Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябр United World Wrestling (Бирлашган кураш дунёси, UWW) раҳбари Ненад Лаловични қабул қилди.
Ушбу нуфузли глобал тузилма билан Ўзбекистонда спортнинг яккакураш турларини ташкилий-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва янада оммалаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар чоғида UWW раҳбари Ўзбекистонда оммавий спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, жумладан, ҳаммабоп ва замонавий инфратузилмани кенгайтириш, нуфузли турнир ва мусобақаларни мунтазам ўтказиш орқали ёшларни спорт ҳаракатига кенг жалб этиш борасидаги ишларни юқори баҳолади.
Ўзбекистонда йирик қитъа ва жаҳон чемпионатларини ташкил этиш, ташкилот шафелигида Минтақавий кураш академиясини таъсис этиш, спорт тиббиёти, диетологияси, психологияси ва бошқа устувор йўналишларда шериклик масалалари муҳокама қилинди.
Президент болалар ва ёшлар ўртасида спорт яккакурашларини оммалаштириш, иқтидорларни саралаш ва тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллалардаги тўгарак ва заллардан тортиб спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослашган мажмуаларгача бўлган инфратузилмани такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев оммавий спорт ва яккакураш турларини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Ненад Лаловичга «Дўстлик» орденини топширди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!