Москвада ҳуқуқ-тартибот органлари ўзбекистонлик Шере Шойгу ва унинг фамилиясини олган турмуш ўртоғини фирибгарликда гумон қилиб, тергов олиб бормоқда. Уларнинг 100 миллион рублдан ортиқ маблағни криптовалюта биржасига сармоя киритиш баҳонасида ўзлаштирган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳақда ТАСС агентлигига уч нафар жабрланувчининг адвокати Саид Яраҳмедов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, алданиб қолган москваликлар сони ва ўғирланган пул миқдори ҳозирда ҳисобланганидан икки баравар кўп бўлиши эҳтимол қилинмоқда.
“Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Шере Шойгу ва унинг турмуш ўртоғига нисбатан, фамилиясини ўзгартирган ҳолда фирибгарлик содир этилиши билан боғлиқ тергов ўтказиш ва жиноят иши қўзғатиш ҳақида ариза топширдик”, деди жабрланувчилар ҳимоячиси.
Маълумотларга кўра, гап москваликларни криптовалюта биржасига сармоя киритишни ваъда қилиш орқали алдаганлик ҳақида кетмоқда. 27 ёшли Шерехон Усмонова паспорт маълумотларини Шере Шойгу номига ўзгартириб, ўзини Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгунинг жияни сифатида тақдим қилган ва жабрланувчиларнинг пуллари билан ғойиб бўлган.
“Ҳозирча жиноятчилар ҳаракатлари оқибатида етказилган зарар 100 миллион рубль атрофида баҳоланмоқда, аммо эпизодлар сони ва умумий зарар миқдори икки баравар ортиши мумкин”, деб таъкидлади адвокат Яраҳмедов.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!