
Ўзбек адабиётининг бетакрор дурдонаси, миллий романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўткан кунлар” асари энди корейс тилида ҳам мутолаа қилиниши мумкин. Таржима жараёнини Жанубий Кореянинг нуфузли Кэмёнг университети профессори Ким Чунг Сун амалга оширди, деб хабар берди dunyo.info.
Бу жараён шошма-шошарчиликдан йироқ, юксак масъулият билан олиб борилди. Таржимон асарни икки ярим йил давомида ўрганди, мазмун-моҳиятини теран англашга, бадиий ва тарихий руҳини аниқ етказишга ҳаракат қилди. Бунинг учун у нафақат китоб варақларига, балки асар ила боғлиқ воқеалар содир бўлган жойларга ҳам саёҳат қилди.
Профессор Ким Чунг Сун жорий йил март ойининг охирларида махсус ташриф билан Ўзбекистонга келди. Унда адибнинг уй-музейи, роман саҳналари акс этган Тошкент, Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида бўлди, тарихий муҳитни ўз кўзи билан кўрди. Шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети олимлари билан фикр алмашиб, таржиманинг тил, услуб ва контекстга мослигини янада мукаммаллаштириш бўйича иш олиб борди.
Таржимон нафақат адабий матнга, балки у орқали халқнинг туйғулари, урф-одатлари, тарихий хотирасига чуқур кириб борди. Бу йўлда унга Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий билан бўлиб ўтган мулоқоти қўшимча илҳом ва тарихий фактлар манбааси бўлди. Ушбу учрашув романнинг айрим деталларини аниқроқ таржима қилишда ёрдам берди.
Асарнинг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тақдимот маросими маданий ҳаётда катта воқеа сифатида нишонланди. Унда Жанубий Корея парламенти ва ҳукуматининг нуфузли вакиллари, вазирлик-идоралар, дипломатик корпус ва фаол ватандошлар иштирок этди. Бу эса “Ўткан кунлар”нинг янги тилда ҳам катта қизиқиш уйғотганидан дарак беради.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Алишер Абдусаломов профессор Ким Чунг Суннинг меҳнатини алоҳида таъкидлаб, бу асар фақат бир таржима эмас, балки икки халқ ўртасидаги маънавий кўприк эканини билдирди. Элчининг сўзларига кўра, бу китоб орқали корейс ўқувчиси ўзбек халқининг ўтмиши, руҳияти, анъаналари ва бугунги тараққиётгача бўлган йўлини ҳис қилиши мумкин.
Тақдимот маросими шуни кўрсатдики, “Ўткан кунлар” каби асарлар фақат адабий бойлик бўлиб қолмасдан, маданий ҳамкорликни мустаҳкамловчи самарали восита ҳамдир. Бу таржима фақат китоб эмас, балки қалблар, халқлар ва тарихлар орасидаги боғланишга хизмат қиладиган кўприкдир.
Шу боис, бу каби ташаббуслар нафақат адабиёт ихлосмандлари, балки кенг жамоатчилик учун ҳам илҳом манбаи, миллатлараро алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим қадам ҳисобланади.
Фото: "Дунё" АА «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар