Дудуқланиш — бу инсон нутқидаги жиддий муаммолардан бири бўлиб, у асосан сўзларни эркин ва равон айта олмаслик ҳолати сифатида намоён бўлади. Дудуқланган шахс нутқидаги сўз ёки бўғинларда такрорланиш, узайиб қолиш ёки кутилмаган танаффуслар кузатилади. У киши аслида нима демоқчи эканини аниқ билади, аммо уни равон ифода этишда қийналади.
Аксарият ҳолларда дудуқланиш болалик даврида, яъни 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган орада кўп учрайди. Илмий маълумотларга кўра, болаларнинг тахминан 5–10 фоизи тилнинг ривожланиши жараёнида қисқа ёки узоқ муддатли дудуқланишни бошдан кечириши мумкин. Қизиғи шундаки, ўғил болалар орасида дудуқланиш ҳолатлари қизларга нисбатан 2–3 марта кўпроқ кузатилади ва ёш ошиши билан бу гендер фарқи янада кучаяди.
Одатда болаларнинг 75 фоизга яқини вақт ўтиши билан дудуқланишдан тўлиқ халос бўлади. Бироқ қолган 25 фоизида бу ҳолат давом этиб, баъзи ҳолларда бутун умрга чўзилиши мумкин. Шу сабабли, дудуқланиш инсоннинг ўзини қадрлаши, жамиятда эркин мулоқот қилиши, ҳатто ишдаги самарадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Нутқнинг равон пайдо бўлиши жуда мураккаб физиологик жараён ҳисобланади. У нафас олиш, товуш чиқариш (фонатсия) ва артикуляция (тил, лаб, томоқ ва танглай ҳаракатлари) каби бир нечта аниқ мувофиқлаштирилган мушак фаолиятларидан иборат. Барча бу жараёнлар эса мия орқали бошқарилади. Шу билан бирга, нутқ тўлиқ шаклланиши учун эшитиш ҳам катта аҳамиятга эга.
Дудуқланишнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда у ирсий омиллар билан боғлиқ бўлса, бошқа ҳолларда неврологик ёки руҳий сабаблар таъсирида пайдо бўлади. Масалан, боланинг оиладаги муҳити, стресс, қаттиқ қўрқиш ёки узоқ давом этган руҳий босим ҳам дудуқланишни кучайтиради.
Шифокор ва логопедлар таъкидлашича, дудуқланишни эрта босқичда тўғри даволаш орқали унинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун махсус логопедик машғулотлар, нафас олиш машқлари ва психотерапевтик усуллар қўлланилади. Айрим ҳолларда эса замонавий технологиялар ёрдамида дудуқланишни камайтириш ва равон нутқни тиклаш имкониятлари яратилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!