Давид Алаба Реал Мадридни тарк этиши мумкин

Давид Алаба ва Реал Мадрид жорий мавсум якунида хайрлашиши кутилмоқда. Австриялик ҳимоячининг шартномаси ёзда ўз ниҳоясига етади ва томонлар уни узайтириш ниятида эмас. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Италиянинг Корриере делло Спорт нашри хабарига кўра, РБ Салзбург клуби 33 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Австрия жамоаси Алабани ёш футболчиларга устозлик қиладиган тажрибали етакчи сифатида кўрмоқда.
Алаба учун ватанига қайтиш ҳиссий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. У ўз фаолиятини айнан Австрияда бошлаган ва у ердан Бавария сафига йўл олган эди. Бироқ, футболчига фақатгина Салзбург эмас, балки бошқа клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Трансфер бўйича инсайдер Фабризио Романонинг таъкидлашича, Алабанинг агенти Пини Заҳави Милан шаҳрида бир қатор клублар билан музокаралар олиб борган. Шунингдек, футболчининг MLS ёки Саудия Арабистони чемпионатига ўтиш эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.
Жорий мавсумда жароҳатлар сабабли Алаба Реал Мадрид сафида атиги 14 та ўйинда майдонга тушди. 2021-йилда Мадридга келган ҳимоячи жамоа билан икки бор Чемпионлар лигаси ғолиби бўлишга эришди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!