши, вируснинг турли ёшдаги инсонларда ўзини қай тарзда намойиш этиши, аҳоли бу вазиятда қандай йўл тутиши юзасидан Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари Адҳам Баҳромов билан суҳбат уюштирди.

— Куз фасли бошланиши билан вируснинг авж олгани сезилди. Бу вазиятда марказ ходимлари тестларни ўз вақтида текшириб бериши учун шароит етарлими?
— Куз-қиш мавсумида кўплаб инфекцион, вирусли хасталиклар авж олади, жумладан коронавирус ҳам. Бу ҳақда мутахассислар олдиндан огоҳлантириб, аҳолини эҳтиёткор бўлишга чақириб келмоқда. Хусусан, зотилжам хасталиги ҳам айнан куз ойларида кўпаядиган хасталик. Қолаверса, зотилжамнинг ҳам ўнлаб турлари мавжуд. Тест масаласига келсак, албатта, эпидемиологик ва тиббий кўрсатмаси бор аҳолидан ўз вақтида тест олиш ва натижаларини аниқлаш учун барча шароитларга эгамиз.

— Кейинги пайтларда коронавируснинг бошқа белгилари пайдо бўлаётгани тест натижаларига таъсир ўтказяптими?
— Албатта. Сабаби, тест фақатгина томоқ, нафас йўлларида вирус бўлсагина аниқлаб беради. Ваҳоланки, кейинги ойларда дунё бўйича мутахассисларнинг кузатувига кўра, вирус тананинг бошқа аъзоларига ҳам шикаст етказаётгани аниқланмоқда. Мисол учун, россиялик шифокорлар уларда «COVID-19» аҳолининг 30 фоизида ичак фаолиятининг бузилиши билан кечаётганини айтишди. Мамлакатимизда ҳам бу ҳолат кузатилмоқда.

Айрим беморларни томоқ оғриғи, нафас йўлларида ҳеч қандай касаллик бўлмаса-да, ич кетиш, қайт қилиш каби симптомлар учрамоқда. Вақт ўтиши билан ҳид ва таъм сезмаслиги мумкин. Бу ҳолатда бемор тест топширса-да, унда коронавирус аниқланмайди. Сабаби, тест фақатгина нафас йўлларидаги вирусни аниқлашга мўлжалланган.

— Демак, вирус нафақат ўпка, балки организмнинг бошқа аъзоларини ҳам зарарлаши ва уни белгиларга қараб ўз вақтида аниқлаш мумкин, шундайми?
— Афсуски, бу вирускундан-кунга ўз қиёфасини ўзгартиряпти, дунё олимлари қатори мамлакатимизда вируснинг кечиши билан боғлиқ ҳолатлар доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Шунинг учун даволаш стандартлари тез-тез ўзгаряпти, унга қўшимчалар киритиб борилмоқда. У марказий нерв тизимига, қолаверса инсон организмнинг турли аъзоларига ўз таъсирини кўрсатяпти.

Шунинг учун сурункали хасталиклари бор инсонлар ўзини эҳтиёт қилиши лозим. У ёки бу хасталикдан даволанган кишилар ҳам соғликларига эътиборли бўлишлари зарур. Муҳими, соғлом овқатланиш, жисмоний ҳаракатларни ўз вақтида амалга ошириш касалликни енгишнинг асосий омилидир.

— Касалликни симптомсиз ўтказаётган инсонлар ҳақида нима дейсиз?
— Симптомсиз ҳолатда кишида вирус аниқланса, бу инсон атрофдагилар билан яқин мулоқотда бўлмасликка ҳаракат қилиши лозим. Аммо бундай инсонларни бемор деб ҳисоблаш нотўғри. Касаллик белгилари бўлмагач, унга потенциал касал сифатида қараш имкони йўқ. Умуман, тестни, иложи бўлса, ўзида касаллик белгилари бўлган кишилар топшириши мақсадга мувофиқ.

Бир неча ойдан бери айтиб келинаётган, пандемия ҳолатидан келиб чиққан ҳолда шаклланган қоидалар ҳозир ҳам муҳим. Тўғри, карантин қоидалари юмшатилди, тўйларга рухсат берилди. Аммо бу дегани қайси даврага борманг, танишларингиз билан қўл бериб, қучоқлашиб кўришиш мумкин дегани эмас. Соғлиғингизни асраш, ҳимоялаш аввало ўзингизга боғлиқлигини унутманг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)