16:02 / 19.10.2021
1 722

Бола мактабга чиққунича ўзлаштириши керак бўлган 5 муҳим кўникма

Бола мактабга чиққунича ўзлаштириши керак бўлган 5 муҳим кўникма
Фото: Marie Claire
Мактабда олинган таълим ва ўзлаштирилган кўникмалар боланинг шахс сифатида шаклланишига ҳисса қўшиш билан бирга келажакда қайси касб ва ҳаёт йўлидан кетишни тушуниб етишга ёрдам беради. Аммо мактабга қадар ҳам болада фикрлаш, мулоҳаза қилиш, танлов қилиш ривожланган бўлиши керак. Бунда ота-онанинг кўмаги ва дилбанди учун вақт ажратиб биргаликда шуғулланиши муҳим саналади.

Танқидий фикрлаш
Янги авлод болалари ҳали интернетдан фойдаланмаган бўлса ҳам тенгдошлари ва катталар билан мулоқот қилади, кун давомида янги билим ҳамда кўникмаларни ўзлаштиради. Шу сабаб ҳам болалигиданоқ болаларга ҳақни ёлғондан ажратишни, ахборотни текшириш ва таҳлил қилишни ўргатиш керак. Бунинг учун фарзанд билан бирга ўйнаш, ўқиш ҳамда маълумотларни тушунтириб бериш керак. Қолаверса, болалар китобидаги навбатдаги бобдан нималарни эслаб қолганини сўраш, номларини айтиб беришни сўраш керак. Шу йўсинда болакай кўпроқ маълумотни эслаб қолиб, уни таҳлил қилади ва ортиқча кераксиз нарсаларга вақт кетказмайди.

Коммуникатив қобилиятлар
Албатта, ҳеч ким болалардан фалсафий аҳамиятга эга мулоҳазаларни талаб қилмайди. Аммо улар мактабга қадар савол ва унга жавоб беришни уддасидан чиқиши, нималар бўлаётгани ҳақида айтиб бериб, ўзаро боғлиқ гаплар тузишни эплаши керак. Шу туфайли бола билан бирга китоб ўқишни, ундан мустақил равишда воқеалар тузиб беришини сўрашни канда қилманг. Шундан кейин хатоларини кўрсатинг ва қандай қилса тўғри бўлишини тушунтириб беринг.

Фикрларини ифодалашдан ташқари, бола тенгдошлари билан қандай мулоқот қилиш кераклигини ҳам билиши зарур. Гап шундаки, ижтимоийлашиш жараёни айнан боғча ва ўйин майдонидан бошланади. Эрта ёшданоқ атрофдагилар билан чиқишиб кетиш, фикрларини баён қилиш, саволлар билдириб, одамларга жинси, Ёши ва миллатидан қатъий назар ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим саналади.

Диққатни жамлаш
Болакай мактаб ёшигача ва кичик синфларданоқ, диққатни жамлаш ва бошлаган ишини охирига етказишни уддасидан чиқса, кейинчалик ахборотни ўзлаштириши осонроқ бўлади. Болаларда фаоллик борасида танловнинг кенглигидан келиб чиқилса, уларнинг чалғиш эҳтимоли юқори экани ҳеч кимга сир эмас. TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларда бир зумда контент йиғиш тренди фаол ривожланаётгани ҳисобга олинса, боланинг эътиборини чалғимаслиги аввалгидан мураккаброқ бўлади.

Диққатни жамлашни ривожлантириш учун ота-оналар фарзандлари билан стол ўйинларини ўйнаши, хотира машқларини бажариши, тартиб-интизомга риоя қилишни ўргатиб шу билан бирга рағбатлантиришни эсдан чиқармаслик керак. Бу бола учун мотивация бўлади.

Мустақил бўлиш ва ташаббускорликни ўрганиш
Болада эркинлик ва ташаббускорликни ривожлантириш учун унга ўзи билан ўзи қолганида зерикмасликни ўргатиш керак. Бунинг учун бир киши иштирок этадиган ўйин ўйлаб топинг, қизиқарли конструкторлардан фойдаланинг. Шунингдек, болада барча янгиликларга нисбатан қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилинг. Шу билан бирга болангиз учун ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйманг, танлов қилишига қўйиб беринг. Масалан, сайрга қандай курткада чиқишни, нонуштага нима ейишни исташини ўзидан сўранг. Бу катта бўлганида ўз йўлини мустақил танлаши ва ўзгаришларга бир зумда мослашишига ёрдам беради.

Digital-кўникмалар
Рақамли саводхонлик замонавий болалар учун энг муҳим кўникмалардан саналади. Аксарият ота-оналар фарзандлари боғланиб қолиши, кўп вақти бесамар кетиб ўқимай қўйишидан қўрқиб гаджетлардан фойдаланишга рухсат бермайди. Аммо сиз истайсизми йўқми бугунги кунни ва келажакни технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Болага кейинчалик замонавий технологияларни ўрганиш осонроқ бўлиши учун, эрта болаликдан бошлаб, гаджетларга қарам бўлмаслик, аксинча улардан самарали фойдаланишни ўргатиш керак. Интернет бола учун битмас-туганмас маълумот манбайи саналади. Ота-она ҳамиша ҳам бола берган саволларнинг жавобини билавермаслиги мумкин. Бундай вақтда биргаликда интернетга мурожаат қилиш ва жавоб топиш мумкин. Болангизга ҳаммаси эҳтиёткорлик амалга оширилса, интернетдан фойдаланиш хавотирли эмаслигини кўрсатинг. Агар у болалигиданоқ оддий маълумотни топишни уддаласа, мактаб ва университетда илмий адабиётлар, электрон кутубхоналар ва ҳатто хорижий манбалардан ҳам муаммосиз фойдалана олади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бола мактабга чиққунича ўзлаштириши керак бўлган 5 муҳим кўникма