11:50 / 25.09.2024
236

Меҳриддин Раҳматов: “Аҳад Қаюмнинг маҳсулоти — тирикчилик манбайи, кино эмас”

Меҳриддин Раҳматов: “Аҳад Қаюмнинг маҳсулоти — тирикчилик манбайи, кино эмас”
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино актёри Меҳриддин Раҳматов “Дарё”га берган интервьюсида ўзбек киносидаги бугунги муаммолар ва орзусидаги образлари ҳақида гапирди.

Ҳозир ҳамма нарсани кино деб бўлмайди. Фалончи кино оляпти, писмадончи кино ишлаяпти — буларнинг бари теленовеллага ўхшаш нарса. Улар бадиий фильм эмас. Ҳақиқий фильм ҳақида гапирсам, устозлар, ўз ишининг усталари бўлган инсонлар ўйнаган кинолар бор — “Ўткан кунлар”. Мустақилликдан кейин ҳам ишланган яхши фильмлар талайгина — улар билан буларни аралаштириш керак эмас. Нега ўзбек киноси ундай, нега бундай дейишади, тушунмайман. Ўзбек киноси эмас улар! Аввал бадиий фильм билан новеллани ажратиб олиш керак. Аҳад Қаюмни гапиришади, унинг маҳсулотига тирикчилик манбаи сифатида қараш керак. У кино эмас! Шуни тушунтира олмаяпмиз. Кинонинг ўз олами, ўз одамлари бор. Яхши фильмлар яна ишланади, албатта.

Актёр касбининг қийинчилиги, бемор ҳолида ҳам суратга олиш майдончасига етиб боргани ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Билсангиз, витамин E деган укол бор. Уни олгандан кейин сафарга чиқиш, зах, совуқ жойларда юриш мумкинмас. Шу уколни уч-тўрт кун олганимдан кейин суратга олиш майдончасига кетганман. “Қасамёд” фильмининг сёмкаси эди, Шаҳрисабзнинг тоғли ҳудудида бўлган. Қиш пайтлари, актёрлар жамоасини ёзги лагерга жойлаштиришган. Ўз номи билан ёзги — шароити ҳам шунга мўлжалланган. Иситиш тизими у ёқда турсин, чироқ йўқ эди, шам кўтариб юргандик. Устоз Рихси Иброҳимова, яна бир қанча актёрлар бор эди, чопонларга ўраниб олганмиз. Ишонасизми, ҳеч ким касбидан нолимаган, чидаган. Чунки ҳамма касбини севган.

Хуллас, орада театрдаги спектакл учун Тошкентга бориб келишим керак эди. Пойтахтга қайтганман, ролни ўйнаб, кечаси яна йўлга чиқишим керак эди. Ҳалиги витамин Е совуқда кўп юрганим учун акс таъсир бериб юборган, иситмам 39-40 даражага кўтарилиб кетган. Армия қўмондони ролини ўйнашим керак.

Қайси соҳа эгаси шундай баланд ҳарорат билан ишга боради? Режиссёрга айтсам, келмасангиз бўлмайди дейди. Ўрнимга ким боради? Шунда аёлимнинг кўзига ёш келиб шу сизга зарурми, дадаси, деган. Зарур, деганман. Мени бутун бошли армия кутяпти, ҳаммаси режалаштирилган, молиялаштирилган. Қайтадан суратга олиш учун катта маблағ кетади. Бир оёғим қотиб ишламай қолган, қаердандир ҳасса топиб, таксига ўтириб Шаҳрисабзга етиб борганман.

Режиссёр аҳволимни ўз кўзи билан кўриб, “Ҳа, чиндан ҳам мазангиз йўқ экан” деб, мен эпизодимни ўйнаб бўлишим билан орқага жўнатиб юборган.

Меҳриддин Раҳматов Жалолиддин Мангуберди образи учун турк актёри олингани, ролни романтик қилиб юборишгани ҳақида куйиниб гапирди.

Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри ўйнаганда ич-ичимдан оғриндим. Рости, бу ролни ижро этишни жуда хоҳлагандим. Унинг ҳаёти, юришлари, фаолияти ҳақида 7 йил шуғулландим, ҳозир ҳам ўрганиб келяпман. Бир актриса Хоразмдаги музейга борганда саркарданинг ҳайкалини тасвирга олиб, сизнинг ҳайкалингизни ўрнатиб қўйишибди деб, менга видео юборган эди. Кўпчилик шу ролга сиз моссиз деганида, спектаклларда унинг ролини ижро этганимда ва юқоридаги ўхшашликлар сабаб бу образга меҳрим бошқача тушганди. Ниятим сўнгани йўқ, ичимда Жалолиддин образи яшайди. Насиб этса халқимизга шу ролни тақдим этаман.

— Ҳар бир актёрнинг орзуси бўлади. Менинг орзуйимдаги рол — Жалолиддин Мангуберди образи. Кўпчиликнинг фикрича ёшим ўтганмиш. Лекин ҳали қалбим ёш (кулиб). Шахсий фикрим — Жалолиддин ёки шу каби саркардаларнинг юз тузилиши романтик бўлмаган. Улар севги-муҳаббат ҳақида гапириб, гулзорма гулзор шаталоқ отишга вақти бўлмаган. Унинг фикри кеча-ю кундуз халқни бирлаштириш бўлган. 17-18 ёшида жангга кириб, шу ёшида душман қўлидан отасини қутқариб қолган. 33 ёш — ўлимига қадар қўлидан қилични қўймаган. Битта жангда минглаб мўғулни ўлдиришга мажбур бўлган инсоннинг юзини тасаввур қилиб кўринг. Гул кўтарадиган инсон бўладими у? Бу каби инсонлар ҳақида фильм олганда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Севги-муҳаббат эпизодлари бундай фильмларга шарт эмас деб ўйлайман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Меҳриддин Раҳматов: “Аҳад Қаюмнинг маҳсулоти — тирикчилик манбайи, кино эмас”