“Ёшлик элексири”

  • Ҳаёт тарзи
  • 18-08-2018, 23:35
  • 1 174
  • “Ёшлик элексири”
    Қадимда халқ табобатида организм баҳор ва куз фаслида қон олдириш (махсус ишлов берилган ҳайвон шохлари ёрдамида), хижама қилдириш, зулук қўйиш, шунингдек, турли шифобахш гиёҳлар аралаштирилган мева-сабзавотлар шарбатини ичиб, очлик билан даволаш ва сурги ичиш каби усулларда хилтлардан тозаланган.

    Йил давомида кунда уч маҳал овқатланиш сабабли одамнинг барча аъзолари тинимсиз ишлайди. Ҳатто, темирдан ясалган турли буюмларни ҳам бетиним ишлатсангиз, улар ҳам бир кун келиб бузилади, таъмирталаб бўлиб қолади. Ишчи-ходимлар ҳам йилда бир марта соғлиғини тиклаш учун меҳнат таътилига чиқади. Шундай экан инсон организми ҳам вақти-вақти билан парҳезли кунлар, сурги ва очлик билан даволашга муҳтождир.

    Одамнинг тўрт мучаси соғлом бўлсагина унга олам шодликлари татийди. Ўзи ҳам шижоатга тўлиб, меҳнат қилади. Кўнгли хотиржам, уйқусида ҳаловат бўлади. Оилада кимдир бемор бўлса, барчанинг тинчи бузилади. Шу сабабли биров-бировдан ҳол-аҳвол сўраганда энг аввало, унинг ва бола-чақасининг соғлиғи, оиласининг тинч-хотиржамлиги ҳақида сўрайди. Ҳозиргача бирорта одам ўзгадан сизда қанча тилла-кумушингиз бор, деб сўрамайди. Зеро, оғир ва тузалмайдиган дардга чалинган хаста киши дунёнинг бор дуру жавоҳирларини сотиб бўлса ҳам соғлиғини, тирикликни сотиб олишни орзулайди. Аммо, бунинг ҳеч иложи йўқ. Шундай экан азизлар, Худо берган тансиқ неъмат – ўз соғлиғингизни ва яқинларингизнинг ҳамда атрофингиздаги инсонларнинг ҳам саломатлигини асранг.

    Мутахассисларнинг фикрига кўра организмдаги энг кўп хилтлар йиллар давомида ичакларда тўпланиб қолар экан. Айниқса, улар ичак ворсинкалари (ушбу аъзо деворининг шиллиқ қавати юзасида жойлашган махсус сўрғичлар) орасига тиқилиб, баъзан юпқа ахлат плеёнкалари ёки нажас тошларини ҳосил қилади. Натижада беморда қабзият пайдо бўлади. Баъзан 2-3 кунлаб, ҳатто, айрим беморларнинг ундан ҳам кўпроқ муддат давомида ичи келмаётганлиги ҳақидаги шикоятларини эшитиб қоламиз. Аслида бу жуда ёмон ҳолат. Зеро, организмдаги барча зарарли хилтлар пешоб ва нажас, шунингдек, тер орқали танадан чиқиб кетади. Соғлом одамнинг ичи ҳар куни юришиб, ичаклар перистальтикаси (ҳаракати) равон ишлаши зарур. Ич қотиши организмни муттасил заҳарлайди.

    Қабзиятдан азият чекаётганлар асосан қуюқ овқатларни хуш кўриб ейдиганлар ҳамда бир жойда узоқ ўтириб ишлайдиган инсонлар ҳисобланади. Ичаклар перистальтикаси бузилса, улар бўшашиб, секин ҳаракат қилади. Уларнинг фаолиятини изга солиш учун одам энг аввало, тўғри овқатланиши керак. Европа айниқса, рус ошхонаси таомномасида биринчи ва иккинчи таомлар мавжуд. Бу ҳам инсон организми учун фойдали жиҳатдир. Дунёда энг калорияси юқори овқатлар ўзбек ошхонасида бор, десам муболаға бўлмайди. Япон, Хитой, Корея ошхоналаридаги таомлар асосан турли зираворлар ҳамда соя, сирка билан ишлов берилиб, хом ҳолича ва кўпроқ салат, кўкатлар билан истеъмол қилинади. Шу сабабли ҳам Чин давлати аҳолиси ҳазиллашиб “Осмонда учаётган самолётни, сувдаги кемани, ерда юраётган танкдан бошқа ҳамма қимирлаётган нарсаларни еса бўлади” дейишади.

    Яна асосий мавзуга қайтсак. Организмдаги энг катта хилт манбаи бу ичаклар эканлигини юқорида айтдик. Узоқ вақт ич қотиши сабабли беморда гемаррой (бавосил) хасталиги ривожланади. Яна хастада орқа чиқарув тешиги ёриқлари пайдо бўлади. Энди уларни қандай бартараф этиш мумкин, деган савол туғилиши табиий. Дастлаб ичакларни енгил сурги билан тозалаш учун дардманд одам уч кун давомида гўштсиз, енгил ҳазм бўладиган суюқ ва сабзавот ҳамда ёрма донлар (сули, тариқ, гречиха)дан тайёрланган таомларни тановул этади. Шунингдек, мева-сабзавотлар ва уларнинг шарбатлари, газсиз минерал сув, кўк чой, арпабодиён дамламасини ичиш, суюқ овқатлар, салатлар, кўкатлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, чала пишган тухум ҳам фойдалидир. Чунки суюқлик қаттиқ нажасни юмшатиб, унинг ичаклардан енгил сурилишига ёрдам беради.

    Уч кундан сўнг бемор оч қоринга ширин қатиқ ёки творог зардобини илиқ ҳолда ичиши керак. Орадан 1,5-2 соат вақт ўтгач ушбу енгил сурги воситаси ични суради. Қабзиятдан азият чекадиган беморлар ҳафтада бир марта шундай ичакларини тозалашлари мумкин. Қора кепакли нон ёки кунда уч маҳал икки ош қошиқ кепакни қатиқ ёки қора олхўри шарбатига аралаштириб истеъмол қилиш ич қотишини бартараф этади. Ёки унинг қоқисидан фойдаланса ҳам бўлади.

    Наҳорда оч қоринга газсиз минерал сув ичиш ҳам ичаклар перисталътикаси учун фойдали. Турли шифобахш ҳуқна (клизма)лар эса шифокор тавсияси билан амалга оширилади. Доривор маккаи сано гиёҳи (дорихоналарда сотилади) ҳам қабзиятда доривор таъсирга эга. Ичи қотадиган беморнинг қони қуюқ ва токсин (заҳар)ларга тўйинган бўлади. Тут пишиғида уни тановул этиш ёки ҳозирда тут майиз, туршакни ейиш ёки унинг шарбатини ичиш дардмандга даво ҳисобланади. Қовоқча (кабачка) нафақат пешоб ҳайдовчи сабзавот, балки ич қотишининг олдини олади. Уни димлаб, енгил қовуриб ва буғда пишириб тановул этиш ёки консерваланган ҳолда қишга ғамлаб, олиб қўйиш мумкин. Унинг барглари ҳам шифобахш таъсирга эга.
    Гулчеҳра ШИРИНОВА

    Манба: soglom.uz

    » » “Ёшлик элексири”
    Яндекс.Метрика