23:42 / 18.02.2021
3 005

Хусусийлаштириш – Сталин қилган ишнинг тескариси бўлиб қолмасин...

Хусусийлаштириш – Сталин қилган ишнинг тескариси бўлиб қолмасин...
Ҳаммамизга маълум бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири – хусусийлаштириш жараёнлари ҳисобланади. Шу ҳақида фикрларимиз билан ўртоқлашишни лозим, деб топдик.

Умумий консенсус мавжуд – хусусий сектор одатда давлат секторидан самаралироқ, деб ҳисобланади. Хусусийлаштириш орқали самарасиз бўлган давлат иштирокидаги корхоналар хусусий сектор қўлига ўтади ва мулк ҳуқуқидан манфаатдор бўлган янги элита шаклланади. Оммавий хусусийлаштиришни ўтказишга даҳват қилувчи иқтисодчилар шу сценарийдан умидвор эди. Хусусийлаштириш – «Washington Consensus» деб ном олган ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) томонидан постсовет давлатларида синалган иқтисодий реформаларнинг асосий сиёсатларидан бирига айланди.

Шунингдек, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини баҳоловчи Европа тикланиш ва тараққиёт банки рейтингнинг асосий компонентлари сифатида Собиқ Иттифоқ давлатларида ўтказилган кичик ва катта масштабдаги хусусийлаштириш ишларининг ҳолатлари ҳам баҳоланиб келинди. Бир сўз билан айтганда, оммавий ва тезкор хусусийлаштиришни амалга ошириш мазкур ташкилотларга ёқишнинг бир усули эди.

Аммо кўплаб Собиқ Иттифоқ давлатларидаги (хусусан, Россиядаги) оммавий хусусийлаштириш иқтисодчилар кутган натижани бермади. Хусусий секторнинг гуллаб-яшнаши, ресурслардан самарали фойдаланувчи мулкдорлар синфи шаклланмади. Энг муҳим кутилган механизм – кучли мулк ҳуқуқи ва қонун устуворлигига эришилмади.

Хусусан, ўтиш иқтисодиёти давлатларида катта тажрибага эга бўлган иқтисодчи Бранко Миланович фикрича, Шарқий Европа ва Собиқ Иттифоқ давлатларида ўтказилган хусусийлаштириш иқтисодий ўсиш учун (кутилганидек) муҳим бўлиб чиқмади, балки хусусийлаштиришга камроқ урғу бериб, кўпрок макроиқтисодий барқарорлика эътибор қаратган ва янги хусусий секторни пайдо бўлишига шароит яратган давлатлар яхширок натижага эришди. Энг муҳими, сиёсий яқин доираларга активларни сотган давлатлар охир-оқибатда энг ёмон кўрсаткичга эга бўлди. Активлар самарасиз ишлатилди. Даромадлар тенгсизлиги кучайди ва иқтисодий ўсиш содир бўлмади.

Балким шу ёки бошқа сабабми, бугун халкаро ташкилотларга ёқиш учун тезкор хусусийлаштиришни ўтказиш шарт эмас. Масалан, 2016 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг методологиясига ўзгартириш киритилган бўлиб, https://www.ebrd.com/news/2016/ebrd-updates-transition-concept-.html унда хусусийлаштириш буйича юқорида айтилган компонентларни кўрмайсиз.

Ёки ХВЖни олайлик. Унинг муҳим нашри бўлган (жамғарма ва унинг иқтисодчилари позициясини ифода этувчи) бўлган “Article IV” деб аталувчи ҳисоботларида бугунги кунга келиб хусусийлаштириш, либерализация сўзларининг ишлатилиши кескин камайган. Жамғарма тадқиқотчилари яқинда ўтказган ўрганишларида аниқланишича, иқтисодий ўсиш учун берилган маслаҳатлар орасида – «Washington Consensus» сиёсатига кирувчи сўзлар (“хусусийлаштир”, “хусусийлаштириш”, “либерализация” кабилар) ўрнини бугунда “институтлар”, “бошқарув”, “шаффофлик” кабилар эгаллаган.

Бошқача айтганда, ўтиш иқтисодиётидаги давлатлар учун “рецепт” бўлган «Washington Consensus» сиёсати бугун ХВЖнинг асосий инструменти эмас. Қизиқ томони, Ўзбекистон учун 2018 йилдан кейин чоп этилган ҳисоботларда ҳам Ўзбекистонни хусусийлаштиришни зудлик билан амалга оширишга чақирувлар учрамайди.

Юқоридаги фикрлардан хусусийлаштириш керак эмасмикин ўзи деган фикрга келиш мумкин. Ундай эмас. Хусусийлаштириш, албатта, амалга оширилиши керак. Фақат, бунда энг муҳим масала – йирик корхоналар хусусийлаштириши қандай тарзда амалга оширилиши керак?

Ташқаридан қараганда, гўёки, хусусийлаштириш жараёнининг муваффақият мезони сифатида «тезлик» кўриниши мумкин. Аммо, юқоридаги ҳолатлар ва муваффақиятли хусусийлаштиришни амалга оширган давлатлар (Польша, Венгрия) тажрибаси кўрсатдики, йирик давлат объектларини хусусийлаштиришда эволюцион, органик йўлдан юриш энг мақбул йулдир.

Эътироз туғилиши мумкин – «ахир шунча йил ўтди, яна қанча кутиш мумкин – тезда хусусийлаштириш ва самарасиз давлат корхоналаридан кутилиши керак» деб. Мана қанча вақтдан бери савдога чиқарилган давлат акция пакетларини (улушлари) ҳеч ким олмайди – уларнинг нархини тушириб, тезроқ сотиш керак деб уйлаши мумкин. Бу фикрда ҳам жон бор. Сабаби, давлат корхоналари «давлатнинг қучоғи»да юришга ўрганиб қолган. Улар имтиёз, ёрдам олишда доимо приоритетда. Энг яқин мисол – пандемия даврида уларга кўрсатилган ёрдамни олиш мумкин.

Лекин янги давр йилларида амалга оширилган ва бугунга келиб маржинал нафлилиги пасайиб бораётган ислоҳотлар фонида хусусийлаштиришни сифатли ўтказиш – ҳукуматга бугунги кунда сув ва ҳаводек зарур бўлган ишончни жонлантириш ва келгуси ислоҳотлар учун левередж беради.

Яна бир муҳим масала – хусусийлаштириш жараёнида мувафаққият мамлакатда институтларнинг қанчалик самарали ишлаши билан узвий боғлик. Самарали институтлар бу – кучли антикоррупция тизими, кучли корпоратив бошқарув, кучли капитал бозори регулятори дегани. Булар хусусийлаштириш ортидан келиши мумкин бўлган — бошқарувдаги ўзбошимчалик (self-dealing), миноритар ҳуқуқларнинг бузилиши, манфаатлар тўқнашуви каби ҳолатларга қарши ишлайдиган механизмлар ҳисобланади. Мана шундай кучли механизм бугунда Ўзбекистонда мавжудми? Афсуски, ишонч билан ҳеч ким тасдиқлолмайди.

Шунинг учун бугун амалга оширишга ҳаракатлар қилинаётган тезкор хусусусийлаштиришнинг муқобили – ишончли, очиқ, шаффоф ва босқичма-босқич хусусийлаштириш бўлиши керак. Хусусийлаштириш юқорида қайд этилган институтларни шакллантириш билан ҳамоҳанг кетиши зарур. Самарасиз давлат корхоналарига келсак, уларнинг бюджети қаттиқ «қисилиши» ва шу тариқа уларни бозорнинг табиий селекция жараёнига қўйиб бериш керак.

Ўйлайлик, постсовет давлатлари тажрибаларини чуқурроқ ўрганайлик, ўзимиз босиб ўтган йўлга қарайлик. Энг муҳими, бошқалар ва ўзимиз қилган хатоларни такрорламайлик. Қисқа айтганда, хусусийлаштириш Сталин ўтказган коллективлаштиришининг тескариси – ҳамма нарсани текинга бериб юбориш жараёнига айланмаслиги керак. Зеро, ўртага ишонч тикилган. Ишонч эса энг қиммат актив.

Қобил Хидиров

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хусусийлаштириш – Сталин қилган ишнинг тескариси бўлиб қолмасин...