Фото: Kun.uz
Ўтган аср 90-йилларидаги ушбу жиноят очилиши миллий прокуратура тарихидаги муваффақият намуналаридан бири бўлиб қолган.
Шахси номаълум мурда
1993 йил 20 июн. Кундузи соат 12ларда Навоий вилояти Конимех туманидан ўтган асфалт йўлдан икки юз метрлар узоқликдаги даладан ер қазувчилар номаълум шахснинг кўмиб ташланган жасадига дуч келишди.
Мурда ҳақида тегишли идораларга хабар берилди. Воқеа жойига вилоят прокурори, вилоят бош терговчиси, прокурор-криминалист, суд-тиббиёт эксперти, ички ишлар бошқармасининг мутахассис изқувари, тезкор-қидирув ходимлари ҳозир бўлди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгани сабабли, воқеа жойида бирорта из йўқ эди.
Ягона илинж – ўқотар қуролдан икки марта отилиши натижасида боши мажақланиб кетган ва юзи таниб бўлмас ҳолга келган мурда ва унинг устидаги чириш даражасига етиб қолган кийимидан эди.
Бу инсон ким, бу ерга қандай келиб қолган, қотиллар ким, нима сабабдан, қаерда, қачон ўлдирилган, деган саволларнинг ҳеч бирига жавоб йўқ. Шу туфайли, терговчилар олдида ўта мураккаб вазифа тургани аниқ эди.
Дастлаб, қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Воқеа жойи, унинг яқин атрофи ўрганиб чиқилди. Мурданинг танаси синчиклаб ўрганилди, намуналар олинди.
Суд-тиббий экспертиза қуйидаги хулосани берди: марҳум ўрта ёшлардаги европа миллатлари тоифасига мансуб. Бошига қўшоғиз ов милтиғи билан 2 марта тираб отилган сочма ўқ оқибатида ўлим топган. Шу билан бирга, ўнг умуртқасидаги 6, 7 ва 8-қовурға суяклари синган бўлиб, бу жароҳатлар жиноят содир этиш пайтида жисмоний куч ишлатилгани, тепкилаш таъсирида бўлгани эҳтимоли бор. Бош суягида ўқ изидан ташқари суяклар мажақланган. Бу жароҳат болтанинг сирти ёхуд шунга ўхшаш оғир ва қаттиқ предмет билан уриш натижасида етказилган бўлиши мумкин.
Навбатдаги вазифа – марҳумнинг шахсини аниқлаш эди. Шу сабабли, теварак-атрофдаги аҳоли яшаш пунктларидан бедарак йўқолган инсонлар суриштирилди. Аммо бедарак йўқолганлар орасида мурдадаги белгиларга ўхшаши топилмайди.
Калаванинг учи топилгандек...
Ниҳоят, Жиззах вилояти Зафаробод туман ички ишлар бўлимидан келтирилган йиғмажилдлар орасида 1993 йил 25 май куни Сергей Иванов исмли шахс бедарак йўқолгани ва кейинроқ унинг хабари топилгани ҳақидаги иш учраб қолади.
Маълум бўладики, эр-хотин Ивановлар Зафаробод посёлкасида яшаб келган. Эрининг тўсатдан йўқолиб қолиши натижасида марҳумнинг рафиқаси Мария Иванова 1993 йил 25 май куни милиция бўлимига мурожаат қилади. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, Тошкентдан эрининг номидан жўнатилган телеграмма келиб қолади: “Қўнғироқ қилолмаяпман. Хавотир олманглар, соғман. Бу ерда машинам бузилиб қолди. Тузатишга анча вақтим кетяпти”.
Телеграммадан кейин ҳам Сергей Ивановдан дарак бўлмагани тергов гуруҳида шубҳа уйғотди. Мария Иванова Конимехда топилган номаълум мурда бўйича иш олиб бораётган тергов ишига жалб этилди. Унга шахси номаълум мурда кўрсатилди. Аёл мурдани яқиндан ўрганиб, уввос солиб юборди – у ёстиқдошини ҳеч иккиланмай таниб олган эди...
Телеграмма ёрдам берадими?
Терговчининг ягона умиди телеграмма қўлёзмасидан бўлиб қолади: “Ишқилиб, қўлёзма сақланиб қолган бўлсин-да!”
Ҳозирда ўтмишга айланган телеграмма юборишда уни жўнатадиган одам алоқа бўлимига бориб, ходимга матнни қўлёзма шаклида бериши талаб этиларди. Қабул қилувчи шахсга эса телеграмма қоғозда чоп этилган шаклда борарди.
Тошкентдаги алоқа бўлимидан телеграмма қўлёзмаси топилади. Телеграмма жиноятчи томонидан терговни чалғитиш ва вақтдан ютиш мақсадида жўнатилганига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.
Эндиликда қўлёзма кимга тегишли эканини топиш керак эди. Барча куч ва воситалар ёзув эгасини қидиришга йўналтирилди.
Узоқ давом этган ҳаракатлардан сўнг, қўлёзмадаги ёзув Зарафшондаги кон бошқармаларидан бирининг кадрлар бўлимидаги шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари орасидан Мадина Амирова исмли аёлники билан ўхшашлиги аниқланди. Ёзувлар икки томчи сувдай бир-бирига ўхшарди.
Мавҳумликдан ойдинликка
Экспертиза тайинланди. Экспертиза хулосаси иккала ёзув бир шахсга тегишли эканини тасдиқлади.
Мадина Амирова терговга жалб этилди. Бошида у терговчини “қўлёзмадаги ёзув уники эмас”лигига ишонтиришга уринади. Бефойда уринишлардан сўнг у тилга киради.
Мадина Амирова турмуш ўртоғи Ш.Амиров билан бирга уюшган жиноий гуруҳга хизмат қилгани, гуруҳни Станислав Самойлов бошқариши, Шамил Басаев ва Игор Матвиенко гуруҳнинг фаол аъзолари экани маълум бўлади.
Самойловнинг топшириғига кўра, Мадина шаҳарда юрган янги машина эгалари бўлган эркаклар билан танишиши, гўёки ишқий муносабатга киришиш майли борлигини кўрсатиб, уларни тузоққа илинтириши лозим бўлгани ойдинлашди.
Ана шундай тузоқлардан бирига – янги “нол тўққиз” Жигули эгаси Сергей Иванов илиниб қолганди...
“Тасодифий” учрашув
Кунлардан бир куни ресторандаги “тасодифий” учрашувда Сергейнинг кўзи ёнидаги столда ёлғиз ўтирган қора соч, қора кўзли, хушқомат Мадинага тушади. Шу паллада Мадина ҳам ўзига тикилиб ўтирганини сезиб қолади. Бу тикилишда ўзи билан танишиш майли борлигини сезган Сергей Мадинанинг столига бориб ўтиради ва уни гапга тутади. Мадина ёқимли овози ва ҳозиржавоблиги билан Сергейни шошириб қўяди. Сергей томонидан “кутилмаганда” айтилган бирга овқатланиш таклифига Мадина бир оз ўйланган бўлиб, “майли” дея жавоб берди.
Бирга овқатланиш асносида Мадина Сергейга ўзини боши очиқ деб таништиради. Бу вақтда эса Сергейнинг турмуш ўртоғи икки ҳафтадан буён онасиникида яшаётган, камига яна бир ҳафта қолиш нияти борлигини айтганди. Телефонда дастлаб сипогина бошланган суҳбатлар кулги ва ҳиринг-ҳиринглар билан давом этадиган бўлди. Аммо бу суҳбатлар Сергей учун кифоя қилмасди. Бу аёл баданининг тафтини сезиш орзуси Сергейнинг ҳаловатини бузганди.
Телефон орқали навбатдаги суҳбатда Мадина Сергей билан яна бирга овқатланиш таклифини қабул қилди.
Сергей учун чиқарилган “ҳукм” ижроси
Навбатдаги учрашувда Мадина Сергейнинг кўзига янада гўзал кўриниб кетади. Эркак режасини бугундан қолдирмасликка аҳд қилади.
Овқатланиш жараёнида ичкилик кўпайиб кетади. Суҳбат қизигани сайин Мадина кўпроқ ичкилик буюртма қилаверади. Аёлнинг илтимосини рад этолмаган Сергей якунда ичкиликдан ўзини билмас даражага келиб қолади.
Бўкиб ичирилган Сергей якунда ўз мақсади – хилват жойга таклиф қилинади.
Алдов билан чекка жойга олиб борилган Сергей у ерда жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тепкилар билан кутиб олинади. Шу жараёнда Самойлов болтанинг сирти билан Сергейнинг бошига зарба бериб, уни ҳушидан кетказади. Сўнг, қўшотар милтиқ билан бошига тираб, икки марта ўқ узади...
Шаҳвоний истаги қурбонига айланган марҳумнинг танаси чуқурга кўмиб ташланади.
Жазо
Сергейни ўлдиришдан мақсад – унинг янги автомобилига эгалик қилиш эди. Моддий манфаат учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган қаттол жиноий гуруҳ бунгача ҳам шунга ўхшаш бир неча жиноятларга қўл урган ва улар очилмай келаётганди.
Гуруҳнинг барча аъзолари бирма-бир қўлга олинади. Жиноятчилар тергов жараёнида рад этиб бўлмас далиллар қаршисида ожиз қолади. Уларнинг аввалги жиноятлари ҳам фош этилади.
Узоқ давом этган тергов якун топиб, иш судга оширилади. Жиноят иши Навоий вилоят судида кўриб чиқилади. Якунда суд С.Самойлов ва И.Матвиенкони олий жазо – отиб ўлдиришга (Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йил 1 январдан бекор бўлган), Ш.Амировни 13 йилга, Ш.Басаевни 11 йилга, М.Амировани 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилади.
“Тергов амалиёти” қўлланмаси асосида
Аббос Салайдинов тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Аббос Салайдинов тайёрлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар