17:26 / 07.07.2018
6 060

Қора қисматдан қочган йигит

Қора қисматдан қочган йигит
Иссиқ этларимизни куйдириб юборарди. Ҳаво худди бўғилиб қолган томоққа ўхшаб хириллаб, юрган сари нафасинг ҳарорати алангаланади. Очлик ҳақида-ку, ҳеч қандай гапга ҳожат йўқ. Бир зумга бўлса-да, тўхташнинг имкони топилмайди. Олдингдаги манзилни билмай, Худога таваккал қилиб, кетаверасан, кетаверсан. Атрофга аланглайсан. Гўё бутун дунёнинг тутуни бошингда юргандай туманни кўрасан. Туман орасида эса катта-кичик, чўзинчоқ, думалоқ, бесунақай бошлар. Не савдоларга мубтало бўлган бошлар. Қочқинлик, сен мудҳиш савдосан!..

* * *

Ўшанда Дамашқ кўчаларида байрам бўлганди. Неча йиллардан буён ҳаво кўрмаган уйлар шамоллатилиб, деразалар очилган, рангли кийимлар кийилган, бозорларни, кўчаларни одам босган кезлар. Гулгун чеҳралардан умид таралган, хуш кайфиятда уйғонган болаларнинг шўх овози қалбларга ором бўлган дамлар. «Толибонлар»ни ана шундай кутиб олгандик. Хўрозқанд кўтарганча, ука-сингилларимга улашиб юрганимда, аслида, мотамни нишонлаётганим, авом халқим сингари менинг ҳам хаёлимга келмаганди, албатта.

— Энди тинчлик бўлади!

— Ҳа, энди ҳаммаси яхши бўлади!

— Биз кутган бахтни беришади!

— Тинчликнинг ўзи катта бахт. Бугун халқимиз бунга эришди!

Дарҳақиқат, тинчлик — бахт! Аммо бизнинг халқ қопқондаги пишлоқни кўрибоқ, қоринни тўйдириб қўя қолибди ўша онлар. Орадан бир йил ўтмай, шундоқ ҳам пароканда ватанимиз энди кўз ўнгимизда йўқликка юз тута бошлади. Қатъий қоидалар, талаблар тил учида «биз учун хайрли» дея номланган бўлса-да, аслида, зулмлар қуршовида қолган эдик. Дамашқ кўчаларида энди юришнинг ўзи хавфли эди. Ҳар дақиқа ортингга хипчин келиб тушишию калтаклар омадли эканингдан дарак бўлар, чунки энди ҳар сония сени дайди ўқ нариги дунёга олиб кетиши ҳеч гап эмасди.

— Ахир у ҳали ёш бола эди-ку! Инсофинг борми?! У ҳали гўдак эди-ку!

— Гўдаклиги қолибдими? Ёши ўн иккида, нега намоз вақтида кўчада юрибди? Тағинам ўлмаганига раҳмат дегин!

Ана ўшанда, кўчадаги чалажон мушук боласини уйга олиб кириш учунгина кўчага чиққан укам бир қўлидан ажралганида, илк бора «толибонлар»га тик қараб бақирдим. Ҳа, бақирдим, холос! Ҳа, мен қўрқдим. Қўрқув! Бу сени ожиз қилиб қўядиган, ҳар сония умидсизликка ғарқ қиладиган, овозингни ўчириб, фақат кўзларингда алам билан жим қолдира оладиган ҳиссиёт. «Ахир ёш болани қайси виждон билан ўққа тутдинг?! Унга дашном берсанг ҳам бўлар эди-ку! Кўзингга кўринган одамни яралаб кетавериш қайси динда оқланган?! Наҳотки сен ҳам тақводорсан?! Наҳотки сен ҳам инсонсан?!» Бу саволлар ичингда қолиб кетаверади. Чунки гапга ҳожат йўқ, ялинишга ҳожат йўқ, адолат сўрашга ҳожат йўқ. Ҳар сафар фақат улар ҳақ бўлиб чиқаверар, алам ва изтиробда қолган одамлар йўл четида ётган ўғиллари, қизлари, оналари, оталарини судраб кетаверишарди. Бу ҳам омад. Акс ҳолда, жасадинг кечаси итлар учун яхшигина зиёфатга айланарди. Орадан анча йиллар ўтди. Шу йиллар ичида жуда кўп одамлар оилалари билан Покистон, Эрон ва бошқа давлатларга жўнаб кетишди. Ҳар сафар кетиш ҳақида гап бошланганида онамнинг ноласи мени тўхтатиб қоларди: «Бу бизнинг Ватан, кетсак, рўшнолик топмаймиз. Ўзга ерларда хор бўлиб ўлишни истамайман, ўғлим…»

Буткул очарчилик, ночорликда қолган Сурия халқи энди дастурхон атрофида уч маҳал ҳам ўтирмай қўйганди. Биз саратоннинг иссиғида қовурилиб, лабларимизни тамшаб ўтирардик. Кўчаларда ҳеч кимнинг сояси кўринмасди. Жамол (бир қўлидан айрилган укам) ва Юсуф аллақандай ўйин ўйнашар, икки синглим — Робия ва Омина сочларини ўриш билан овора, онам уйда қолган охирги масаллиқдан нимадир тайёрларди. Очлик силламизни қуритса ҳам дадамни кутаётгандик. Дадам охирги чинни идишлар, (уларни «толибонлар» Дамашқ кўчаларига кириб келишганида ўзим сотиб олган эдим) синглим Робиянинг сарпосига аталган никоҳ кўйлаги ва онамнинг никоҳ узугини сотиш учун дўсти Камол амакининг ёнига кетганди. Аср вақтидан ўтгандан кейин бошимни дарчадан чиқариб, узоқдан келаётган отамни кўрдим. Паст бўйли, озғин, қотмадан келган нимжонгина отамни ва чарақлаб кетган нурни. Нур билан бирга қулоқларимга ўта кучли, визиллаб ўтган таниш овоз эшитилганди. Ракета овози, сўнг оловли қуюн ва менинг чинқириғим. «Дада-а-а!» дедиму ўзимни ёнаётган кўланка томон урдим. Ўша пайтлар ичимда айнан қандай ҳислар бош кўтарганидан бехабарман. Аниқроғи, тушунарсиз ҳолатда, миттигина бўлса ҳам умид шуъласи билан югургандим, холос. «Эҳтимол, тирикдир, эҳтимол, тирикдир, ҳозир, ҳозир қутқариб оламан!» деган умид миямда, юрагимда ғужғон айланар, аланга ичига ёш боладай йиғлаганча қараб «Дада, дадажон!» дея бақирардим. Ўзимча кийимимни ечиб, фойдасиз ҳаракатлар билан гоҳ оловни ҳайдасам, гоҳ тутаётган дарахт шохларини минг уриниш билан четга сурардим. Уйимиздан кимлардир югуриб чиққанида ҳам, қўшнилар мунгли ўтинчлар ила таскин бераётганда ҳам мен тинмасдим. Ҳар куни, ҳар соатда кимнингдир ўлимидан хабардор бўласану, лекин айни шу ҳолатга ўзинг тушишинг мумкинлиги хаёлингга ҳам келмайди. Кўз олдимда яқинларидан айрилган қанчадан-қанча танишларимнинг ҳолатини ана ўшандагина бор бўйи билан кўрган эдим. Ўшандагина нима бўлса ҳам кетишимиз лозимлигини тушундим.

— Йўқ, энди кетмасак бўлмайди, онажон, бу қарғиш теккан мамлакатдан, ваҳшийликлардан, очарчилик, ишсизликдан қутулишнинг ягона чораси — қочиш. Ақлимни таниганимдан буён шу аҳвол қайталанаверади. Урушлар, босқинлар, қирғинбарот! Наҳот бизнинг қисмат шу қадар мудҳиш бўлса! Наҳот бирор йўл топилмаса?! Кетамиз, етар энди, кетамиз!

Бечора онам қаршилик билдирмади ва биз уч-тўрт тугунни йиғиб, йўл тадоригини бошладик. Камол амакидан отам сотган буюмларнинг пулини олдим ва кетишга ҳозирлик кўраётган дўстларим билан алоқага чиқдим. Қўлимда бутун оила учун етиши керак бўлган арзимас тангалардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди…

* * *

Мен кетиш олдидан катта қийинчиликлар муқаррарлигини билмагандим. Эндиликда биз учун ҳатто қочиш ҳам мушкул бўлиб қолган экан. Бадавлат, обрўли қочоқларнинг қочишлари осон кечган бўлса керак! Ҳар ҳолда, пул бўлса, чангалда шўрва. Лекин бизга ўхшаган чўнтаги тешикларнинг аҳволи кундай равшан. Баъзан кенг, баъзан тор майдонлар, гоҳ саратон, гоҳ қаҳратон, чегаралар, ёрдамга муҳтож, саргардон, юпун, кир-чир, сарғайиб ёки кўкариб кетган тўп-тўп одамлар. Самолёт, поезд, автомобиль каби транспортлар бизга ўхшаганлар учун саҳронинг нариги тарафида турган саробдек гап. Чунки бизлар хотинидан зерикиб саргузашт хоҳлаган ва бунинг учун шунчаки бирор курортга жўнаворадиган америкалик эмасмиз. Чунки бизлар саёҳатга муккасидан кетган европалик эмасмиз. Чунки бизлар қўлида олмослар ўйнайдиган бойвачча ҳам эмасмиз. Биз қочоқмиз!

Зулмдан, йўқчиликдан, очликдан, бомбалардан, ўқлардан, портлашлардан, нотинчликдан қочган қочоқлармиз!

Ҳар қадамда ўлим билан юзма-юз келаётган, нурли келажакни орзу қилаётган, бунинг учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган қочоқлармиз!

Бир қўлида озгина нон, сув, уч-тўрт кийим яширилган сумкаларини, иккинчи қўлида яланг оёқ, оч болаларини кўтариб олган аёллар, саргардонликдан силласи қуриб, ғазабнок бўлиб қолган эркаклар ва чинқириб йиғлаётган болалармиз. Биласизми, улар ҳар қадамда ўлади! Ҳар қадамда бир жон осмонга учади. Бизлар худди Ер юзасига тарқалган вирус каби саҳролар, ўрмонлар ва ҳатто денгизларда ҳам топиламиз. Мен ўзимни айнан шундай номлашга ўрганиб ҳам қолдим.

Мана, доимий ғала-ғовур, ур-тўполон орасида ука-сингилларим, онам билан турибмиз. Қуёш энди тиккага етиб, ёндиргандан-ёндиряпти. Жамол бир қўли билан ҳадеб жароҳатини ушлар, жони оғриётгани юзидан шундоққина билиниб турибди. Юсуф ва Оминанинг ҳам аҳволи яхши эмас. Бироқ ҳаммасидан ҳам Робиянинг аҳволи оғир. Ливияга кириш чоғида оломон орасида оёқ-ости бўлиб қолиб кетгани учун ички аъзолари қаттиқ эзилибди. Буни қочқинлар орасида бизларга шерик бўлиб келаётган афғон доктор айтди. Барака топсин, қўлидан келганича ҳаракат қиляпти, лекин умид йўқдек. Қўлимда инграётган синглим деярли кўзини очмаяпти, фақат алаҳсираган кезлари «Дада, уйга кетақолайлик, қийналиб кетдим», деб қўяди, холос. «Дадамиз кетган, сингилжоним, яқинда сен унга етасан». Онамнинг эса йиғлашга-да ҳоли қолмаган.

Баъзан бизни «Ваҳший, ҳайвонсифат одамлар», дея таърифлаганларга қараб дод солгим келади. «Уруш, ночорлик, қувғинлик сизларни ҳам бу ҳолатга солиб қўйиши ҳеч гап эмас. Биз ҳам инсонмиз. Бизнинг ҳам бир пайтлар ўз уйимиз, оиламиз, иссиқ овқатимиз, тоза кийимларимиз бор эди. Биз ҳам бир пайтлар сизлар каби тонглари уйғониб нонушта қилгач, ишга жўнардик, кечаси уйга қайтардик. Бизнинг ҳам ўз ватанимиз бор эди ва ана ўшанда сиз каби маданиятли эдик. Аммо ҳозир, ҳа, биз ҳайвон сингари, вирус сингари бўлиб қолдик. Чунки биз очмиз, муҳтож, ночор, ожизмиз». Дилимдан ўтаётган бу оғриқлар, ҳозир мен билан ёнма-ён кетаётган ҳар бир қочоқнинг қалбида акс садо ураётган бўлса, ажаб эмас.

Кечга бормай синглим Робиянинг жони узилди. Биз уни йўл четига кийимлари билан кўмдик. Йиғладик. Куйиндик. Сўнг яна йўлда давом эта бошладик. Мен эса ўзимни айблашдан нарига ўтолмасдим, чунки энди қўлларимда Юсуф ётарди. Доктор дўстимнинг ташхисига кўра, уни офтоб урибди. Нафақат бизнинг оилада, атрофдаги қолган одамларда ҳам бундай дардлар бисёр. Ҳар куни камида икки одамни ерга қўяётган қочқинларнинг бари энди ўзидан хавотирда. Ғала-ғовур ортган, ночорлик яна ҳам авжига чиққан қочқинликнинг қирқ еттинчи куни. Деярли икки ой! Мана шу икки ой ўлиб қолмаслик учун, бир амаллаб яшаб қолиш учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Меҳрибон Худо ризқимизни саргардонликда ҳам етказиб турди. Дарҳақиқат, яхши одамлар ҳар ерда ҳам топилар экан. Дини, ирқи, миллати, тили бошқа бўлса ҳам чегаралардан ўтиш пайтида уларнинг бизга ёрдамлари тегди. Саховатпеша инсонлар халталарни тўлдириб кийимлар, озиқ-овқат, ўйинчоқлар (гарчи уларни ҳозир кераги бўлмаса ҳам) бизга илиниб туришди.

Ва ниҳоят, биз Ўрта Ер денгизига тушиб олдик.

— Ўғлим, мадорим қолмади, бу ёғига ука-синглинг сенга омонат! — деди онам денгиздан ўтиш пайтида қирғоқ бўйига ўтириб.

Мен эса ҳаллослаган кўйи юкларимизни ҳам олмай, Европа ҳақида ўйлардим, холос.

— Онажон, яна бир қадам ва биз Европада бўламиз, туринг, илтимос, ҳозир жой қолмайди! — дедим-да, онамнинг ёнида ерга чўзилиб ётган ҳушсиз укамни кўтаришга чоғландим.

— Қўй, унга тегма. У, барибир, ўлади! — деди онам узоқдаги мавжланаётган, мовий осмон билан туташиб кетган денгиз сатҳига бефарқ қараб. — Сизлар кетаверинглар, мен шу ерда, ўғлим билан бирга қоламан!

— Онажон…

— Ҳали уруш бошланмаган йилларда кичкинагина қизча эдим. Сочларимни майда ўриб, яланг оёқ, ямоқ тушган кийимларда ўйнаб юрардим. Ўн иккита опа-акам билан талашиб-тортишиб овқатланардик. Ҳа, булар ҳавас қилгудак манзара эмас, тўғрими? — деди-да, онам менга қараб мунгли жилмайди ва пичирлаб қўйди. — Лекин ҳамма ер тинч эди, тинч эди!

— Онажон, ҳали яхши кунлар келади! Бу ҳам бир синов, ўтади. Тинч шаҳарлардан бирида тинч ҳаёт бошлаймиз. Мен ишлайман. Сиз эса болаларимни эркалатасиз, овқатлантирасиз. Ахир ҳеч ким сиз каби мазали таом пиширмайди-ку! — дедим онамнинг бағрига бош қўйиб йиғларканман.

Атрофда эса ҳамон ур-тўполон ҳукм сурар, одамлар бир-бирини танимай, бўш қайиқларга осилишарди, югуришарди, ёқалашишарди. Мен эса дунё ташвишларини унутиб, онамнинг бағрида ҳўнг-ҳўнг йиғлардим. Чунки укам Юсуфнинг ўлиши, онамнинг ҳам унинг ортидан кетиши равшан эди. Шу пайт узоқдан доктор дўстимнинг овози келди, у мени кетишга ундарди. Волидамнинг, чалажон укамнинг юзидан алам ва изтироб билан ўпдиму, қайиқ томон югурдим. Ҳа, мен уларни ташлаб кетдим. Лекин қўрқоқлик сабаб эмас, ночорликдан ташлаб кетдим. Ахир ҳушсизларни, барибир, кемага олишмасди, онам эса икки дунёда ҳам ўлим ёқасидаги фарзандини ташлаб кетмасди. Қайиққа чиққанимда синглим Омина кўзларини пирпиратиб, онам ва Юсуфни қидирди, типирчилаб атрофга аланглади ва уларнинг қирғоқ бўйида қолишганини кўриб, ўзини ҳар тарафга ура бошлади

— Иймонсиз, нега ташлаб кетдинг уларни? Қўйиб юбор, кетмайман, онамсиз ҳеч қаерга кетмайман! Нега, ака, нега бундай қилдинг?! Онажон! Юсуф! Онажон!

Охири синглим менинг қўлларимда йиғлаб-йиғлаб тинчиб қолди. Мен эса узоқ-узоқларда нуқтадай кўринмай кетаётган, ўз уйидан кетишни истамаган онам ва бу ҳаётга тўймаган укамга бемажол қарардим. Ҳаёт йўллари жуда сирли, антиқа экан. Мен шу кунгача кечган изтиробларимни жумбоқли сандиқчага ўхшатаман. Бу сандиқча ичида минглаб, миллионлаб тақдирлар бор. Тараққий этган мамлакатлардаги ҳаётга, у ерда яшаётган инсонларга ҳавасим келади. Агар у ерда кимнидир ари чақиб олса ёки бармоқлари қонаб кетса ҳам ҳамманинг эътиборига тушиши мумкин. Лекин бизга, яъни дунёнинг оғриқли нуқтасига айланган мамлакатдан чиққан, харобаларда сарғайган, оғриқлар оғушида қолган, ўша сандиқчадаги ночор қочоқларга эътиборни орзу қилиш мумкин, холос. Тинчлик ҳукм сураётган мамлакатларга қараб, бугун мен Умар ибн Салоҳиддин шундай қичқираман «Тинчликнинг қадрига етинг, одамлар!»

Биз, ниҳоят, Европага кириб келдик. Денгиздан ўтиш чоғида эса тўрт мингга яқин қочоқ нобуд бўлди. Уларнинг орасида эса менинг қариндошларим, танишларим, дўстларим, синглим Робия, укам Юсуф ва волидам ҳам бор…
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қора қисматдан қочган йигит