Покистон ички ишлар вазири Муҳсин Нақвий Афғонистон ҳудудидан мамлакатнинг тинч аҳолисига қарши қилинган қуролли ҳужумларни кескин қоралади. Унинг таъкидлашича, “Толибон” кучлари томонидан Покистон ҳудудига ўт очилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланади.
“Бу ҳаракатлар халқаро нормаларга зид. Афғонистон ўт билан ўйнашяпти. Агар вазият давом этса, биз бу тажовузга муносиб жавоб берамиз”, — деди Нақвий.
Вазирнинг сўзларига кўра, Покистон ҳеч қачон провокацияларга берилиб кетмайди, бироқ ҳар қандай таҳдидга қарши қатъий чора кўришга тайёр. У Афғонистон раҳбариятини қўшнилик муносабатларига путур етказмаслик ва чегара хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
“Худди Ҳиндистон мисолида бўлганидек, Афғонистон ҳам агар босимни давом эттирса, муносиб жавоб олади”, — дея қўшимча қилди вазир.
Сўнгги ҳафталарда Покистон ва Афғонистон чегарасида кескинлик ортаётгани кузатилмоқда. Икки давлат ўртасида чегара хавфсизлиги, мигрантлар оқими ва қуролли тўқнашувлар масалалари бўйича тортишувлар кучайган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!