Тасаввурни ишга соламиз: бир учига чиққан ярамас душманингиз бор. Сиз уни, у сизни таъқиб этишдан чарчамайди. Унга жамики кўнгилни ағдаргувчи сифатлар ҳам камлик қилади: муртад, қабиҳ, қўрқоқ, қотил...
У сизга соядай эргашади. Тушларингизни бузади. Ҳаловатингизни йўқотади. Иштаҳангизни бўғади.
Руҳиятингизга таъсир ўтказади ва миянгизни бошқаради!
Барча фалокатлар, барча йўқотишлар, омадсизликлар у сабаб бўлаётганини тушунасиз. Ҳаётингизни аста-секин барбод қилаётганини, албатта, деворга суянганча папирос тутатиб, жим кузатолмайсиз. Изидан тушасиз. Соянгизни қувасиз. Чарчайсиз. Бошингиз қотади. Алалоқибатда, барчаси шундай чигаллашиб кетадики, шундай лоҳас бўлиб, жасадингиз ерга қапишиб кетадики, бунда фақатгина бошингиздаги теран оғриқ сизни ҳушёрлаштириб туради.
Ваниҳоят, уни қоронғи бир хонада қўлга тушириб, ёқасидан силтаб, шунча ситамлар ҳаққи юзига туфлаш учун шундоқ ёруғликка олиб чиққанингизда, у сиз бўлиб чиқасиз... Яъни ёқангиз ўзингизнинг қўлингизда. Аниқроғи, ўша душман айнан сизсиз! Шунчаки “қилган гуноҳларингизни кечиролмаганингиз учун ўзингиздан бошқа бир одам ясаб олгансиз!”
“Лаънатланганлар ороли”да айнан шу даҳшатли жумбоқ илгари сурилади.
Кино хусусида икки оғиз
Фильм америкалик ёзувчи Дэннис Лихейннинг 2003 йилда нашрдан чиққан “Лаънатланганлар ороли” романи асосида суратга олинган.
Кўпни кўрган қария – Мартин Скорсезе режиссёрлик қилган ушбу фильм кино танқидчилари томонидан эътироф этилди.
Фильм 2011 йилда “Энг яхши триллер” номинациясида “Imperiya” мукофотини, худди шу йили турли йўналишлар бўйича “Sputnik” мукофотини қўлга киритди.
Ди Каприо энг кўп ҳиссиётга берилган: ҳаяжонланган, асабийлашган, ҳар дақиқада юз ифодасини ўзгартириб турган кино айнан шу бўлди — истеъдодли актёр суратга олиш майдончасида ўзини қаергача “бардош” бера олишини аниқлаб олди.
Томошабинларнинг Ди Каприо ҳамда Скорсезе бор жойда ҳеч қачон ёмон кино суратга олинмайди, деган иқрорлари ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини ушбу мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан: узоқ шимолда мўйнаси учун овланадиган нерпа номли ҳайвонни мусиқа билан овлашади. Қайиқ ичидаги магнитофондан куй тарала бошлагач, нерпалар аста-секин унинг атрофида йиғила бошлайди.
Қарабсизки, овчилар ортиқча чиранишларсиз уларни битта-битта қайиққа босишади. Скорсезе ҳамда Ди Каприо жуфтлигида ҳам шундай, уларнинг атрофида бир марта айландингизми, тамом, ёзувчи Виталий Янн айтмоқчи, ҳар фильми якунида “Салом, томошабин!” ҳайқириғи билан сизни ўзининг гирдобига тортиб кетаверади.
Мартин Скорсезе ва Ди Каприо “Лаънатланганлар ороли”га қадар учта фильмда бирга ишлаган: “Авиатор”, “Муртадлар” ва “Нью-Йорклик қароқчилар”. Буларнинг ҳаммаси режа қилинганидан кўра кўпроқ шуҳрат келтирган.
Сюжет ва таҳлил
“Лаънатланганлар ороли”нинг ҳайратланарли тарафи шундаки, экранда содир бўлаётган барча ҳодисалар 67-рақамли бемор – Эндрю Леддиснинг ёпилиб қолган хотира қопқоғини очиш, у барчасини эслаши учун Эшклифф касалхонаси шифокорлари томонидан ўйлаб топилган ўйин шартлари бўлиб чиқади. Кино охиридагина биз чинакам, уюштирилмаган саҳналар гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Воқеалар 1954 йилнинг ёзида бўлиб ўтади. Иккинчи жаҳон уруши ветерани Эндрю суюкли хотини Долорес ҳамда уч нафар жажжи фарзандлари билан барча одамлар қатори тинч-тотув яшайди. Бироқ Долорес руҳий носоғлом эди. Албатта, Эндрю хотинидаги ўзгаришларни пайқаган, кейинчалик вақтида олдини олмагани учун қаттиқ афсус чекканини ҳам фильм давомида кўришимиз мумкин. Бироқ айни ўша пайтлар уни севгани сабаб бундай бўлиши мумкин эмас, дея ўзига ўзи ёлғон тасалли бериб, ишонгиси келмайди. Бундан ташқари, урушдан кейинги асорати ҳамда ичкиликка ружу қўйиши уни бу ҳақида жиддий ўйлаб кўришга фурсат қолдирмайди.
Аммо охир-оқибатда ҳақиқатнинг юзига тик боқишдан бошқа чора қолмайди. Бир куни Эндрю ишдан эртароқ келади ва хотини жонидан ортиқ кўрган фарзандларини сувда чўктириб юборганини гувоҳи бўлиб, даҳшатдан ақлдан озар даражага келади. Долоресга бўлган муҳаббати чексизлигига қарамай, бу қилмиши учун уни кечиролмайди: ўз хотинини тўппонча билан отиб ўлдиради. Бир кун, атиги бир кун ичида у ҳамма нарсадан мосуво бўлади. Бундай айбдорлик ҳисси ва виждон азоби билан яшай олмаслигини билган Эндрю ўзига янги шахсият яратади: Эшклифф касалхонасида юз берган мудҳиш ҳодисалар бўйича суриштирув ишлари олиб борадиган маршал Тедди Дэниэлс.
Иқрорлик азоби
Ҳиссий жиҳатдан беқарор маршал Тедди Дэниэлс (Леонардо Ди Каприо) шериги Чак (Марк Руффало) билан Бостон кўрфазидаги руҳий носоғлом, ашаддий жиноятчилар шифохонаси жойлашган сирли оролга сузиб келишади.
Бу ерга агентлар қаттиқ қўриқланадиган камерадан бир беморнинг қочиб кетгани сабаб ташриф буюришган эди...
Аслида-чи? Аслида у ҳеч қандай маршал бўлмайди. Шериги Чак эса икки йил мобайнида унинг соғайиши учун ҳаракат қилаётган шифокори Леддис Шин бўлиб, умумий ўйин қоидаларини бузмаслик учун Эндрюнинг “хурмача” қилиқларига чидаб келади. Шифокорлар Эндрюга ёрдам бериш учун бор кучини ишга солади. Бош шифокор Коули ва Лестер Шин беморни ўз ҳолига қўйиб берса, охири ўз алдовига ўзи бардош беролмай, ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлади, деб ҳисоблашади. Бироқ бу ғалати назарияга Уорден ҳамда доктор Нейринг қарши чиқади, ҳар нарса кутиш мумкин бўлган бу одамни иложи борича тезроқ лоботомия амалиёти билан тинчлантириш керак, дея оёқ тираб олишади.
Шин назорати остида Эндрюнинг хотирасида бир қанча тикланишлар содир бўлади. Бу муваффақият муолажани давом эттириш учун дастак вазифасини ўтайди. Энди Шин ва Коули тезроқ натижага эришиш учун касалхонадаги барча шифокорлар, қўриқчиларни бу ўйинда қатнашишга кўндиради.
Оддий қўриқчи кимсан маршал унвонини олган Теддини писанд қилмай, масхараомуз кулиб тургани ёки агентлар ҳамшираларни сўроқ қилаётган пайт уларнинг тўсатдан кулиб юбориши – шунчаки, ролини мукаммал ўйнай олмаётган одамларнинг тутиб туролмаган ҳиссиётлари бўлиб чиқади.
Бу ўйин давомида шифокорлар Эндрюга тинчлантирувчи дори беришмайди. Шу сабабдан уни кино давомида асабий, қўллари титраган ҳолда кўрамиз. Эндрю эса менга турли йўллар билан дори беришаётгани учун ақлдан озяпман, деб ҳисоблайди. Натижада галлюцинация ва реал ҳаёт ўртасида қолиб кетмаслик учун сўнгги кучини ҳам оролда нима юз бераётганини билишга сарфлайди. Бу орада унинг шерики Чак, яъни шахсий шифокори Шин сирли равишда йўқолиб қолади. Бу вазиятни янада чигаллаштиради.
Хуллас, бир-биридан тушунарсиз бўлган жумбоқлар охири оролдаги сирли майоққа йўналтиради. Тедди у ерга боради. Қарасаки, майоқни тун-у кун қўриқлайдиган аскарларнинг қўлидаги қуроллар ўқланмаган, Теддининг келганини ҳам гўёки пайқамай қолишган. Бу нарса Теддини жавоб топишга бўлган қизиқишига тағин олов пуркайди.
Майоқ тепасига кўтарилганда, уни бош шифокор Коули ва Шин кутиб туради. Иккиси Теддига неча ҳафтадан буён изига тушган одами, аслида, ўзи эканлигини, фарзандлари бўлганини ва уларни хотини Долорес сувда чўктириб ўлдирганини, у айнан шу оролда икки йилдан бери даволанаётганини хотиржамлик билан тушунтиришга ҳаракат қилишади. Дастлаб Эндрю менга бўҳтон қилишяпти, деб ишонмайди, бироқ Шин фарзандларининг суратларини кўрсатгач, у ҳаммасини эслайди.
Шин ва Коули бундан хурсанд бўлади. Ҳаракатлар бесамар кетмади. Хотира тикланди. Бироқ эртаси куни Эндрю атайдан яна маршал ролига қайтиб олади. Чунки бу тарзда яшай олмаслигини англаб етади. У Шин билан бўлган охирги суҳбатда ҳайвондай яшагандан, одамдек ўлиш маъқул эканлигини айтиб, ўз хоҳиши билан уни хотирасидан буткул айириш учун жарроҳлик амалиёти ўтказишга тайёр шифокорлар тарафга қараб кетади – Эндрю ўлимни афзал кўради.
Скорсезе кашфиёти
Картина атмосфераси таҳсинга лойиқ. Оролдаги шифохона деворлари ҳеч кимсанинг қичқириғини эшитмайдиган мустаҳкам қалъали қамоқхонага ёки режиссёр бизга тез-тез ишора қилишга уринган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар содир бўлувчи конслагерга ўхшарди. Ҳар ҳолда, Тедди шундай деб ҳисоблади, чунки унинг хулосасига кўра, одам сиёҳи йўқ нацистларнинг шафқатсиз тажрибалари бу ердаги манқурт шифокорларнинг хатти-ҳаракатлари олдида ҳолва бўлиб қоларди.
Доимо жанрлар чорраҳасида мувозанатни сақлай олган Скорсезе бу оғриқ камерасини ёдга соладиган параноид триллерни Big Hollywood Style’га солишга уринган ва буни эплаган. У ҳатто энг ноқулай жойлардан туриб ҳам суратга олди: камерани осмон “шифтигача” кўтарди ва имкон қадар кенг бурчакдан ваҳмкор қалъанинг рамзий йўлаклари бўйлаб бутун бошли жараённи тасвирга туширди. Улкан қоялар, қудратли тўлқинлар, мавҳум соқчилар, юзлари ифодасиз шифокорлар ҳамда собиқ нацист жиноятчиларнинг баҳайбат талвасалари акс этган кўзлари – оролдаги ҳамма нарса ҳақиқий, рутубатли кўринишига хизмат қилди.
Хулоса
Скорсезенинг домино доналари шу даражада пишиқ жойлаштирилгандики, ортиқча деб ҳисобланган нарсани олиб ташлаш мувозанатнинг бузилишига олиб келарди. Масалан, бизга ҳеч қандай нафи тегмайдиган 20 дақиқалик алоқ-чалоқ суҳбатлар ҳам картина массасини оширишда яхшигина рол ўйнаган. Лео ўзининг юзи ва танаси билан қилиши керак бўлган барча руҳий кўринишлар: таажжублар, оғриқлар, нафратлар, хуллас, ҳамма-ҳаммасини сер Ланселот каби юқори интизом ҳамда ички тартиб асосида мукаммал бажарди. Унинг феъл-атвори бу юрувчи мурдалар орасидаги ягона тириклик нишонаси бўлиб туюлади. У ўйин шартларига итоаткорлик билан эргашиб, тузоққа тушади. Буни кўрган томошабинлар ўзгача завқ билан ўкраб йиғлашади. Баъзида “Sare Fear” мусиқаси жўрлигидаги бу сюжет найранглари яланғоч елкангиз бўйлаб ўрмалаган минглаб жирканч ҳашаротларни кўрганингиздаги қўрқувни эсга солиб юборади.
Скорсезе нафақат детектив триллер, балки чинакам фильм-ребус яратди. Томошабинлар ҳали узоқ вақт мобайнида ушбу фильм саҳналаридан янги маънолар излашади, яширин белгилар очишади, таҳлилларни таҳрирлашади ва албатта, Эндрюни қайта-қайта кашф қилишда давом этишади.
Кинодан иқтибослар
Нимага қаттиқ ишонсанг, ўша сенинг ҳақиқатингга айланади.
Қўрқувни енгишнинг ягона чораси – у билан юзма-юз келиш!
– Ғайриоддий нарсаларни сезмаяпсизми?
– Бу ер руҳий касаллар шифохонаси, маршал. Ғалати ҳодисалар бўлмаслиги мумкин эмас...
– Яратган Эгам бизга зўравонлик туйғусини берган, Тедди, бу сенда ҳам бор.
– Яратган Эгам бизга фаросат берган...
Қизиқарли фактлар
– Марк Руффало Чак ролини олиши учун Скорсезега бир мухлис сифатида хат ёзиб жўнатади. Мактубда Скорсезе билан бир кинода ишлаш у учун шараф эканлигини айтган;
– Дастлаб Мартин Скорсезе ва Ди Каприо Чак ролига “Темир одам” – Роберт Дауни Жуниор муносиб деган қарорга келишган;
– Tриллер жаҳон кинотеатрлари бўйлаб 41 миллион доллар ишлаб топган.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг