14:14 / 11.12.2020
3 934

Андижонликлар энди томда ҳам деҳқончилик қилишни бошлади

Андижонликлар энди томда ҳам деҳқончилик қилишни бошлади
Андижон вилоятининг аҳолиси зич, ер майдони кам бўлгани учун ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, бир йилда тўрт мартагача ҳосил олаётганини билар эдигу, бироқ томда деҳқончилик қила бошлашганини эшитмаган эканмиз. Пахтаобод туманидаги Санграобод маҳалласида истиқомат қилувчи Сарварбек Маъмуров молхонасининг 5 сотихдан иборат том қисмида иссиқхона ташкил этгани тўғрисидаги хабар бизни ҳам манзил сари чорлади.

— Нега томда деҳқончилик қиляпсиз? Ерда ер етишмаяпти?, — ҳазиломуз савол билан юзландик Сарварбекка.

— Томорқамда помидор етиштирдим,—дейди у суҳбат давомида. —Даромади янги лойиҳаларни амалга оширишимга туртки бўлди. Қарасам, бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Шунинг учун сигирлар парваришланаётган бинонинг том қисмида иссиқхона барпо этдим.

Сарварбекнинг бу лойиҳага қўл уриши бежиз эмас. У Россия Федерациясининг Уляновск шаҳридаги қишлоқ хўжалиги Академиясида беш йил таҳсил олиб қайтди. Амалиёт даврида Россияда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишиш имконига эга бўлди. Унинг эътиборини тортган жиҳат шундаки, аксарият қишлоқларда иссиқхоналар томда ташкил этилган экан. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Масалан, томдаги иссиқхонада ердаги иссиқхоналардаги каби захлик масаласи муаммо туғдирмайди.

Қолаверса, иситиш осон. Яъни, 5 сотихдан иборат ердаги иссиқхонани иситиш учун бир суткада 300 кг. кўмир кукунидан фойдаланилса, томдаги иссиқхона учун 200 кг. ёнилғи сарфланади. Хонани шамоллатиш жараёни ҳам осон кечади ва табиий иссиқлик юқорида ердагига нисбатан мўл бўлади. Демак, иссиқхоналар қанча юқорига жойлашган бўлса уларни иситиш масаласи шунчалик осон ҳал этилади.

Бундан ташқари, иссиқхона уч қаватдан иборат плёнка остига олингани боис қуёшли кунларда иситиш воситаларига ҳожат йўқ. Бу сарфланиши лозим бўлган 200 кг. кўмир кукунини ҳам иқтисод қилиш имконини беради. Мутахассисларнинг фикрича, бу каби масканларда парваришланаётган ўсимликлар касалликка кам чалиниб, ҳосилдорлиги юқори бўлади.

Таҳсил давомида бу ҳақида етарли билим тўплаган Сарварбек Андижонга қайтгач, энг аввало, иссиқхона учун жой ҳозирлади. Бунинг учун 160 млн. сўм маблағ сарфлади. Экилган 2 минг 200 туп қалампир кўчатлари 20 кун ичида гуллашни бошлади. Агротехник қоидаларга риоя қилинса февраль ойидан то июль ойига қадар ҳосил олиш мумкин. Ҳар бир кўчат ўртача 5 кг.дан ҳосил тугади. Қалампир йиғиб олингач, ўрнида помидор ёки бодринг каби маҳсулотларни етиштириш имкони мавжуд. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, иссиқхонани барпо этишга кетган харажатлар қалампир ҳосилидан олинган даромад ҳисобига қопланади. Кейинги ҳосил эса соф даромадга хизмат қилади.

— Шу билан кифояланиб қолиш ниятим йўқ,— дейди Сарварбек Маъмуров. — Иссиқхонам айни пайтда бир қаватдан иборат. Келгусида уни уч қаватга айлантираман. Шунда кўчатлар сони ҳам, даромад ҳам уч баробарга ортади.

Ёшлардаги билим, изланувчанлик мана шундай тажрибаларни юзага келтирмоқда. Бу эса энг аввало, мамлакатимизда тадбиркорлик кўламининг ортишига, даромад манбаининг кенгайишига ва табиийки, аҳоли турмуш тарзининг яхшиланишига сабаб бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонликлар энди томда ҳам деҳқончилик қилишни бошлади