23:33 / 21.05.2021
2 146

Ўз меҳнатимизни муҳофаза қилайлик


Ҳозирда мамлакатимизда кўплаб юртдошларимиз давлат ташкилотларида ёки хусусий корхоналарида ишласада, лекин уларнинг аксарият қисми меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилик базаси яратилганини, хусусан, Меҳнат кодекси, «Аҳоли бандлиги тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар мавжуд эканлигини билишмайди.

Бу қонун ҳужжатлари меҳнат бозоридаги долзарб муаммоларнинг ечимини топишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўташи ҳаёлига ҳам келмайди. Бугунги кунда иш берувчи томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳар доим ҳам қатъий амал қилинмаётгани турли кўнгилсизликлар ва оғир оқибатларга олиб келмоқда. Бунга мисол тариқасида «Navoiy Hamkor Beton» масъулияти чекланган жамиятида содир бўлган воқеани келтиришимиз мумкин.

Ушбу масъулияти чекланган жамият раҳбари темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Корхонада юк кўтариш кранида осилиб турган бетон плита бехосдан шу ерда ишлаётган ишчининг бошига тегиб кетади. Оғир жароҳат олган ишчини зудлик билан шифохонага олиб боришса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишолмайди.

Хўш, ушбу фожиани олдини олиш учун нималар қилиш керак эди?
Биринчидан корхона раҳбари амалдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этмаган. Хусусан, у ишчиларни буйруқ асосида ишга қабул қилмаган. Фақат оғзаки келишув асосида ишлаган ишчилар меҳнат жараёнида шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим-кечаклар билан таъминланмаган. Бундан ташқари ишчилар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитилмаган, бу борадаги билимлари синовдан ўтказилмасдан туриб, ишлашига рухсат берилган. Хусусан, юк кўтарувчи кранни бошқарувчи, унга юкларни илдирувчи ва туширувчи ишчилар ўқув тайёргарлигидан ўтказилмагани фожиага сабаб бўлган.

Таъкидлаш жоизки, бахтсиз ҳодисалар туфайли вафот этган ишчининг дафн маросимини ўтказиш учун оиласига моддий кўмак берилган. Қолаверса, қонунчиликда белгиланган тартибда товон пули ҳам тўланган. Халқимиз орасида «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деган нақл бор. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этмасдан, кўр-кўрона иш тутиш кутилмаган фожиаларга сабаб бўлади. Афсуски, шундан кейингина меҳнат муҳофазаси қоидалари эсга олинади.

Биз меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига нафақат қурилишларда ишлайдиганлар, балки барча соҳа вакиллари риоя этишимиз шарт. Шунинг учун ҳам сиз қаерда ишлашингиздан қатъий назар «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун билан танишиб чиқинг. Бу ўзингиз ва атрофдаги инсонлар учун фойдалидир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўз меҳнатимизни муҳофаза қилайлик