14:37 / 30.12.2020
3 151

Депутат Дониёр Ғаниев ҳокимликлардаги тендерлар ҳақида

Депутат Дониёр Ғаниев ҳокимликлардаги тендерлар ҳақида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев 29 декабрь куни Конгресс холлда ўтказилган давлат раҳбарининг Мурожаатномасига бағишланган тадбирдан сўнг журналистларга интервью берди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, у давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашувига оид ҳолатларга қонунчиликда жавобгарлик белгиланмаганини таъкидлаган.

«Жиззах билан Андижонда бўлаётган воқеалар аслида ўзи янгилик эмас. Фақатгина жамоатчиликка эндигина ошкор қилингани учун ‘ҳайп’ яратяпти. Бу аслида, йиллар давомида амалга оширилиб келинаётган амалиёт. Биринчи маротаба бўлаётгани йўқ, бу икки воқеа аслида ‘айсберғнинг учи. Ушбу муаммони деярли ҳамма вилоятда топасиз. Бу муаммога Жиззах ёки Андижон мисолида эмас, балки биз тизимли ечим таклиф қилишимиз керак», — дейди депутат.

Шу билан бирга, Дониёр Ғаниев вилоятлардаги давлат буюртмаларига оид тендер савдоларида таниш-билишчилик ҳолатларини Андижон вилояти прокуратураси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиши бўйича ҳам фикр билдирган.

«Уларнинг текшируви натижасида маблағларни ноқонуний ўзлаштириш бўлса, жиноий жавобгарлик қўллаш мумкин. Лекин агар кўрсатилган маблағларга етарли хизмат тақдим этилган бўлса, бунга жавобгарликнинг ўзи йўқ. Афсуски қонунларимиз шунақа», — дея қайд этади Дониёр Ғаниев.

Депутат парламент қуйи палатаси 1 декабрь куни қабул қилган янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида мазкур муаммо ўз ечимини топганини таъкидлади.

«‘Давлат харидлари тўғрисида’ги янги қонун, ўйлайманки, мана шу муаммоларга тизимли ечим бўйича илк қадам бўлади. Бу қонун билан биринчи марта маъмурий жавобгарликни белгилаймиз. Ҳозир Жиззах ва Андижондаги воқеада ҳуқуқий жавобгарликнинг ўзи йўқ. Манфаатлар тўқнашуви бор. Лекин агар у пулни ўмармаган бўлса, яъни белгиланган маблағга хизмат кўрсатган бўлса, унга жавобгарлик йўқ. У фақат манфаатлар тўқнашуви бўйича давлат харидларини бузган, лекин жавобгарлик қонунда белгиланмаган. Биз шу муаммони Қонунчилик палатасида янги қонун билан ечиб, уни қабул қилдик. Ҳозир Сенатга кетган. Қонун билан энг юқориси — 50 бараваргача (БҲМнинг миқдори — таҳр.) маъмурий жавобгарлик белгилаяпмиз, техник хато бўлса, 10 бараваргача жарима қўлланилади», — дейди Дониёр Ғаниев.

Депутат, шунингдек, аслида бу жарима етарли бўлмаслиги мумкинлигини ҳам қўшимча қилган.

«Аслида менинг фикрим, бу ҳам ҳозирча кам. Қаршиликлар кўп бўлди, парламентнинг ўзида камми, кўпми? деган муҳокама бўлди. Мана шуни жорий этсак, биринчи қадам бўлса, буни амалиётда натижасини ҳам кўрамиз. Яъни жарималарнинг жорий этилиши ижобий натижа берадими ёки етарли эмасми? Етарли бўлмаса, кейинги қадам — керак бўлса манфаатлар тўқнашуви қисмига жиноий жавобгарликни белгилаш керак. Буни энди амалиётда босқичма-босқич кўрамиз», — дея қўшимча қилди депутат.

Аввалроқ Андижон вилоятида «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбарига тааллуқли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қабул қилгани, шунингдек, Жиззах шаҳрини манзарали дарахтлар ва гуллар билан безаш учун 2 миллиард сўм сарфлангани ва ушбу давлат харидини қўлга киритган компания вилоят ҳокими қизига тегишли экани, қолаверса, Жиззахда 292,1 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган компаниялар вилоят ҳокими ўринбосарига алоқадор бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.

Шундан сўнг Андижон вилояти прокуратураси Андижонда давлат харидларидаги «таниш-билишчилик» ҳолатларини ўрганиши ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жиззахда вилоят ҳокимининг қизи қўлга киритган бир неча миллиардлик давлат буюртмалари бўйича текширув ўтказишини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Депутат Дониёр Ғаниев ҳокимликлардаги тендерлар ҳақида