11:05 / 10.04.2021
2 239

Адлия вазирлиги: ерга ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларни таъминлашдаги муаммоларга чек қўйилиши лозим

Адлия вазирлиги: ерга ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларни таъминлашдаги муаммоларга чек қўйилиши лозим
Сўнги йилларда юртимизда мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган қатъий чораларга қарамасдан аҳолидан уларнинг ерга ва уй-жойларига бўлган ҳуқуқлари поймол этилиши тўғрисида мурожаатлар келиб тушишда давом этмоқда.

Хусусан, Адлия вазирлигига биргина жорий йилнинг I чорагида юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан 50 га яқин шикоятлар келиб тушган бўлиб, уларда асосан фуқаролар томонидан қуйидаги масалалар кўтарилмоқда.

1. Қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаб, инвестиция лойиҳалари бўйича фуқароларни хусусий уй-жойларидан мажбурий кўчирилиши, уй-жой қурилган ерларни белгиланган тартибда ерга бўлган ҳуқуқлар бекор қилинмасдан туриб бу ер участкалари тадбиркорлик субъектларига кўп қаватли уйлар қуриш учун берилиши ёки “резерв” қилиниши.
2. Мулкдорнинг ерини унга тенг бўлган ер участкасини бермасдан олиб қўйилиши.
3. Деҳқон ва фермер хўжаликлари эгаларининг ерга бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмасдан ушбу ерларни бошқа шахсларга бериб юборилиши.

Юқоридагиларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритишга масъул орган сифатида Адлия вазирлиги ушбу салбий ҳолатларга қатъий муносабати қуйидагилардан иборат.

1. Қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаб, инвестиция лойиҳалари бўйича фуқароларни хусусий уй-жойларидан мажбурий кўчирилиши, уй-жой қурилган ерларни белгиланган тартибда ерга бўлган ҳуқуқлар бекор қилинмасдан туриб бу ер участкалари тадбиркорлик субъектларига кўп қаватли уйлар қуриш учун берилиши ёки “резерв” қилиниши масалалари
Уй-жой кодексининг 70 ва 71-моддаларида давлат уй-жой фонди (муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди) да яшаб турган шахсларни турар жойдан кўчиришга доир қоидалар белгиланган.

Бунда, давлат уй-жой фондининг уйларидаги эгаллаб турилган турар жойдан кўчиришга қуйидаги асослар бўйича йўл қўйилади:
- агар турар жой жойлашган уй бузилиши керак бўлса;
- турар жой белгиланган тартибда авария ҳолатида ёки яшаш учун яроқсиз деб топилган бўлса;
- турар жой яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилаётган бўлса.

Кўчириш суд тартибида амалга оширилади. Бу ҳолада кўчмас мулк эгаси давлат ҳисобланганлиги сабабли у ўз мулкидан эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролар мулки бўлган уй-жой фондидаги уй-жойлар эса хусусий мулк ҳисобланади ва у Конституциянинг 53-моддасига мувофиқ бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Шу сабабли фуқаролар мулки бўлган уй-жой фондидаги уй-жойлардан мулкдорни Уй-жой кодексининг 70-71-моддалари асосида кўчирилишига етарли асослар мавжуд эмас.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 5-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, хусусий мулк бўлган мол-мулкни олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади.

Шу боис, фуқароларнинг хусусий уй-жойларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш Уй-жой кодексининг 27-30-моддалари ҳамда Ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарорида белгиланган қатъий талаблар асосида тегишли зарарлар қоплангач амалга оширилиши лозим.

Шу билан бирга инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ер участкалари бир жисмоний ва юридик шахсдан иккинчи шахсга берилганлиги давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳисобланмайди.

Ер кодексининг 37-моддасига кўра ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
– мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
– фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
– автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ва авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика тизими объектларини ва электр узатиш тармоқларини, алоқа тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
– аҳоли пунктлари бош режаларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини ижро этиш мақсадида, шунингдек қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг 1993/77-сон резолюциясига асосан, мажбурий кўчириш амалиёти инсон ҳуқуқларининг, хусусан, етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқининг жиддий бузилиши сифатида кўрсатилган.

Ер кодекси талабларига мувофиқ, ер участкаларини тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг манфаатлари йўлида олиб қўйиш давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳисобланмайди ва бундай ёндошув ҳуқуқий асосга эга эмас!

2. Мулкдорнинг ерини унга тенг бўлган ер участкасини ёки шунга мутаносиб компенсация бермасдан олиб қўйиш масалалари
Ер қонунчилигига асосан ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ва уй-жойлар бузиб ташланиши натижасида қуйидаги зарарлар қоплаб берилади:
– олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
– олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
– кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
– жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
– қонун ҳужжатларида ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар.

Бунда, компенсация қуйидаги шаклларда берилади:
а) пул маблағлари;
б) бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;
в) ер участкаси;
г) келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа турлари.

Шунингдек, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан (16 м2) кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётганда унга фақатгина ер участкасини бериш билан кифояланмасдан, балки унга ердан фойдаланишнинг бозор қийматидан келиб чиқиб, шу жумаладан фуқаро томонидан қилинган сарф-харажатларни инобатга олган ҳолда олиб қўйилган ер ва берилаётган ернинг бозор қийматидаги мавжуд фарқ ҳам компенсация сифатида тўлаб берилиши лозим.

3. Деҳқон ва фермер хўжаликлари эгаларининг ерга бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмасдан ушбу ерларни бошқа шахсларга бериб юборилиши масалалари
Ер кодексининг 23-моддасига асосан, эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади. Мазкур муносабатларда айнан ушбу белгиланган асосларда ва тартибга амал қилиниши шарт.

Мазкур Кодекснинг 37 (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш) ва 38-моддаларида (ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда ер участкасини олиб қўйиш) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ва ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганда ер участкасини олиб қўйиш асослари ва тартиби белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ–5780-сон Фармонига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилган.

Шу билан биргаликда халқ депутатлари кенгашларининг қарорлари қонунийлиги масаласи маъмурий судларда кўриб чиқилиши ва ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Маълумот учун: Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш қонунчиликка мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликларга сабаб бўлади.

Барча ноқонуний қарорлар ва хатти-ҳаракатларга қонунга асосан баҳо берилиши ҳамда судларда кўриб чиқилиши мумкин.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги: ерга ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларни таъминлашдаги муаммоларга чек қўйилиши лозим