14:53 / 15.11.2020
3 054

«Trailblazer» ва амалдорлар: пандемия давридаги харажатлар ва ҳашаматлар

«Trailblazer» ва амалдорлар: пандемия давридаги харажатлар ва ҳашаматлар
«Автомобил – ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси» деганида нақадар ҳақ эди «Олтин бузоқ» романи қаҳрамони Остап Бендер.
Аммо, сўнгги ойларда юртимизда давлат харидлари соҳасида бу учқур фикрга мутлақо тескари ишлар бўлмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари учун замонавий ва қиммат автомобиллар харид қилинаётганига бот-бот гувоҳ бўлмоқдамиз.

Келинг, ушбу давлат харидларидан бир нечтасини кўриб ўтамиз.

12 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қарийб 883 млн сўмга Toyota Prado автомобили сотиб олинган.

Наманган вилоятида:
- Вилоят ҳокимлиги:
  • 2 июлда 1 млрд 579 млн сўмга Tоуоtа LC 200 автомобилини;
  • 23 сентябрда 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT русумли автомобилни сотиб олган.

- Поп ва Учқўрғон туман ҳокимликлари томонидан 9 ва 13 октябрь кунлари Trailblazer LTZ AT русумли автомобиллар сотиб олинган.

Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Мирзачўл туманлари ҳокимликлари томонидан 9 ва 16 октябрь кунлари 370 млн сўмдан Trailblazer LTZ AT русумли автомобили харид қилинган.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Нарпай тумани ҳокимликлари ҳам қатордан четда қолмай, 7 февраль ва 4 сентябрь кунлари 398 млн сўмлик Trailblazer LTZ AT’га мурожаат қилишган.

Қашқадарё вилоятида:
- Вилоят ҳокимлиги томонидан 30 сентябрь куни 349 млн сўмга Equinox-АТ, 21 октябрь куни 206 млн сўмдан жами 620 млн сўмга 3 дона Tracker харид қилинган.

Сурхондарё вилоятида:
- Вилоят ҳокимлиги томонидан 6 ва 26 октябрь кунлари 3та Trailblazer LTZ AT автомобили жами 1 млрд 194 млн сўмга;
- Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан 23 сентябрь куни 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT ва 380 млн сўмга Isuzu D-MAX (IRBIS-AT) пикапи харид қилинган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 14 сентябрь куни 398 млн сўмга Traiblazer сотиб олинган.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан 349 млн сўмга Equinox-АТ харид қилинган. Дарвоқе, 11 ноябрь куни блогер davletov.uz каналида ушбу харид ҳақида ёзилганидан сўнг, Молия вазирлиги ушбу автомобил уларнинг рухсатисиз сотиб олинганини, яъни вазирлик солиқ бошқармасига Nexia-3 харидига рухсат берганини маълум қилди. Ушбу ҳужжатнинг солиқ бошқармаси томонидан эълон қилинган вариантида эса автомобиль русуми тилга олинмаган эди. Молия вазирлиги ушбу хат сохталаштирилганини, Давлат солиқ қўмитаси эса ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви бошланганини маълум қилди.

Яқинда ташкил этилган ҳамда ҳали бирор каромат кўрсатиб улгурмаган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан 795 млн сўмга Tahoe, 635 млн сўмга иккита Malibu, 115,6 млн сўмга эса Lacetti автомобиллари харид қилинган.

Бундан ташқари, шу йилнинг январь ойида ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Tahoe русумли автомобиль харид қилингани ҳақидаги хабарлартарқалган эди. Бу хабарга асос сифатида сурати тарқалган автомобилга 60 001 ААА давлат рақами ўрнатилгани ва ушбу рақам вилоят ҳокимлигига тегишли бўлгани айтилган. Бу рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин.

Гувоҳи бўлганимиздек, бюджет (халқ) пулини ҳашамат учун сарфлашда ҳокимликлар олдинги қаторда турибди. Агар шу тенденцияда кетилса, Ўзбекистон бўйича 12та вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 200га яқин туман ва шаҳарлар раҳбарлари учун ўртача 398 млн сўмдан Trailblazer харид қилинаверса, жами 85 млрд сўмдан ошиқ давлат бюджети маблағлари сарф бўлар экан.

2020 йил 11 апрелдаги президент қарорига асосан Хоразм вилояти таркибида ташкил этилган Тупроққалъа тумани ҳокимлиги учун 398 млн сўмга Traiblazer, 138 млн сўмга Lacetti ва 90 млн сўмдан жами 630 млн сўмга 7та Nexia-3 харид қилинган. Битта туман ҳокимлиги учун 1 млрд 166 млн сўмлик (!) автомобиллар сотиб олинмоқда.

Бу ҳали биргина ҳокимликлар кесимида келиб чиқадиган рақамлар. Ҳали бу ҳисобга 4та транспорт воситаси сотиб олиш учун 1,5 млрд сўмдан ошиқ бюджет маблағини сарфлаган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ва бошқа шу каби давлат бошқаруви органлари киритилмади.

Биргина ушбу давлат харидини олайлик. Қўмита томонидан ушбу тўртта автомобиль ўрнига 4та Nexia-3 ёки Cobalt харид қилиш орқали ушбу харажатни тўртдан бирига қисқартиришнинг имкони йўқ эдими? Солиқ тўловчиларнинг пулидан ортиқча сарфланган 1 млрд сўм учун ким ҳисоб беради? Ёки Tahoe, Trailblazer каби ваҳимали автоуловларда юрилмаса, одамлар қўмита раислари ва ҳокимларни менсимай қўядими?

Ёки масаланинг биз билмайдиган бошқа томонлари борми? Яъни ҳокимлар ва бошқа раҳбарлар бу автомобилларни ҳавасга олмай, «юқори»дан бўлаётган «таклиф»лар асосида харид қилишмоқдами? Ҳукумат тасарруфидаги корхонанинг четдан тайёр автомобиллар олиб келиб, устига салкам ярим нархини қўйиб сотаётган шароитда харид қуввати юқори бўлмаган аҳолига бундай нархдаги автомобилларни ўтказиш катта муаммога айланиши табиий ҳол.

Шундай шароитда жамоатчиликда ушбу автомобилларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига бюджет маблағлари эвазига сотиш «сиёсати» олиб борилмаётганмикан, деган саволлар ҳам вужудга келмоқда. Lacetti’да юрган амалдорнинг Trailblazer’дан фойдаланишга ўтиши, албатта, у учун ёқимли ҳолат бўлиши мумкин, аммо бунинг ортидан ҳамма амалдорлар ҳам бирдай халқнинг таъна-дашномларини эшитиб юришни хоҳламаса керак.

Қизиқарли мантиқсизлик
Қизиқарли томони, ушбу дабдабали харидлар айни коронавирус пандемияси даврида бўй чўзаётганидадир.

Коронавирус пандемияси авж олган илк даврда давлат бюджети харажатларини қисқартириш ҳаракатига тушилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига қадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилди. Ҳукуматнинг навбатдаги қарори билан ушбу тўловлар 2021 йил 1 январгача тўланмайдиган бўлди.

Бир жиҳатга эътибор беринг: юқоридаги қарорда моддий рағбатлантириш тўловларини 2021 йил 1 январгача тўламай туриш тўғрисидаги таклиф – вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан билдирилгани айтилади.

Шунда, идоралар ва ҳокимликлар бюджет ташкилотлари ходимларига тўланадиган муайян фоиздаги моддий рағбатлантиришни кўп кўрган, аммо ўзларининг ҳашаматларини таъминловчи қиммат автомобилларни (масалан, Наманган вилояти сотиб олган 1 млрд 579 млн сўмлик Тоуоtа Land Cruiser) сотиб олишга кетадиган бюджет маблағларига панжа ортидан қараган бўлиб чиқмоқдами?

Нега айнан ўқитувчи ёки бошқа бюджетдан ойлик оладиган ходимлар даромади «кесилиши»га сабаб бўлган коронавирус пандемияси амалдорлар дабдабасини «кесиш»га келганда ўтмаслик қилиб қоляпти?

Бундай мантиқсизликлар учун жавоб берадиган вазирлик ёки идора борми?

Амалий ҳаракатларга қачон ўтамиз?
Бюджет маблағларининг катта қисми солиқ тўловчиларнинг маблағларидан йиғилади. Уни тасарруф қилиш давлат ташкилотлари қўлида бўлгани билан ушбу маблағлар халқнинг пули деб қараш лозим ва шарт.

Жамоатчиликнинг кескин эътирозларидан сўнг, сўнгги кунларда хизмат автомобиллари учун катта сарф-харажатлар қилишни чеклашга қаратилган амалий ишларнинг учқуни кўрина бошлади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов қиммат нархларда хизмат автомобилларини сотиб олиш ҳолатларига қуйидагича фикр билдирди:

«Афсуски, айрим мансабдор шахслар бугунги мураккаб (пандемия) шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаяпти. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган – қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш бунга яққол мисол бўла олади.

Бундай ҳолларда давлат хизматчиларига «Ҳалоллик вакцинаси»ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти».

Агентлик директори ушбу ҳолатларга чек қўйиш учун президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганини, ушбу лойиҳада:
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат автотранспортларни классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланиши, жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 млн 600 минг сўм)дан ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн. 100 минг сўм)дан ошмаслиги;
  • хизмат автотранспортлари хатловдан ўтказилиши ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари E-IJRO AUKSION орқали аукцион савдоларда сотилиши;
  • хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилиши каби чоралар белгиланганини маълум қилди.

Аммо, ушбу лойиҳа порталга шу йилнинг 12 августида муҳокамага қўйилганига қарамай, ҳамон қабул қилинмай келгани ҳам эътиборга молик.

Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасида давлат харидларида иштирок этиши вақтинча тақиқланган хорижда ишлаб чиқарилган 300дан ортиқ товарлар рўйхати келтирилган бўлиб, ушбу рўйхатдан енгил автомобиллар ҳам ўрин олган. Бу ҳам юқорида тилга олинган хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар харидига вақтинчалик чекловни жорий этади, аммо доимий эмас.

Аслида давлат ташкилотларининг хизмат автомобилларини кескин қисқартириб бориш ва якунда бу тизимдан бутунлай воз кечиб, такси хизматидан фойдаланишни тўлиқ йўлга қўйиш каби ўта самарали тизимга ўтилишига замин яратиши керак бўлган коронавирус пандемияси негадир биз учун акс таъсир берди.

Агар шундай чоралар кўрилганида бюджет харажатлари (автомобиль нархи+ҳайдовчи маоши+ёқилғи ва газ+таъмирлаш+мой алмаштириш, эҳтиёт қисмлар ва ҳоказо) бир неча ўн каррага қисқартирилган бўларди. Иқтисод қилинган пулларни эса бошқа зарур соҳаларга йўналтириш имкони вужудга келарди.

Аббос Салайдинов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Trailblazer» ва амалдорлар: пандемия давридаги харажатлар ва ҳашаматлар