Гарри Поттер оламининг янги сериал версиясига ким Лорд Волдеморт сифатида қўшилиши борасида тортишувлар давом этмоқда. Интернетда асосий номзод сифатида тилга олинган Киллиан Мерфи бу саволга шахсан ойдинлик киритди.
Машҳур актёр «Happy Sad Confused» подкастида иштирок этиб, Волдеморт образи ҳақидаги миш-мишларга ўз муносабатини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу билан бирга, Мерфи аввалги фильмларда Волдемортни ижро этган Рейф Файнсни ҳақиқий афсона деб ҳисоблашини таъкидлади.
Актёр аввал бор миш-мишларни қаердан эшитгани ҳақида ҳам гапирди. Шунингдек, у Поттер оламидаги сериалларда қатнашиши ёки қатнашмаслиги ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, Гарри Поттер дунёсидаги сериал 2023 йил баҳорида эълон қилинганди. Оператор Адриано Голдман биринчи мавсум саккиз қисмдан иборат бўлишини маълум қилган. Лойиҳанинг умумий суратга олиш жараёни тахминан ўн йилга чўзилиши ва еттидан ортиқ мавсум тайёрланиши режалаштирилган.
Янги сериалда Гарри Поттер образи Доминик Маклафлинга, Гермиона Гренжер ва Рон Уесли роллари эса Арабелла Стентон ва Аластер Стаутга топширилган. Яқинда интернетда Уеслилар оиласи иштирокидаги илк кадрлар ҳам пайдо бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!