«Қасос туйғуси вақт ўтган сари ўз эгасини мажақлаб бораверади» — «Қорақуюн» романи ҳақида
Бебаҳо неъматлардан бири – эрк. Инсон бошини егувчи, ич-этини кемирувчи, оқибатда таназзулга олиб борувчи нарса эса қасос, ўч-адоват ҳиссидир. Инсон юрагида адоват сақлар экан, бу унинг қувватини симириб, руҳ ва танасини заифлаштириб бораверади. Натижада, исталган шундай киши Нормурод Норқобиловнинг «Қорақуюн» романи қаҳрамони Эрман сингари ўзининг ўч олиш мақсади қурбонига айланиши мумкин.
Сюжет:
Асарда Эрманни кончи, маъданчи Итолмас исмли шахс тутиб олиб, асир қилади. Унинг мақсади шу атрофдан қуллар йиғиб, улардан сариқ маъданни қазиш ва ювишда фойдаланиш эди. Атрофдан Эрман сингари бир қанча йигитларни туттириб келиб, ўрада сақлай бошлайди. Кўпинча уларни ғулда сақланаётган итлар билан қўрқитиб, устидан кулар, бу каби ҳаракатлар Эрманнинг иззат-нафсини қаттиқ қийноққа соларди.
Итолмаснинг Ойбекач исмли аёли бўлиб, у асарда жудаям матонатли, эркакларча мардонавор, ғурурли, оқила аёл қилиб тасвирланган. Унинг ягона қусури – туғмаслигида эди. У Эрманни ҳар кўрганда ғазаб тўла нигоҳини қулларга тикарди. Бу газаб қулларнинг эркак бўла туриб эрклари учун курашмаганлиги учун эди. Аёл уларнинг мардларча курашишини, тақдирга тан бериб қўймаслигини истарди.
Охири чидолмади. Итолмас хотинининг туғмаслигини иддао қилиб 3-хотинга уйланаётган чоғида ўрада ётган 17 асирни озод қилиб юборади. Бундан хабар топган Итолмас ғулдаги итларни асирлар кетидан юборади. Ғулдаги итлар шу даражада манқуртлашган эдики, олдидан шер чиқса, шер билан ҳам олишаверарди. Ҳамма асирлар ҳалок бўлади. Биргина Эрман уйига тирик қайтади. Бунинг сабаби шунда эдики, йигит Итолмаснинг қадрли бўлган оқ тулпорида қочган эди.
Эрман қишлоғига қайтгач қишлоқ четига ўзи учун бошпана қуради. Акасининг зотдор ити болалаганди. Шу кучук болаларнинг бирини олиб, қолганини кўмиб юборади ва шу кучукчани ғулда сақлай бошлайди. Кучукка Қорақуюн лақабини қўяди. Унинг ягона мақсади ва ўй-хаёли Итолмасдан қасд олиш эди. У албатта Итолмас тулпорини олгани келишини биларди. Эрман жойлашган ер қишлоққа кираверишда бўлиб, келган одам барибир шу ердан ўтмай қолмасди.
Эрманнинг Қалайбек исмли ҳайкалтарош акаси бўлиб, у неча бор укасини бу йўлдан қайтармоқчи, қасос ҳисси яхшиликка олиб келмаслигини тушунтиришга уринди. Аммо Эрман ўз билганидан қолмади. Вақт ўтган сари ғулдаги ит катта бўлиб, кучга тўлиб борди. Бир қарашда одамни ямламай ютадиган кўринишга кирди. Аммо баъзан жазаваси тутиб, ғулга сиғмай кетар, узоқ-узоқ увларди. Эркини қўмсаб, маъюсланиб қоларди.
Асирларни Ойбекач қочирганини билгач Итолмаснинг ғазаби қайнайди. Хотинининг жавобини беради. Аёл тугунини кўтариб овули сари кетаркан, Итолмас унга яна кимдир уйланишини ўйлаб, номардлик қилади: ғул итлардан бирини хотини ортидан юборади. Овулига етишига бир қир қолганда аёл ортига қарайди ва халлослаб у томон келаётган итни кўради. Танаси ит оғзида ҳаром бўлишини истамаган аёл ўзини чуқур жарликка ташлайди…
Эрман кутган кун бўлди. Итолмас чиндан итини излаб келади. Бундан ҳаяжонга тушиб қолган йигит шоша-пиша Итолмаснинг кийимини итга ҳидлатади ва ғулни очмоқчи бўлади. Аммо ғул эшиги ҳадеганда очилавермайди. Ит эса чиқишга уринади. Ҳеч қачон ғулдаги итни уриб бўлмаслик қоидасини унутган Эрман Қорақуюннинг бошига бир-икки мушт туширади. Озодликка чиққан ит эса биринчи бўлиб эгасининг бўйнига тиш ботиради…
Таҳлил:
Хоҳ у инсон, хоҳ ҳайвон бўлсин, унинг эркини чеклашга, хавфсизлигига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Эрманни эрксизлик шафқатсизга айлантириб қўйганди. Қорақуюн билан туғилган кучукларни кўмаётиб бир туки қимирламайди. Қорақуюннинг увларини эшитиб, маъюсланишига гувоҳ бўлиб ҳам ҳеч нарсани ҳис қилмайди. Ваҳоланки, ўзи ҳам тутқунликда бўлди, Қорақуюндек куйинди, изтироб чекди. Эркинлигини соғинди. Аммо қасос ўти унинг қалбидаги меҳр-шафқат булоғини қуритиб қўйганди.
Итолмаснинг қўл остида қуллари бор бўлса-да, айни пайтда ўзи ҳам қул эди…
Унинг қуллиги олтин-у бойликка бўлиб, бу ганж охир-оқибат ўзини-да хароб қилди. У кўп бойлик йиғди, олтинга ҳеч тўймади. Аммо охирида бу бойликларини ортмоқлаб кетолмади. Қолди барчаси кимларгадир. Шундай экан, бевафо дунёда вафосиз бойликка ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди.
Асардаги энг самимий образ – Қалайбек. У санъаткор. Унинг қалбида санъат гўзаллиги, поклигидан бошқа чиркин ҳиссиётлар йўқ. Бутун қишлоқ унинг устидан кулса ҳам, камситса ҳам унинг парвойига келмайди. Адоват сақламайди. Укасига ҳам тўғри маслаҳатни беради. Қасос ўти охири эгасини куйдиришини у биларди.
Асарда Ойбекач ўзининг эркаклар сингари қатъиятлилиги, мардлиги билан ажралиб турарди. Юксак ғурури, жўшқинлиги яққол сезилиб туради. У учун эрксизликдан кўра ўлим афзалроқдир. Шу сабабдан ҳам асирларга нафрат билан боқарди. Тақдирга тан бериб қўйган қуллар унинг ғазабини қўзғайди. Аёл ўзини шу қадар ҳурмат қиладики, итга таланиб ўлишни ўзига ор билиб, бошқа йўлни танлайди…
Нима бўлганда ҳам эркинлик муқаддас туйғу ва ҳодисадир. Қул ҳаёти эса ҳаёт эмас. Қасос туйғуси оғир юк. Бу юк вақт ўтган сари ўз эгасини мажақлаб бораверади. Ундан вақтида халос бўлиш, қутулиш лозим…
Гуласал Қодирова, китобхон
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг