20:50 / 03.03.2021
2 050

Қонунчиликдаги ўзгартиришлардан хабардормисиз?

Қонунчиликдаги ўзгартиришлардан хабардормисиз?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратиб, давлатимиз раҳбари томонидан “бир суд - бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишига айни муддао бўлиб, ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга асос солди, жумладан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муқаддимасида, Ўзбекистон халқи инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилганлиги қайд қилинган.

Инсон ҳуқуқлари олий даражали бўлган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб амалга оширилаётган вазифалар натижасида, Конституцияда белгиланган суд ҳокимияти тизимига ўзгартиришлар киритишга сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”
ЎРҚ-671-сонли Қонуни билан, Конституция 107-модданинг биринчи қисмига ўзгартиш киритилиб, Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатлиги белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизимида қабул қилинган яна бир янги қонун, жорий йил 2021 йил 12 февралда имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ЎРҚ-673-сонли қонунига кўра, Жиноят кодекси
1281-моддаси билан тўлдирилиб, унда ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

2021 йил 18 февралда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш иа қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-675-сонли қонунига асосан, Жиноят кодекси 572-модда билан тўлдирилиб, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш амалиёти жорий этилиб, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори ушбу Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги кераклиги ҳақида қоида киритилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган энг муҳим ўзгартиш ва қўшимчалардан бири, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш эканлигига эътибор қаратсак, бунда кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш гувоҳ ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига биноан сўроқ қилишдан иборат бўлиб, ушбу ҳаракат кодексда назарда тутилган суд муҳокамаси қоидаларига кўра суд томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур қонун билан Жиноят-процессуал қонунчиликда, жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказиш жорий этилди, унга кўра, жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни, суд тарафларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан ўтказиши мумкин, дастлабки эшитув жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш, жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш, жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш, ЖПКда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш, номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш ҳақида асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.

Қонунларга киритилган ўзгартиришлар, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судловни амалга оширишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга асос бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси
Авазжон Ибодов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қонунчиликдаги ўзгартиришлардан хабардормисиз?