18:00 / 05.06.2021
3 830

ИИБнинг икки «опери»га ҳукм ўқилди


Наманган вилоят ИИБ  Жиноят-қидирув бошқармасининг (ЖҚБ) икки нафар катта тезкор вакили жиноий жавобгарликка тортилди. Айни маълумотни вилоят судидаги «Xabar.uz» манбаси тасдиқлади.

Унга кўра, ЖҚБнинг «оёғи ердан узилган» икки ходими ҳам Жиноят кодексининг 234-(қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.

Воқеликка кўра, судланувчилар Э.Худайбердиев ва К.Тулашев (иккиси ҳам ўттиз ёшлар атрофида) 2020 йил 1 июнь куни қоқ пешинда Поп шаҳри марказидаги тамаддихонада енгил тушлик қилиш жараёнида ишлатган салфеткасини ерга ташлайди. Уларнинг бундай қилиғи тамаддихона иш юритувчиси М. Ғаффоровда эътироз уйғотади: «ерга чиқинди ташланмайди-да, акалар?!».

Танбеҳ «опер»лар ёқмайди ва шу жойнинг ўзида иш юритувчининг «ақлини кириб” қўйишга тушади. Аввалига «қани тиббий ниқобинг?» дея қўл телефонига  М. Ғаффоровни тасвирга олади. ЖҚБ ходимларининг ўзлари ҳам жамоат жойида ниқобсиз юргани боис иш юритувчи ҳам уларни қўл телефонига тасвирга олишга уринади. Бундай жавобни кутмаган "опер”лар майдалашиб ўтирмайди: иш юритувчининг қўл телефонини куч билан тортиб олгач, қўлини орқасига қайириб, бир икки мушт туширишади-да, машинага «босиб», тўғри туман ИИБга олиб келишади. Бу ерда ҳам уриб-дўппослашади, ҳатто Ғурумсаройда содир бўлган қотилликни «бўйнига қўйвориш» билан таҳдид қилишади...

Бир неча соатга чўзилган жисмоний ва руҳий босимлардан сўнг, «хумори» босилади чоғи, профилактика инспекторини чақириб, «54-модда билан маъмурий иш очиш”ни буюради. Профилактика инспектори ҳам «миқ» этмай буйруқни бажаради ва М. Ғаффоровни бўйнига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини (карантин қоидаларини бузиш) илади-қўяди (кейинроқ мазкур қўлбола «дело» туман прокурорининг протестига асосан бекор қилинади).

Икки «опер»нинг бундай «тарбиявий ишлари» илгари қўл келган бўлиши мумкин (ҳе йўқ-бе йўқ, боз устига куппа-кундузи бировни «ичкари»га олиб кирволиб, бемалол калтаклаши улар учун одатга айланганига шубҳа қолдирмайди), бироқ бу сафар ҳаммаси тескари айланди.

М. Ғаффоров аризасига асосан туман прокуратураси дарҳол ишга тушди, суриштирувда ЖҚБ ходимларининг қилмиши тасдиқланди, камига суд-тиббий экспертизаси жабрланувчи «бош мия чайқалиши, бошининг пешона, бурун, ўнг билак кафт бўғими соҳаларида қонталашлар, бошини ўнг томон пешона тепа соҳасидаги жароҳатлар» борлигини аниқлаб, ушбу жароҳатларни шахс ўзига-ўзи етказиши эҳтимоли камлиги ҳақида шаҳодат берди.

Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган пайтда ЖҚБ ходимларининг пайтавасига қурт тушгани аниқ. Йўқса, ўзлари ташаббус кўрсатиб, жабрланувчидан узр сўраш асносида етказилган моддий ва маънавий зарар учун нақ ўн миллион сўм тутқазиб кетармиди?! Бироқ уларнинг бундай «ҳиммати» ишни енгиллаштириб, жавобгарликдан қутилиб қолишларига олиб келмади барибир. Суд жабрланувчига етказилган моддий-маънавий зарар қопланганини қайд этиши баробарида уларга тегишли жазо берди-қўйди. Тўғри, тайинланган жазо жарима шаклида бўлди, бироқ шунинг ўзи тизимдан кетишига етиб ортадики, қайта форма кийишни энди орзу ҳам қилиша олмаса керак...
Яна қайдам.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИБнинг икки «опери»га ҳукм ўқилди