Аввало, китобхонга Ремаркни бу роман билан бошламасликни тавсия қиламан. Мен уни ёзувчининг бошқа романлари даражасида баланд баҳолай олмадим. Хулосаларимни ўртоқлашаман.
Сюжет. Машҳур автопойгачи Клерфе сил касалига чалинган шериги Холманнинг ҳолидан хабар олиш учун тоғдаги санаторийга боради. Клерфе у ерда худди шу касалликка учраган Лилиан исмли ёш қиз билан танишади.
Унинг яшашга жуда оз вақти қолган. Санаторийдаги зерикарли ҳаёт соғлигини тиклашга ёрдам бермайди. Лилиан ҳаётни кўриш ва яшаб қолишга вақт топиш учун Клерфе ёрдамида бу жойдан Парижга қочиб кетади.
Иккала қаҳрамон ҳам бугунни, ҳозирни яшашга ҳаракат қиладилар. Негаки Лилианнинг касали ҳар дақиқада унга ўлим соясини солиши, Клерфе учун ҳам исталган пойга охиргиси бўлиши мумкин. Уларда ўзаро ҳамдардлик ҳисси пайдо бўлади.
Парижга бориб, Лилиан истагандай ҳашаматли турмуш тарзида яшай бошлайдилар. Бироз ўтиб Клерфе унга бутунлай бошқача қарайди, чунки энди у Лилианни севиб қолган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам уни сақлаб қолишга ҳаракат қилар эди. Лилиан эса ҳар куни фақат яшашга, ҳаётдан кўпроқ нарсани олишга интилади, лекин ҳеч нарсага боғлана олмайди, ўзи ёқтирадиган нарсалари ҳам жуда кам. Клерфе турмуш қуришни таклиф қилганда, қиз уни ҳам тарк этишга қарор қилади.
Охири эса кутилмаган. Бу жиҳатдан асар китобхонни мутолаадан кейин ҳам кўп мулоҳазаларга чорлайди.
Моҳият. Ремаркнинг китобларида қандайдир тозаловчи бор. Уларнинг барчаси ҳаётга муҳаббат ҳақида.
“Қарзга олинган умр” соғлом ва тузалмас касал инсонларнинг ҳаётга турлича муносабати ҳақида ҳикоя қилади. Инсон умрини сарфлаши учун нималар арзирли эканини айтади. Асар иқтибослари билан ҳам машҳур. Айниқса, диалоглар жуда таъсирчан, қисқа ва қатъий. Мана шу жиҳатлар китобхонни уларни иқтибос сифатида сақлаб қўйишга ундайди. Романда енгилроқ образнинг ўзини топа олмайсиз. Барча қаҳрамонларнинг ҳаёт ҳақида ўз ҳақиқати бор ва бу диалогларда яққол кўринади.
Китобни ёпганда нималарни ҳис қиласиз? Биз яшаётган ҳаёт уни дунёнинг барча ранглари билан тўлдирадиган учрашувлар ва айрилиқлар билан ажойиб. Биз мўъжизаларга энг охирги лаҳзага қадар ишонамиз...
Ўлим одамнинг унга бўлган муносабатига бўйсунмайди, у унга тайёргарлик кўраётганларга ҳам, уни кутмаганларга ҳам келади. Бу жиҳатдан ўлим ва ишқ тенг.
Ўз ҳаётингиз, яқинларингизнинг ҳаёти ва соғлигини қадрлашни бошлайсиз. Бизни ўраб турган муаммоларнинг жуда кичкиналигини тушунасиз. Яшашдан мақсадингиз ҳақидаги ўйлар ғалаёнига тушасиз. Бизга бу ҳаёт нега берилган? Атрофимиздаги ҳар бир лаҳзани яшашимиз, қадрлашимиз, севишимиз керак, уларда мавжуд бўлиш…
Ҳаёт одатдагидек давом этмоқда, биз гўё бир нуқтада мутлақ бахтнинг айни пайти келадигандек яшаймиз, бахт аллақачон ўз қўлимизда эканини тушунмаймиз. Ҳаммаси қачон тугашини билмаганда хотиржам яшашимиз, чегара билмасдан орзу қилишимиз мумкин.
Аммо бир нуқтага келиб, дунёда ҳаёт сизсиз давом этишини англаганингизда, “нега мен?” деб нола қиласиз. Янги куннинг ҳар бир нафасидан, гуллар ва қуёш нурларидан, қор учқунларидан ва ёмғирнинг ҳар бир томчисидан завқ оласиз, табассум қиласиз, шошилмайсиз, одамларга борликлари учун раҳмат айтасиз. Чунки қайсидир бир нуқтага келиб, буларнинг ҳеч қайсиси сиз учун мавжуд бўлмай қолиши мумкин.
Мен учун китобнинг маъноси – инсон ўлишини ҳар бир ҳужайраси билан англагандагина ҳаётнинг асл қадри сезилади. Ўлим ёқасида. Бу дақиқа ҳаяжонли ва у шифо беради.
Эътирозлар. Аммо китобда кўтарилмаган ва мени чалғитган бир қанча жиҳатлар ҳам бор. Лилиан тузалмас сил касалига чалинган ва бу юқумли. Ёш хоним нафақат ўзини, балки атрофидагиларни ҳам хавф остига қўйганини билганми ёки йўқ, бу масалада китобда сўз очилмаган.
Яна бир савол уйғотган нарса, яқинда ўлишини тушунадиган оғир касал одам ҳақиқатда ўзини шундай тутадими? Лилиан доимо ҳашаматга интилди. Бор пулини ўзига қимматбаҳо либослар тиктириш, саёҳат ва ресторанлар учун сарфлади. Бемор ҳолида мунтазам кучли спиртли ичимликлар истеъмол қилди.
Бир қарашда барчаси оддий, у охирги кунларини ўзи истагандек яшамоқчи. Лекин реал ҳаётга мутаносиб эмасдек булар. Ўлимни кутаётган одамнинг қадриятлари ўзгаради. У кўпроқ тинчлик ва сукунат хоҳлайди, назаримда. Балки ҳамма одамда бу ҳар хил кечар.
Мутолаа вақтида Ремарк романлари орқали ўзининг ички дунёси ва ҳаётий муаммоларини тушунишга ҳаракат қилаётгандай туюлади.
Тақризга хулоса ўрнида асардан баъзи иқтибосларни қолдираман. Негаки китоб ҳақида энг яхши сўзловчи ўша китобнинг ўзи!
Асардан иқтибослар
Борис, – деди у, – биз бир-биримизни жуда яхши биламиз. Мен сени, сен мени яхши тушунамиз, бизнинг фожиамиз ҳам шунда…
***
Ўзимни худди мангу яшайдиган одамлар даврасига тушиб қолгандек ҳис қиляпман. Ҳар ҳолда, улар ўзларини шундай тутишяпти. Хаёлларида фақат пул, ҳаёт ҳақида унутиб қўйишган.
***
Эркинлик дегани масъулият ва мақсадсиз яшаш дегани эмас. Унинг қандайлигини билгандан кўра, қанақа бўлмаслигини тушуниш осонроқ.
***
– Эйфел минорасига-чи, бордингми?
– Йўқ. У ерга сен билан бирга бораман, азизим.
***
Театрга келасан, пьесани томоша қиласан, аввалига ҳеч нимани тушунмайсан, тушунганингда эса вақтинг тугаган бўлади...
***
Осмон ҳамма жойда акс этади, ҳатто кўлмакларда ҳам.
***
Табиат одамларга мўжизаларни мўл-кўл қилиб туҳфа қилган, у уларга ўпка ва юрак берган, ақл бовар қилмас “кимёвий ускуна” – жигар ва буйракларни берган, бош суякларини оппоқ ва юмшоқ мия билан тўлдирган, буларнинг бари бутун коинот тизимидан ҳам кўра ҳайратланарли.
***
Муҳаббатда ортга йўл йўқ. Уни ҳеч қачон бошқатдан бошлаб бўлмайди. Бўлиб ўтган нарсаларнинг бари қонда қолади.
Муҳиддин Нидо
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг