
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати расмий баёнот эълон қилди. Хабарда айтилишича, қўмита ходимлари томонидан "Golden House Property Group" қурилиш компанияси фаолияти ўрганилган. 
Бу ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида хабарлар тарқалганидан кейин амалга оширилган. Аниқланишича, қурилиш компанияси истеъмолчилар билан тузилган шартномаларда ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилган мижозлардан 10% миқдорида жарима ундиришни белгилаган. 
Бундан ташқари, компанияга нисбатан турли органлар ва оммавий ахборот воситаларига шикоят қилганлик учун ҳам худди шундай жарима белгиланган. Ушбу қоидалар компания бизнеси ва обрўсига зарар етказиши билан изоҳланган. 
Юқоридагиларга кўра, қўмита Ўзбекистон Республикаси "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 4, 6, 21 ва 23-моддалари талаблари асосида "Golden House Property Group" МЧЖга қонунбузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича кўрсатма берган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси "Тадбиркорлик эркинликлари кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг 9-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектлари рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонун талабларига риоя этиши шарт.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 