18:26 / 11.08.2021
2 544

Вакциналар ва ҳомиладорлик: асоссиз даъволар нималардан иборат? Мутахассислар жавоби


Covid-19 вакциналари ҳомиладорликка зарар етказади ва ҳомиланинг тушишига олиб келади, деган асоссиз ва ёлғон даъволар ҳар қанча илмий далилларга қарамай, интернетда тарқалишда давом этмоқда.


Шифокорлар аввалбошда ҳомиладорлик пайтидаги коронавирусга қарши эмлаш масаласига нисбатан эҳтиёткорроқ тарзда ёндашиб, вакцина олмай туришни тавсия қилишганди.

Аммо ҳозирда хавфсизлик бўйича жуда кўп маълумотлар қўлга киритилгани сабабли бу борада берилган маслаҳат ўзгарди. Эндиликда вакцина ҳомиладор аёлларга фаол тарғиб қилинмоқда. Чунки коронавирусни юқтириб олиш ҳомиладорликни хавф остига қўйиши мумкин.

BBC нашри ҳомиладорлик ва коронавирусга қарши эмлашлар ҳақидаги асоссиз даъволар ва уларнинг нима учун ёлғон эканлиги ҳақидаги далилларни кўриб чиқди.

«Вакцина тухумдонларда тўпланади» – ёлғон!
Бу назария Японияда ўтказилган бир тадқиқотни нотўғри талқин қилиш туфайли келиб чиққан.
Ушбу тадқиқотда сичқонларга одамларга қараганда анча юқори эмлаш дозаси юборилади (1 минг 333 марта кўп).

Инъекциядан 48 соат ўтгач, сичқонларнинг тухумдонида умумий дозанинг атиги 0,1 фоизи кузатилади.
Умумий миқдорнинг 53 фоизи бир соатдан кейин, 25 фоизи эса 48 соатдан кейин инъекция жойида аниқланади (Одамларнинг қўлида).

Вакцина тўпланган навбатдаги жой эса қондаги чиқиндиларни тозалашга ёрдам берувчи орган – жигардир. 48 соатдан кейин умумий вакцина миқдорининг 16 фоизи жигарда пайдо бўлгани кузатилади.

Юқоридаги янглиш иддаони қўллаб-қувватлайдиганлар эса тухумдонларда топилган ёғ миқдори ҳақида гапиришади.
Эмлашдан 48 соат ўтгач, тухумдонларда ёғ миқдори ошган, чунки вакцина таркиби инъекция жойидан тана бўйлаб кўчган.
Аммо энг муҳими, тухумдонлардан топилган бу миқдор вируснинг генетик материалини ўз ичига олганига оид ҳеч қандай далил йўқ.

Нотўғри иддаони илгари сурганлар гарчи тадқиқот билан боғлиқ маълумотлар интернетда очиқ бўлса ҳам, у «сиздирилган» деб даъво қилишди.

«Кузатув маълумотлари шуни кўрсатадики, вакциналар ҳомиланинг тушишига олиб келади» – ёлғон!
Баъзи хабарларда Буюк Британия ва АҚШдаги вакциналарни кузатиб бориш маълумотлар базаларида ҳомиланинг тушиш ҳолатлари қайд этилгани таъкидланади.

Эмланган ҳар бир инсон ушбу кузатув тизимларида эмлашдан сўнг бошдан кечирган аломатлар ёки ўз соғлиғига оид бошқа маълумотларни қолдириши мумкин. Аммо эмланганларнинг ҳаммаси ҳам бу ҳақда хабар қолдирмайди. Шу маънода, бу ихтиёрийлик асосида яратилган маълумотлар базасидир.

Дарҳақиқат, маълумот базаларида ҳомила тушиши билан боғлиқ хабарлар мавжуд. Бироқ унутмаслик керакки, ҳомила тушиб қолиши, аслида, кенг тарқалган ҳолатлардан биридир. Бироқ бу – эмлаш туфайли ҳомиланинг тушиб қолиши содир бўлади, дегани эмас.

Бу борада ўтказилган бир тадқиқотда эмланганлар орасидаги ҳомила тушиш даражаси умумий аҳоли орасида кутилаётган тушиш даражасига – 12,5 фоизга мос экани ҳақидаги хулосага келинди.

Лондон Империал коллежи репродуктив иммунологи, доктор Виктория Мейлнинг айтишича, ушбу кузатув тизимлари вакциналарнинг кам учрайдиган ён таъсирини аниқлаш учун жуда қўл келади.

Агар сиз тўсатдан эмланган одамларда ғайриоддий аломатларни кўра бошласангиз, билингки, бу хавфли белгидир. Аммо ҳайз кўриш даврининг ўзгариши, ҳомила тушишлари ва юрак муаммолари каби аҳоли орасида кенг учрайдиган ҳолатларни кузатишда кузатув тизимлари унчалик яхши иш бермайди. Маълумотлар бундай ҳолатларга дуч келинса, ваҳима қилмаслик керак, чунки вакцина олган ёки олмаган одамлар ҳам бу каби соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин.

Башарти эмланган инсонларда эмланмаган одамларга қараганда ҳомила тушиш ҳолати кўп бўлса, мазкур маълумот бу борадаги сириштирувлар бошланишига йўл очиши мумкин. Лекин ҳолат бундай эмас.

Баъзи одамлар маълумотлар базаларида Covid-19 вакцинаси бўйича ўз фикрларини билдирганлар сони бошқа вакциналар ва дори-дармонлар ҳақидаги билдиришномаларга қараганда анча кўп эканига эътибор қаратишмоқда ва бу Covid-19 вакцинасининг хавфсизлиги пастлигини иддао қилиш учун ишлатилмоқда. Маълумотлар базасидаги фикр ва билдиришномалар сонининг ортиши, аслида, аҳолининг катта қисми эмлангани билан боғлиқ.

«Вакциналар йўлдошга ҳужум қилиши мумкин» – далил йўқ!
Илмий тадқиқотчи Майкл Йидоннинг тақдимотида Pfızer ва Moderna вакциналарида топилган коронавируснинг бош оқсили йўлдошнинг шаклланишида рол ўйнайдиган syncytin-1 оқсилига ўхшашлиги даъво қилинди.

Йидоннинг тахминича, вирусга қарши антитаналар ривожланиб бораётган ҳомилага ҳужум қилиши мумкин.
Баъзи экспертларнинг фикрига кўра, айни шу тахмин Covid-19 вакциналари туғилишга зарар етказиши мумкин, деган фикрнинг манбайидир.

Аслида, syncytin-1 ва коронавируснинг бош оқсили ҳар қандай икки тасодифий оқсилдай ўхшаш. Агар тана шу қадар осон «қоришиб» кетганда эди, ҳар сафар инфекцияга чалинганда ва антитаналар ишлаб чиққанда вужуд ўз органларига ҳужум қилиш хавфи остида қолган бўларди.

Аммо Йидон назариясини рад этишга ёрдам берадиган далиллар тўпланди. Ўзи ҳис қилган хавотирларга жавоб беришни истаган америкалик акушер, доктор Рэнди Моррис ЭКО қилинган беморларни эмлаш ҳомиладорликнинг муваффақиятли кечишига таъсир қилиш-қилмаслигини ўрганиш мақсадида тадқиқот ўтказди.

Морриснинг тадқиқоти натижасига кўра, эмланган, эмланмаган ва илгари вирус юқтириб олган 143 нафар кишининг муваффақиятли эмбрион имплантациясига эга бўлиши ва ҳомиладорликни давом эттириш имкониятлари тенг экани маълум бўлди.

Албатта, 143 кишилик экспериментал гуруҳга тегишли бўлган тадқиқот кичик тадқиқотдир. Аммо мазкур тадқиқот бошқа кўплаб далилларни тўлдиришга хизмат қилади. Агар юқоридаги даъво рост бўлганда эди, шундай ҳажмдаги тадқиқотда ҳам бу иддао намоён бўлишини кутиш мумкин бўларди.

Доктор Морриснинг сўзларига кўра, бу ваҳимани тарқатган одамлар эмлашдан олинган антитаналар туғилишга зарар етказар экан, табиий равишда пайдо бўлган антитаналар нима учун зарар етказмаслигини тушунтиришмаган.

Муаммо шундаки, олимлар бу даъволарга қарши инсонларга тасалли берувчи далилларни топишга ҳаракат қилаётган бир пайтда фитна назариячилари ҳар сафар янги бир даъво билан чиқишмоқда.

Худди доктор Моррис айтгани каби: «Муайян фитна назариясининг ўзига хос хусусияти шундаки, у рад этилган пайт сиз бошқа бир даъвога эътибор қаратасиз». 

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вакциналар ва ҳомиладорлик: асоссиз даъволар нималардан иборат? Мутахассислар жавоби