22:13 / 25.01.2021
2 399

Амбидекстрия ҳақида таълимот

Амбидекстрия ҳақида таълимот
2002 йил. А.Р. Луриянинг 100 йиллик юбилейи. Америкалик нейропсихолог И.М. Тонконогий ва З.Р. Ибодуллаев

2002 йили клиник нейропсихология фани асосчиси академик Александр Романович Луриянинг 100 йиллик юбилейига бағишланган халқаро симпозиум бўлди. Унинг асосий ташкилотчиси Е.Д.Хомская эди. Менда у билан яқиндан танишиш ва тўрт йилдан буён олиб бораётган илмий изланишларим натижаларини юзма-юз сўзлаб беришга катта имконият пайдо бўлган эди. Илмий ишимнинг асосий мақсади – амбидекстрларда рўй берган инсультларда бош миянинг чап ва ўнг ярим шаридаги олий руҳий функцияларни ўрганиш эди.

Изоҳ: ўзида ҳам чапақайлик, ҳам ўнақайликни мужассамлаштирган одамларга амбидекстр дейишади. Чапақайлар ва ўнақайлар яхши ўрганилган-у, амбидекстрлар эса гўёки ўртада қолиб кетгандек ўрганилмай қолган эди. Мен амбидекстрларда рўй берган инсультга оид маълумотларни ҳеч бир манбада учратмадим.

Ушбу анжуманда дунёнинг йирик давлатларидан энг машҳур нейропсихологлар иштирок этишаётган эди. Мен бор имкониятдан фойдаланиб, кўзга кўринган нейропсихологлардан амбидекстрия ҳақида фикрини сўрардим. Энг қизиғи, ҳеч қаерда бош мия зарарланишларига оид илмий ишлар амбидекстрларда олиб борилмагани аён бўлди. Амбидекстрия, асосан, спортчиларда (теннисчилар, боксчилар) ўрганилганлигини айтишди. Шундан сўнг менинг фикру зикрим амбидекстрларни ўрганиш бўлиб қолди. Агар мен уларда бош миянинг чап ва ўнг ярим шари инсультларини ўргансам, бу одамларда инсульт моделини ярата олардим.

Эртаси куни Бурденко номли Нейрохирургия институтида чапақайларга оид илмий изланишлари билан машҳур бўлган профессор Доброхотова билан учрашдим ва унга ўз фикримни айтдим. У бир оз ўйланиб турди-да, нима қиласан амбидекстрларни ўрганиб, менимча чапақайларда инсульт кечишини ўрганган маъқул деди. Мен чапақайлар яхши ўрганилганку, бу ҳақда илмий ишлар кўп-ку дедим. Менинг амбидекстрия ҳақидаги фикрим уни қизиқтириб қўйгани шундоқ билиниб турарди. Олима менга “Левши” деган китобини совға қилди ва биз хайрлашдик.
Мен Москва Давлат университети (МДУ) профессори Е.Д.Хомская билан бир ой ичида бир неча маротаба учрашдим, маърузаларида қатнашдим.

Унга амбидекстрия ҳақидаги фикримни айтганимда, бу ғоя жуда маъқул тушди. Айнан мана шу йўналиш ўрганилмай қолганлиги, агар мен уларда инсульт кечишини ўргансам, амбидекстрларда инсульт моделини яратишим мумкинлигини айтди. У менга илмий иш натижалари ҳақида боғланиб туришимни ва агар имкони бўлса диссертация ҳимояси пайтида албатта Тошкентга боришини ваъда қилди. Германияда нейропсихолог Лурия марказини очган ва ушбу анжуманда иштирок этаётган профессор Шонле билан ҳам амбидекстрия ҳақида гаплашганимда, бу ғоя уни ҳам қизиқтириб қолганди.

2002 йил. Нейропсихолог А.Р. Луриянинг 100 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро анжуман. Германиялик нейропсихолог Шонле ва З. Ибодуллаев

Мен бутун анжуман мобайнида 1977 йили АҚШга кетиб қолган ва 80 ёшдан ошиб қолган профессор Тонконогийнинг ёнида юрдим. Унга ҳам ўз ғоямни айтдим. “Бу жуда зўр ғоя-ку! Кел, шу ҳақда бирга иш олиб борамиз, сен илмий грантлар ютиб Америкага келишга ҳаракат қил. Мен сенга ҳамма шароитни яратиб бераман. Агар ёқса, шу ерда қолиб ишлайсан” деди. Биз ташрифномалар билан алмашдик. Эртаси куни унинг ўзи мени излаб топди.

Унинг бу қизиқишлари менда қандайдир ҳадик уйғотди, бунинг устига инглиз тилини ҳам билмасдим. Инглиз тилини тезда ўрганса бўларди, бироқ қандайдир куч бу ишларни ёлғиз бажаришимга ундарди. Менинг ғоям шунча олимларда қизиқиш уйғотганлиги тўғри йўлни танлаганлигим исботи эди. Мен бу ишларни ўз юртимда амалга оширишга аҳд қилдим.

Докторлик диссертациям 2004 йили бутунлай тайёр бўлди ва ҳимояни кутардим. Унинг бир нусхасини профессор Е.Д.Хомскаяга юбордим.
Афсуски, бу пайтда олима вафот этган экан. Диссертациямга тақризни МДУ нейропсихология лабораторияси мудираси Т.Ф.Ахутина юборди. У телефондаги суҳбатда диссертациямга юқори баҳо бериб, Е.Д.Хомскаянинг унга айтган гапини эслатди: “Яқин кунларда амбидекстрларда инсульт моделини тошкентлик йигит яратади...”.

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Амбидекстрия ҳақида таълимот