Оксфорд университети жаҳон илм-фан марказларидан бири сифатида яна бир муҳим қадамни амалга оширди — эндиликда бу машҳур даргоҳда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг таъкидича, Оксфорд университетининг “Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари” факультети ўз дастурларига ўзбек тилини қўшиш орқали мамлакатимиз маданий меросига бўлган чуқур ҳурмат ва қизиқишни намоён этган.
Саида Мирзиёева шунингдек, университет раҳбарияти томонидан ўз фаолияти учун тақдим этилган мукофотни қабул қилганидан мамнунлигини билдирди.
“Бу мукофот — Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш йўлида президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга берилаётган юксак баҳодир”, — деди у.
Мирзиёева ташриф доирасида Оксфорднинг илмий хазинаси саналган Бодлиан кутубхонаси билан ҳам танишди. Ушбу кутубхонада жаҳон маданиятининг ноёб дурдоналари — Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Ҳусайн Бойқаронинг “Девони Ҳусайний” тўплами, шунингдек, Бобурийлар даврига оид миниатюралар сақланаётгани маълум қилинди.
“Бу жойда сақланаётган ҳар бир китоб — нафақат илм, балки тарих ва маданият оламининг жонли гувоҳидир. Ўзбек маданий меросининг бундай нуфузли илмий марказда ўрганилиши юртимиз нуфузини янада оширади”, — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.
Шундай қилиб, Оксфорд университетида ўзбек тилининг ўқитилиши нафақат тил, балки миллат маданияти, адабиёти ва тарихини дунё миқёсида кенгроқ танитиш сари ташланган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.