15:28 / 17.11.2020
2 230

50 минг АҚШ долларли Ал-Хоразмий халқаро мукофоти кимларга тақдим этилади?

50 минг АҚШ долларли Ал-Хоразмий халқаро мукофоти кимларга тақдим этилади?
МАТЕМАТИКА - мушоҳадаларга асосланган билимлар ҳақидаги фан. Айнан шундай таърифланади манбаъларда.
Дастлаб оддий саноқ сонлар ва улар устидаги арифметик амаллардан бошланган математик билимлар умуминсоний тараққиёт билан бирга кенгайиб ва чуқурлашиб борган.

Фахр билан таъкидлаш лозимки, улуғ алломаларимиз Абу Абдуллоҳ Ал-Хоразмий, Абу Носир Фаробий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ғиёсиддин ал-Коший, Умар Хайём, Насриддин ат-Тусий, Мирзо Улуғбекларнинг математикага қўшган ҳиссалари беқиёс.

Бугунги кунда юртимизда математика фанини ривожлантиришга янада катта эътибор берилмоқда.
Президентимиз имзолган «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, математика соҳасидаги ютуқлар учун Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофот учта йўналишда бериладиган бўлди.
16 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти борасида пресс-брифинг ўтказилди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори билан мамлакатимиз ва хорижда фаолият юритаётган математика соҳасидаги олимлар жамоасини кенг таништириш ва жамоатчиликка ушбу мукофот тақдирлаш тартиби ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион вазирлиги Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова:
- Таълим ва илм-фаннинг ривожланиш даражаси бугунги кундаги жамият тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. 2020 йилни юртимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” дея номланиши ҳамда жорий йилда илм-фаннинг математика, кимё-биология, геология каби йўналишларида фундаментал, амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратилаётгани мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илм-фан, таълим тизимининг ўрни ниҳоятда беқиёс эканини англатади. Илм-фан йўналишларига бундай эътибор келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада катта қадам бўлди. Чунки мазкур қарор мамлакатимизда таълимнинг барча соҳаларида математика фани дарсларининг, мазкур фанга оид ўқув адабиётлар сифатининг ошишига, математика фанига қизиқувчи ёшларнинг кўпайишига, иқтидорли ёшларни селекция қилиш механизмини ташкил этиб, уларни ихтисослаштирилган мактабларга, кейинчалик олий таълим муассасаларига, илмий мактабларга қамраб олиш масалаларини самарали ечишга имкон беради.

Дарҳақиқат, Математика фанини ўрганаётган ёшларда мантиқий фикрлаш ривожланади, келажакда иқтисодиётнинг исталган тармоғида малакали кадр бўлиб етишишига ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион вазирлиги, Бошқарма бошлиғи Аббос Бобохонов:
- Бу мукофот, биринчидан, халқаро миқёсдаги математика бўйича фундаментал ютуқлар учун, иккинчиси, математикани амалиётга муваффақиятли татбиқ қилингани учун, учинчиси эса ёш математикларга берилади. Албатта, катта миқдордаги рағбатлантиришнинг бу тури олимларимиз, ёшларимизни бу фан йўналишларида изланишлар олиб боришга ундайди. Мазкур мукофотни хорижлик олимларга ҳам берилиши кўзда тутилган.

Энг асосийси, Математика соҳасидаги ютуқларни аниқлаш ва мукофот билан тақдирланадиган номзодларнинг дастлабки рўйхатини тайёрлаш учун Математика жамиятида доимий асосда фаолият олиб борувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофотига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлаш Қўмитаси тузилади. Қўмита Математика жамиятига аъзо бўлган экспертлардан иборат таркибда тузилади ва Математика жамиятининг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади.
  • Халқаро мукофот билан тақдирланиш бу катта ютуқ ҳисобланади. Айниқса, ёш олимлар учун олдинга интилишга ёрдам берадиган катта қадам бўлади. Ғолиб бўлганлар илмий изланишларини амалиётга жорий этишлари керак. Бунда илмий нашрлар жамланган ахборот ресурслари, жумладан, умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базаларидаги журналларда;
  • даврий чоп этиладиган илмий ва илмий-оммабоп журналларда;
  • иқтисодиётнинг реал секторидаги муайяан муаммонинг ечимини таъминлагани тўғрисида Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган илмий натижалар кўриб чиқилади.

Мукофот 1 та йўналиш бўйича 1 та олимга ёки олимлар жамоасига тенг тақсимланиш асосида берилади. Шу билан биргаликда, Мукофот ҳар 2 йилда 3 та йўналишга ҳам берилади дегани эмас, агар мукофот талабларига мос номзодлар бўлмаса йўналишлар бўйича мукофот тақдим этилмаслиги мумкин.

Мукофот 50 минг АҚШ доллари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Инновация Вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида тақдим этилади. Ал-Хоразмийнинг илми Ислом оламида университетларнинг математика ва астрономия дарсликларига асос бўлиб хизмат қилди. "Алгебра” сўзи олимнинг Ал-Жабр номли китоби номидан олинган.

Борлиғимизни қамраб турувчи ҳар қандай технологиялар учун асос сифатида хизмат қиладиган фан номидаги "Алгоритм” атамаси эса айнан олимнинг Ал-Хоразмий исмидан олинган.

Европалик олимлар бир неча асрлар давомида барча ҳисоб-китобларнинг тагига «диксит Алгоритми» яъни «АлХоразмий шундай дейди» деб қўшиб кетишни ўзларига шараф деб билишган. Бу олимларнинг ҳисоб-китобларни айнан Ал-Хоразмий кўрсатмалари асосида ўтказганини билдирар эди.

Энди айтингчи, биз бу номни оқлашга албатта ҳақлимиз. Бу саъй-ҳаракатлар янги давр учун, мукаммал билимлар манбаъи бўлса ажаб эмас.

Наргиза Камалова журналист.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 50 минг АҚШ долларли Ал-Хоразмий халқаро мукофоти кимларга тақдим этилади?