16:21 / 27.12.2020
2 211

Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли

Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли
Ўтаётган ҳафта давомида мамлакатда юз берган энг муҳим воқелик бу – Ёшлар форуми ҳам эмас, Сергели метроси ишга тушгани ҳам эмас ва Конституцияга ўзгартириш киритишга антиконституцион уринишлар ва буни оқлашлар ҳам эмас. Менинг назаримда, бу – Андижон ва Жиззах вилояти ҳокимликлари масъулларининг давлат харидлари бўйича ўзлаштиришлари борасида олиб борилган суриштирувлардир, деб ёзади блогер Отабек Бакиров.

Қуйида унинг икки қисмдан иборат постини тўлиқ ҳавола қиламиз.

Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли
Масъул идораларнинг коррупцияга қарши кураши лўлича муолажа даражасида олиб борилаётган бир вақтда Давлетов (telegramдаги «davletovuz» канали назарда тутилмоқда – таҳр.) коррупцион суриштирув сифати ва даражасини янги босқичга олиб чиқа олди.

Ташқаридан қараганда, давлат харидлари базасидан қидирувлар натижасида йиғилган маълумот ўлароқ кўрилса-да, аслида бу суриштирувлар бир неча кунлик оғир меҳнатнинг натижаси ҳисобланади. Чунки давлат хариди бўйича битим ажратиб олингач, асл бенефициарларнинг яна қайси субъектлар ва битимлар билан боғлиқ эканини текширишга, уларнинг қариндош ёки қариндош эмаслигини аниқлашга, бир неча манба орқали ҳар бир далилни факт-чекинг ўтказишга тўғри келади. Жуда кўп ҳолатларда фуқароларимиз коррупцияга ва бундай ўзлаштиришларга толерант муносабатда бўлгани учун ва нормал ҳисоблаши туфайли, баъзида катта қўрқув сабабли билган маълумоти билан бўлишишни ҳам истамайди. Ўзбек чиновникларининг хотини, ота-онаси, фарзандлари, ака-укалари битта фамилияда бўлмаслиги қийинчиликларини ўзингизга тасаввур этинг.

Суриштирувдаги кичкина бир хато ёки ноаниқлик ҳокимиятни бойлик орттириш манбаига айлантириб олган ўғрилар учун бутун бир суриштирувнинг картинасига лой чаплашга, хаспўшлашга имконият яратиб беради.

Энди ўзингизга бир тасаввур қилинг, агар stat.uz базасига субъектнинг СТИРи киритилиши билан рўйхатдан ўтган юридик шахсларнинг раҳбари, таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар билан бирга уларга таалуқли ва боғлиқ барча хўжалик субъектлари чиқиб келиши таъминланса, суриштирувлар қанчалар осонлашарди. Барча нормал давлатларда шундай ва буни шакллантириш статистика органига ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди. Лекин Ўзбекистонда эмас.

Энди ўзингизга тасаввур этинг, агар ўзбек чиновниклари ўзлари ва яқин қариндошларининг даромадлари, харажатлари, мол-мулклари тўғрисида декларацияни очиқлашганида коррупцион суриштирув қанчалар тезлашган бўларди. Бутун нормал дунёда шундай, шу тизим орқали чиновниклар ва уларнинг барча уруғлари жамоатчиликнинг доимий назоратида. Лекин Ўзбекистонда эмас.

Нега? Сабаблари, масалан менга тушунарли. Агар маълумотлар олиш ва солиштириш воситалари осонлаштирилса, давлат харидлари орқали ўтаётган битимлар бўйича ҳар куни ўнлаб суриштирувларни амалга ошириш мумкин бўлиб қолади. Ва бунга бир неча кун эмас, бир неча соат кифоя бўлади. Ҳокимиятни бойиш воситасига айлантирган, давлат харидлари орқали миллиардларни ўзлаштиришга дахл этган ўғри чиновникларни қидиришдан кўра, бу ишга бош қўшмаганларни, қўли булғанмаганларни топиш муаммога айланади.

Нега прокуратура жим?
Суриштирувлар эълон қилингач, барча белгилари бўйича коррупцион ҳисобланган ушбу ҳолатлар бўйича вилоят прокуратуралари иш очдими? Андижон вилоят прокуратураси жим. Жиззах вилоят прокуратураси жим. Ҳатто баёнот ҳам берилгани йўқ.

Нега?

Чунки прокуратура идоралари Конституцияда зикр бўлмаган бошқарув ва амалий вертикал доирасида ҳокимга қарам ва бўйсунувчи қилиб қўйилган.

Янги даврдаги энг катта хатолардан бири, мамлакатни ялпи коррупцион маконга айлантирган ҳаракат бу – ҳудудларда бусиз ҳам саволли бўлган кучлар мувозанатининг янада бузилгани бўлди. Ўтган даврда ўзини тўла оқламаган кучишлатарлар етовидаги вертикалдан ҳокимнинг барча идоралар, ҳатто прокуратура ва ички ишлар устидан, баъзида маҳаллий хавфсизлик тизими устидан мутлақ ҳокимияти ўрнатилиши коррупцион вазиятни янада оғирлаштирди.

Бугун нимага эга бўлиб турибмиз? Маҳаллий прокуратура ҳоким ва унинг жиноий ҳамтовоқларининг қонунга зид ишларига қарши ҳаракатдан ўзини тийишга мажбур, ички ишлар идоралари ҳокимни тийишга рационал рағбатга эга эмас, хавфсизлик вертикали эса энг юқоридан топшириқ бўлмагунча тобора авж олаётган коррупциоген вазиятни мониторинг қилиш билан чекланмоқда. Ҳоким рўйхати билан шакллантирилган ва дастёрга айланган маҳаллий кенгашлар ҳоким ваколатларини чекловчи институтга айланишига ҳали анча вақт бор, бунинг учун росмана сиёсий ирода билан маҳаллий кенгашлар очиқ ва эркин сайловларда шаклланиши лозим.

Шундай экан, ҳудудларда ўзаро тийиб туришни таъминлайдиган, ҳокимиятнинг ҳеч бир тармоғи мутлақ етакчи бўлмаган мувозанатни қайта тиклашга тўғри келади. Токи ҳоким мелисанинг қонунсизлигига, прокуратура ҳокимнинг тийиқсизлигига, хавфсизлик идоралари прокуратуранинг қонундан ташқари ҳаракатларига мустақил баҳо бера олсин. Бу қандай рўй бериши мумкин?

Бунинг йўли осон ва айни пайтда ҳаддан зиёд мураккаб: телба-тескари бошқарув тажрибаларидан Конституцияга қайтиш керак!

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупцияга қарши курашнинг узун ва оғир йўли