16:45 / 26.10.2021
1 456

«Айрим «эксперт»ларнинг ўзбек халқи сиёсий жиҳатдан фаол эмаслиги бўйича даъволари нотўғри» — тадқиқотчи

«Айрим «эксперт»ларнинг ўзбек халқи сиёсий жиҳатдан фаол эмаслиги бўйича даъволари нотўғри» — тадқиқотчи
Ўзбекистонда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ андозалари, демократик тамойиллар ва миллий қонунчилик меъёрларига мувофиқ ташкил этилган навбатдаги президентлик сайловлари ўз якунига етди. Беш сиёсий партия ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар иштирок этган, ўзаро рақобат руҳида ўтган сайлов кампаниясида илгари сурилган сайловолди дастурлари ва тарғибот тадбирларида билдирилган фикр-мулоҳазалар сайловчилар томонидан ўз баҳосини олди.

Халқимиз давлат ва жамиятнинг яқин истиқболдаги тараққиёти, қолаверса, ҳар бир фуқаро ўз келажаги қайси йўналишда бўлишини исташи ҳақида ўз фикрини очиқ билдирди. Энди бу муҳим тадбирда қатнашган сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари учун сайлов натижаларини сарҳисоб қилиш, давлат бошқарув органлари учун эса сайлов кампаниясида илгари сурилган таклиф ва режалар ҳамда уларга нисбатан фуқароларнинг муносабатини чуқур таҳлил қилиш вақти келди.

«Халқ танлови – хақ танлов» деган гап бор. Ўзбек халқи сайловда ўз танловини қилди, ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан номзоди кўрсатилган мамлакатимизнинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев сайловларда ишончли ғалабага эришганини кўрсатмоқда.

Сайлов натижаларининг таҳлили халқимиз номзодларнинг сайловолди дастурлари ва тарғибот тадбирларида ўртага қўйган масалаларни жиддий ўрганиш билан бир қаторда бу ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этишнинг қанчалик ҳаётий, яъни реал заминга эгалиги, бу таклиф ва режаларнинг ҳар томонлама, ҳуқуқий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа жиҳатлардан асослантирилганига, шунингдек номзодлар томонидан бу йўналишларда шу пайтгача қандай ижобий ҳаракатлар қилинганига алоҳида эътибор қаратганини кўрсатмоқда.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида сайловда иштирок этиш ва ўзи танлаган номзодларга овоз бериш фуқароларнинг ҳуқуқи ҳисобланади. Айни пайтда кўплаб ривожланган давлатларда ҳам сайловда қатнашиш ва овоз бериш фуқароларнинг бурчи деб белгиланган. Айрим мамлакатлар қонунчилигида эса сайловда қатнашмаганлик учун турли жазо чоралари ҳам мавжуд.

Иккинчидан, сайлов жараёнларида айрим шахслар томонидан турли ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги сайловлар керак эмаслиги ҳамда сайловларни «бойкот қилиш», яъни сайловда қатнашмаслик мақсадга мувофиқ деган кўплаб даъватлар тарқатилди. Шунга қарамай, сайлов ҳуқуқига эга бўлган ва сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг мутлақо кўпчилиги сайловларда овоз бериш йўли билан бу масалага нисбатан ҳам ўз фикрини билдирди.

Умуман олганда, бу йилги сайлов натижалари кейинги йилларда Ўзбекистон жамиятида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юксалиб боргани, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошгани, аҳолининг ўзи яшаб келаётган ҳамда келажакда ўз фарзандлари камол топиши керак бўлган давлат ва жамият ҳаётига бефарқ эмаслигини намойиш қилди.

Мана шу икки ҳолатнинг ўзи ҳам мамлакатимиз халқининг сиёсий дунёқараши олдинги даврларга таққосан сезиларли даражада кенгайгани, мамлакат ичи ва ташқарисидаги айрим «эксперт» ва «сиёсатшунос»ларнинг ўзбек халқини сиёсий жиҳатдан фаол эмаслиги тўғрисидаги даъволарини нотўғри эканлигини кўрсатди.

Шу маънода Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб кимлар ва нима учун овоз берди деган саволнинг ўзи ортиқча. Чунки, сайлов ҳуқуқига эга барча ватандошларимиз бу саволга ўзларининг аниқ жавобини берди.

Ўтган беш йил давомида Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ички ва ташқи сиёсати ҳақида аҳолининг барча қатламларида тассаввур шаклланган, илгари сурилган ташаббус ва режаларнинг ижобий натижалари кўпчиликнинг ҳаётида яққол сезилди. Шу сабабли ҳам халқимиз сайловда «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилга асосланган ислоҳатларнинг изчил давом этиши учун овоз берди.

Бу мавзуда жуда кўп мулоҳазалар билдириш мумкин, бироқ ҳозир биз фақат аҳолининг кўпчилиги учун бевосита алоқадор бўлган айрим муҳим масалалар юзасидан бир-икки фикрлар билан чекланишимиз мумкин:

- нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши ва валюта бозорининг эркинлаштирилиши. Кўпчилик эсласа керак, ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақлари, айниқса нафақахўрларнинг пенсия тўловларини ҳали етарли шароитларни яратмай туриб, «пластик карта» тизимига ўтказилиши сабабидан аҳоли ўз қонуний пул маблағларини турли хил лўттибозларга ялиниб, катта фоиз эвазига нақд пулга алмаштиришар эди. Чунки, савдо шаҳобчалари ҳар хил сабаблар билан нақд пулсиз савдо қилишдан қочар, банк карталаридан пул ечиш учун етарли банкоматлар йўқ эди.

Ўқиш, бизнес ёки даволаниш мақсадида чет давлатларга бориб келиш ҳатто бунинг учун етарли маблағи бўлган фуқаролар учун ҳам катта муаммо эди. Албатта, хорижга чиқиш учун хорижий валюта керак бўлиб, оддий инсонлар учун «хўжа кўрсин»га очиб қўйилган валюта алмаштириш шаҳобчаларидан валюта сотиб олиш имкони йўқ эди. Айни пайтда, турли хил коррупция алоқалари туфайли конвертация амалиётига қўли етадиган айрим тоифага мансуб шахслар миллий ва хорижий валютанинг расмий ва «қора бозор» нархидаги фарқи эвазига жуда катта миқдорда «ҳаводан пул» қилиш билан шуғулланишарди.

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иқтидорга келгач, молия ва банк тизими фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича бир қатор қатъий чора-тадбирларни амалга оширди, нақд пул муомаласи ҳамда миллий пул конвертацияси билан боғлиқ кўп йиллик салбий ҳолатларга чек қўйилди. Албатта, аҳолининг кўпчилиги ҳаётига бевосита таъсир кўрсатган бу ўзгаришларни ўз бошидан ўтказган миллионлаб инсонлар сайловда бу ишларни ташаббускори бўлган инсон номзодини қўллаб овоз берди;

- фуқароларни «рўйхатга қўйиш» (прописка) тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам ҳақида ҳам юқоридагидек фикрларни билдириш мумкин. Кўпчилигимиз «рўйхатга олиш» масаласида жуда кўп юртдошларимиз ўнлаб йиллар давомида қийналиб келгани ва «пропискангиз йўқ» деган биргина баҳона сабабли қанча иқтидорли ёшлар «ташқарида» қолиб кетганига гувоҳ бўлганмиз. Ўтган давр мобайнида вақтинча ёки доимий «прописка»сиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлиги бекор қилинди, барча учун мамлакатнинг исталган ҳудудида меҳнат қилиш имкони юзага келди. Пойтахтда кўчмас мулк сотиб олиш учун ушбу ҳудудда доимий рўйхатда бўлиш шартига боғлиқ қоидалар қонунчиликдан чиқариб ташланди. Фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар келгусида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «ягона дарча» тамойили асосида амалга оширилиши назарда тутилагани аҳолининг ортиқча оворагарчилиги ва сарф-ҳаражатларига барҳам берди.

20 йилдан ортиқ даврда бундай имкониятни фақат орзу қилиб келган ўн минглаб фуқаролар ва уларнинг юз минглаб оила-аъзолари сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб овоз бергани аниқ;

- фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш тартибларининг соддалаштирилиши.

Мамлакатимиз ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахслар муаммоси илдизлари мустақилликнинг дастлабки йилларига бориб тақалади. Бир пайтлари ягона ҳуқуқий-сиёсий макон таркибида бўлган ва кейинчалик мустақил ривожланиш йўлига кирган давлатларнинг бир қатор тоифадаги аҳолиси шундай муаммоларга дуч келган эди. Турли сабабларга кўра, бир мамлакатдан бошқасига доимий яшаш учун келган шахслар ўн йиллаб мамлакат ҳудудида яшаб, ҳатто бола-чақалари вояга етгунча ҳам фуқаролик мақомига эга бўлмай яшаб келарди. Маълумотларга кўра, 1991 йилдан 2007 йилгача бундай тоифадаги шахслардан бор йўғи 482 таси Ўзбекистон фуқаролигини олган. 2007-2016 йиллар давомида ҳеч кимга фуқаролик берилмаган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан кучга киритилган бу норма мамлакатда доимий яшаб турган қарийиб 100 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз хоҳишига кўра қисқа муддатларда Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкинлигини таъминлаган. Агар бундай тартибда фуқароликни олган ҳар бир инсон ортида камида 8-10 тадан яқин қариндошлари мавжудлигини ҳисобга олсак, бу тоифага мансуб юз минглаб фуқаролар ҳам сайловларда Шавкат Мирзиёев учун овоз берган;

- Ўтган беш йил давомида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилди, тадбиркорлар томонидан давлат органларидан ўнлаб турдаги лицензиялар ва юзлаб шаклдаги руҳсатномалар олиш амалиёти бекор қилинди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизими изчил такомиллаштирилиб, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай шароитларни яратишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди. Айниқса, назорат қилувчи идораларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ҳолатлари кескин камайтирилди.

Шу сабабли ҳам бугунги кунда иқтисодиётнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётган юз минглаб кичик ва ўрта бизнес вакиллари, уларнинг бошқарувидаги катта ва кичик жамоа аъзолари сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини якдиллик билан қўллаб чиқишди;

- олий ўқув юртларида ёшларнинг ўқиш қамровини кескин оширилиши, сиртқи ва кечки ўқиш шаклларини қайта тикланиши, турли ҳудудларда хорижий ва хусусий университетлар ҳамда уларнинг бўлимлари ташкил этилиши катта ҳаёт майдонига кириб келаётган ёш йигит-қизлар ва уларнинг яқинлари томонидан бевосита ҳис қилинди. Абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшириш имконияти юз минглаб ёшлар ва уларнинг ота-оналарнинг миннатдорлигига сабаб бўлди. Албатта бундай ёшларимиз ва уларнинг кўп сонли яқинлари сайловда Шавкат Мирзиёев учун овоз беришди.

Шавкат Мирзиёев Президентлик мақомида бўлган дастлабки беш йил давомида амалга оширилган ислоҳатларнинг фуқаролар учун энг муҳимларини шунчаки санаб чиқиш учун ҳам кўп вақт талаб қилиниши юқоридаги мисоллардан ҳам кўриниб турибди.

Бу борада ҳар бир фуқаро ўз касб-кори, турмуш тарзи, дунёқараши ва шахсий қизиқишларидан келиб чиқиб ўз фикрини билдириши мумкин. Масалан, кимдир, Ўзбекистон Президентининг минтақамиз давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш йўлидаги саъйи-ҳаракатларини таъкидласа, кимдир аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ортиқча қоғозбозликлар ҳамда фуқаролардан ўнлаб шаклдаги маълумотномаларни талаб қилиш амалиётига чек қўйилганига эътибор қаратиши мумкин. Кўпчилик давлат органларининг очиқлиги ва уларнинг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш йўлидаги ижобий натижаларни эътироф этиши аниқ. Ва албатта, бундай фикрларнинг барчаси ўз асосига эга.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Айрим «эксперт»ларнинг ўзбек халқи сиёсий жиҳатдан фаол эмаслиги бўйича даъволари нотўғри» — тадқиқотчи