date

Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамтавоғи орқали қўлга олинди

Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамтавоғи орқали қўлга олинди

Сирдарё вилоятида ҳоким ўринбосари, Навоий вилоятида эса ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси ўзаро тил бириктириб, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилишган. Улар, тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликни келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганлигини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмаслик, шунингдек, гўёки Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиш эвазига хўжалик раҳбаридан жорий йилнинг июн ойида 10 минг доллар олишган.

Кейинроқ эса ҳокими ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг доллар талаб қилган. У ўтказилган тезкор тадбирда сўралган пулдан 10 минг долларини ўзининг ҳамтавоғи бўлган мутахассис орқали олган вақтида ушланган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Навоий вилоятида кузатилган ҳолатда эса Кармана туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига масъул бўлган ҳоким ёрдамчиси ноқонуний равишда 40 млн сўм олган вақтида қўлга олинган.

Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси ўзганинг ишончига кириб, 2024 йилда бошқа бир фуқарога ижарага берилган М-37 автомобил йўли ёқасидаги 12 кв.м ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 млн сўм талаб қилган. Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ховос тумани ҳокими ўринбосари ҳамтавоғи орқали қўлга олинди