Суверен давлатнинг расмий рамзлари ҳисобланувчи байроқ, мадҳия ва герб мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ субъектлари билан алоқаларни ўрнатишида, халқаро муносабатларда иштирок этишида муҳим сиёсий аҳамиятга эга миллий тимсол ҳамда эътироф белгисидир. Ҳалқаро одат анъаналарига кўра давлатнинг сиёсий мустақилликка эришишини, халқаро миқёсда ўз ўрнига эга бўлишини ушбу рамзларсиз тасаввур қилиш мушкул албатта.
Маълумки, давлатимиз мустақилликка эришган илк кунларданоқ Ўзбекистон Республикасининг миллий давлат рамзларини ишлаб чиқишга ва уларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга бўлган эҳтиёж юзага келди. Кўплаб сай-ҳаракатлар натижасида 1991 йилнинг 18-ноябрь санасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонуни қабул қилиниб, мамлакатимизнинг мустақиллиги тимсоли байроғимиз тасдиқланди.
Айтиш жоизки, халқаро муносабатларда давлат байроғи ҳар қандай мамлакатнинг миллий рамзи сифатида эътироф этилиши билан бирга, халқаро протокол ва этикет қоидаларининг ажралмас қисми саналади. Дипломатик протокол ҳамда халқаро мулоқотда давлатга ва унинг расмий вакилларига нисбатан ҳурмат, эътироф, одоб-ахлоққа асосланган “халқаро ҳушмомилалик” тамойилларига амал қилиш талаб этилади. Халқаро протокол амалиётида асосий давлат рамзларидан фойдаланишда муайян одоб-ахлоқ нормалари ишлаб чиқилган бўлиб, давлатнинг суверен рамзларидан бири бўлмиш байроққа нисбатан аниқ протокол муносабатида бўлиш одат тусига айланган.
1961 йилги “Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенцияси”нинг 20-моддасига биноан: “Дипломатик миссияси ва унинг раҳбарлари ваколатхона биносида, жумладан ваколатхона раҳбарининг қароргоҳида, транспорт воситаларида юборувчи давлат байроғи ва гербидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар”.
Дипломатик ваколатхоналар томонидан давлат байроқларидан фойдаланиш қоидалари юборувчи давлатнинг ўзи томонидан белгиланиши мумкин, аммо қабул қилувчи давлат байроғини юборувчи давлатнинг байроғи билан бир қаторда қўллаш тартиби дипломатик протокол қоидаларини шаклланишига сабаб бўлган.
Халқаро протокол қоидаларига кўра асосий давлат рамзларидан фойдаланиш одоб-ахлоқ нормаларининг асоси байроқ ва гербнинг қонун билан тасдиқланган тавсифига қатъий мувофиқлигидадир. Байроқ ва герб тасвири туширилган буюмлар, расмий муҳр билан муҳрланган ҳужжатлар алоҳида аҳамият касб этади. Расмий давлат рамзларидан товар бренди кўринишида фойдаланиш қатъиян ман этилади. Расмий давлат белгиларига нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоиадалари халқаро шартномаларда мустаҳкамланади.
Халқаро протокол амалиётида байроққа нисбатан қуйидаги этикет қоидалари ишлаб чиқилган:
- иккита байроқ орасини кесиб ўтишда байроқ томондан қаралганда фахрий жой ўнг томондир;
- байроқлар бир вақтнинг ўзида кўтарилганда байроқ томонидан қаралганда фахрий жой байроқнинг ўнг томони ёки марказидадир;
- байроқ ерга ёки полга тегиб туриши мумкин эмас;
- байроқ устуннинг юқори қисми билан бир текисда кўтарилади;
- байроқ қуёш чиққан вақтда кўтарилади ва қуёш ботган вақтда туширилади(байроқ кун-у тун кўтарилиши лозим ҳолларда тун вақтида уларга ёруғлик туширилади);
- мотам вақтида байроқ устуннинг ярмига қадар туширилади;
- байроқ тезлик билан кўтарилиб, секинлик билан туширилади;
- байроқ стол устида ўтирган одамнинг ўнг томонидаги махсус стенда жойлаштирилади;
- стендлардаги байроқлар бир хил баландликда ва бир хил ўлчамда бўлиши даркор ва бошқалар.
Давлат байроғининг бино олдидаги ёки иморат устидаги махсус байроқ устунларида кўтарилиши бир қатор талаблардан иборат бўлиб, бунда байроқнинг кўтарилишида байроқ ҳамда устун ўлчамлари бир–бирига мослигининг оптимал нисбати 1:6 га тенгдир. Кичкина байроқнинг баланд устунда, аксинча унча баланд бўлмаган устунда катта ҳажмдаги байроқнинг кўтарилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида бир нечта давлат байроқлари кўтарилишида, ҳар бир байроқ алоҳида байроқ устунида бир хил баландликда ва бир хил ўлчамдаги байроқлардан иборат бўлиши, бир-бирининг устини қопламаслиги керак. Бир нечта давлат байроқларининг кўтарилиши давлатлар номининг алифбодаги ҳарфлари кетма-кетлигига монанд равишда қўйилади.
Бундан ташқари, байроқлар юқори даражадаги хорижий делегациялар ташрифи мобайнида хусусан, халқаро конгресслар, конференциялар, симпозюмлар, фестиваллар, спорт мусобақалари, кўргазмалар ва давлат органлари томонидан ўтказиладиган бошқа расмий маросимлар, байрамларда намойиш этилади. Икки давлат байроғини осиб қўйишда хорижий давлат байроғи мезбон давлат байроғининг ўнг томонидан (байроқ томонидан қаралганда) ўрин олади. Халқаро тадбир ўз байроғига эга бўлган жамоат ташкилоти томонидан ўтказилаётган ҳолларда ушбу ташкилотнинг байроғи давлат байроғининг чап томонидан ўрин эгаллайди.
Шунинг билан бирга, расмий давлат ташрифлари, хорижий делегация вакилларини аэропортларда кутиб олиш маросимларида ҳам меҳмон давлат байроғи қад кўтарилиши лозим. Расмий тартибда эсдалик совғалари ва гуллар танлашда ҳам кутиб олинаётган давлат байроғи ранглари инобатга олиниши халқаро ҳуқуқда юксак эътироф ва ҳурмат белгисидир. Халқаро доирадаги тадбирларни ташкил этишда байроқларнинг мақомига мос ҳолда жойлаштириш амалиёти қўлланилади. Байроқларнинг мақоми (юқоридан қуйига қараб) қуйидаги тартибда аниқланади:
Биринчи ўринда, халқаро ташкилот байроғи;
Иккинчи ўринда, давлатлар байроқлари;
Учинчи ўринда, қабул қилувчи мамлакатларнинг ижро органлари байроғи;
Тўртинчи ўринда, қабул қилувчи давлатдаги ташкилот, муассаса ва корхоналарга тегишли байроқлар.
Байроқларнинг мақоми уларни кетма-кетликда жойлаштиришда аҳамиятга эга бўлиб, байроқларнинг ўлчами ва баландлигига таъсир кўрсатмаслиги, доимо бир хилда бўлиши лозим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, байроқнинг қадр-қиммати мамлакат ичкарисида ҳам ташқарисида ҳам ҳимоя қилинади ва улуғланади. Зеро, халқаро амалиётда давлат рамзларни ҳақорат қилиш, миллат ва давлатни ҳақорат қилишга тенглаштирилган. Давлат рамзларидан фойдаланишни тартибга солувчи милий нортматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқаро ҳуқуқ, протокол анъаналаридан келиб чиқиб ишлаб чиқилиши миллий ва давлат анъаналарининг ҳамоҳанг уйғунлашувига олиб келади.
Фарангиз Нурбобоева,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди