22:50 / 26.05.2021
3 225

Интизомий жазога тортилган судьяларнинг шахси нега сир тутилмоқда?

22 май куни Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлисида олти нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, улардан тўрт нафарига нисбатан интизомий жазо қўллашга розилик билдирилган. Бироқ Судьялар олий кенгаши жавобгарликка тортилган судьяларнинг шахсини сир тутмоқда.


4 нафар судья қайси қилмиши учун жазоланди?
Расмий баёнотда қайд этилишича, 22 май куни бўлиб ўтган Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлисида тўрт нафар судьяни ваколати муддати даврига қайта тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Хусусан, Давлатмирза Комилов ва Маҳаматиброҳим Тўланов Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари, Тўлқин Тўрақулов Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси, Азизахон Нажмиддинова Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси этиб тайинланган.

Бундан ташқари, ўн йил муддатга судьяликка тайинланган Жўрабек Худойназаров навбатдаги беш йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг раиси сифатида фаолиятини давом эттириши маълум қилинган.

Йиғилишда олти нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, муҳокамалар якуни бўйича тўрт нафар судьянинг интизомий жавобгарликка тортилишига розилик берилган бўлса, яна икки нафарига интизомий жазо тайинлаш рад этилган. Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда интизомий жазо чоралари кенгаш розилигидан сўнг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўлланиши эслатилади.

Бироқ интизомий жавобгарликка тортилган судьяларнинг на лавозими ва на шахсига оид маълумотлар келтирилган. Шунингдек, баёнотда улар қайси қонунга зид хатти-ҳаракатлари учун интизомий жазога лойиқ кўрилганига ҳам, интизомий жазо олган судьяларни кутаётган ҳуқуқий оқибатлар ҳақида ҳам лом-мим дейилмайди.

«Шахсларнинг очиқланиши судьяларга қўшимча босим бўлади»
Kun.uz мухбири интизомий жавобгарликка тортилган судьяларнинг шахси ва ушбуга лойиқ кўрилган қилмишига доир саволлар билан Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби Турсунали Акбаровга мурожаат қилди. У таҳририятнинг саволларига жавобан бу маълумотларни очиқлаш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлади.

«Интизомий жавобгарликка тортилган судьяларнинг шахсини очиқламаслик мақсадга мувофиқ. Чунки, улар фаолиятини давом эттиради-да, шахси очиқланиши жамоатчилик томонидан уларга қўшимча босим пайдо қилиш эҳтимолини оширади. Бу ҳол иш сифатига таъсир қилиши аниқ. Судьянинг иши эса инсон тақдири билан боғлиқ. Қолаверса, судьяда дахлсизлик ҳуқуқи ҳам бор.
Одил судловни амалга ошириш чоғида қонунчиликни бузгани ва суд ишини ташкиллаштиришда бепарволиги учун интизомий жазога лойиқ топилганларнинг икки нафари фуқаролик, бир нафари иқтисодий, яна бир нафари жиноят ишлари бўйича судьялар ҳисобланади», – дейди Турсунали Акбаров.

Энг қизиғи, кенгаш томонидан эълон қилинган хабарнинг дастлабки вариантида интизомий жавобгарликка тортилган судьяларнинг қайси судларда ишлаши ҳақида маълумот берилмаган. Kun.uz мухбири билан кечган суҳбатдан сўнг очиқланган расмий хабар тўлдириб қўйилган.

Қандай ҳолатлар судьялар дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади?
«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 67-моддасига кўра, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш улар мустақиллигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири экани келтирилган. Хўш, қандай ҳолатларда судьялар дахлсизлиги бузилади?
Қонуннинг 70-моддасига кўра, судьянинг шахси дахлсиз экани, дахлсизлик унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлилиги келтирилади.

Бироқ қонунда интизомий жавобгарликка тортилган судьянинг шахси ва қилмишини очиқлаш унинг дахлсизлигини бузиш ҳисобланиши ҳақида ҳеч қандай норма мавжуд эмас.

Очиқлик нимаси билан муҳим?
2020 йил 7 декабрь куни имзоланган «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишнинг муҳим шарти экани таъкидлаб ўтилган.

Яъни жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳудудида фаолият юритаётган судьяларга ишониши учун уларнинг фаолиятидаги оқ ва қора доғларни яхши билиши керак. Шунга қараб у судга иши тушганда қайсидир судьянинг унга оид ишни кўришини рад этиш, қайсидир судьянинг у манфаатдор иш бўйича суд жараёнига раислик қилишини талаб қилиш имконига эга бўлади. Бу эса ахборотни яшириш эмас, балки очиқлик, ошкоралик орқали амалга оширилади.

«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида ҳам очиқлик кенгаш фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида санаб ўтилган. Бирор ҳужжатда интизомий ёки бошқа турдаги жавобгарликка тортилган судьяларнинг шахси ва қилмишини очиқлашга нисбатан ҳеч қандай табу белгиланмаган.

Интизомий жазо олаётган ҳукумат аъзолари, республика даражасидаги идораларнинг раҳбар-ходимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул ходимларининг шахси очиқланиши жамоатчилик томонидан уларга қўшимча босим юкламайдими? Ахир улар ҳам фаолиятини давом эттиришмоқда, улар ҳам жамоатчилик билан бирга ишлашади. Хуллас, пародокс.

Судьялар олий кенгаши аввалроқ 11 нафар судья интизомий жазога тортилиши ҳақида хабар берган, бироқ ўшанда ҳам уларнинг шахси ва қилмиши жамоатчиликка ошкор қилинмаган эди.
Бундан ташқари, 2020 йилда коррупцияда билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган уч нафар судьянинг ҳам кимлиги ҳалигача жамоатчиликка маълум эмас.

Бизнингча, очиқлик борасидаги талаблар барчага баробар бўлиши, фуқаролар уларнинг тақдирини кимлар ҳал қилаётганини билишга ҳақли. Шу сабабли, Судьялар олий кенгаши 2021 йил давомида интизомий жазога тортилган судьяларнинг шахсини очиқлашини сўраб қоламиз.

Жамшид Ниёзов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Интизомий жазога тортилган судьяларнинг шахси нега сир тутилмоқда?

Жамият янгиликлари