00:20 / 24.05.2017
16 546

Рамазонда билишимиз зарур бўлган нарсалар

Рамазонда билишимиз зарур бўлган нарсалар
Муборак Рамазон ойига жуда кам вақт қолди. Бу ой Аллоҳ таолонинг барокатлари ва раҳм-шафқатига бой ойдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазонни васф этиб, шундай марҳамат қиладилар: «Бу сабр ойи, унинг мукофоти эса – жаннатдир”.
Бу муборак ойда мусулмонларга Аллоҳ розилиги учун мислсиз имкониятлар ва барокатлар берилади. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Аллоҳ таолонинг диққати инсонга қаратилганини таъкидларкан, «У Зот алоҳида раҳмат ёғдиради, гуноҳларни кечиради ва дуоларни ижобат этади. Аллоҳ таоло саъйи ҳаракатингизга қараб фаришталар олдида фахрланади. Шу ойда У Зотнинг шафоатига эришолмаган инсон, дарҳақиқат, бадбахтдир», дедилар.

Хуш келибсан, Рамазон!

Мағфират ва Жаннат эшиклари очилган, шайтони лаъин кишанланган муборак ой – Рамазон эшик қоқмоқда. Сизу биз бу эшикни очишга ҳозирмизми?!
2017 йили 27 май Рамазоннинг биринчи кунига тўғри келади (Ойнинг чиқишига қараб ўзгариши мумкин). Шу ойнинг энг қадрлиси охирги ўн кунидир.
Рамазон алоҳида хусусиятларга эга ойдир:
1. Рамазон Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан биринчи ваҳий келган ойдир. Бу воқеа 610 йили Рамазон ойида содир бўлган. Рамазон – бу Қуръони карим ойи.
2. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Яхши амаллар натижасида одам шу ойда Аллоҳ таолога яқинлашса, бу бошқа ойда фарзини адо этганга тенгдир. Рамазон ойида фарзни адо этганга эса бошқа ойда қилинган фарзга нисбатан етмиш фарз мукофотини олади. Бу ой сабр ойи, унинг мукофоти эса – Жаннатдир».
3. «Бу ойнинг биринчи ўн кунлиги – Аллоҳ таолонинг марҳамати, иккинчиси, кечирими, учинчиси, дўзахдан қутқариши. Рамазонда қулни озод этганни Аллоҳ таоло дўзахдан озод этади, ифторда рўзадорга сув берганни Аллоҳ таоло қиёмат куни Кавсар сувидан ичиртиради ва у Жаннат эшигига киргунича чанқамайди».
4. Рамазонда шайтонлар занжирбанд этилади, ва бошқа пайт каби ёмонлик қилолмайдилар;
5. Рўза тутиш Ислом устунларидан бири. Рамазон ойида рўза тутишни Аллоҳ таоло фарз қилиб берган. Рўзадаги афзалликларнинг саноғига етиб бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: «Бу ойда ҳар бир киши очлик нималигини бошидан ўтказади ва бева-бечораларга раҳм-шафқатли бўладилар. Бу ойда имонли бандаларнинг ризқи кенгаяди.
Рўзадорни таомлантирган гуноҳларидан фориғ бўлиб, дўзахдан озод этилади. У рўзадор билан тенг мукофотланади. Бунда рўзадорнинг мукофоти ҳам камаймайди».
6. Таровеҳ намози – Рамазон ойида хуфтон фарз намозидан кейин ўқиладиган суннат намозидир. Рўзанинг биринчи тунидан бошлаб ўқилади ва охирги тунда тугатилади. Таровеҳ намозини жамоа билан масжидда ўқиш афзалдир.
7. Фитр садақаси – Рамазон ойининг охирида бериладиган фарз садақадир. Фитр садақасини ийдул Рамазонгача беришга ҳаракат қилиш керак.
8. Бу ойда шундай бир тун борки, у минг ойдан ҳам устундир. Бу тун қадр кечасидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.» (Қадр сураси, 1–3-оятлар).
Лайлатул қадр – Қадр кечаси Рамазоннинг учинчи ўн кунлигига тўғри келишини кўпчилик уламолар такидлашган.

Манба: islom.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рамазонда билишимиз зарур бўлган нарсалар