
2025 йил 1 ноябридан мамлакат миқёсида бир қатор муҳим янгиликлар амалга оширилади. Ҳужжатлар ва фармонларга асосан, бу сана ижтимоий, иқтисодий ва маъмурий соҳаларда сезиларли ўзгаришлар бошланадиган кун сифатида тарихда қолиши кутилмоқда.
Ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби янгича бўлади
Август ойида қабул қилинган Президент фармонига кўра, 1 ноябрдан ишсизлик нафақасини бериш қоидалари тубдан ўзгаради. Энди хўжалик юритувчи субъектлар айрим тоифадаги фуқаролар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиришлари лозим бўлади. Улар қаторига ногиронлиги бор шахслар, оилавий зўравонликдан жабрланганлар, кам таъминланган оилалар аъзолари ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум шахслар киради.
Бу резерв ишчилар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги керак. Бу тартиб 100 нафардан зиёд ходим ишлайдиган ташкилотларга тааллуқли бўлади.
Эндиликда ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган фуқароларга тўланади. Агар шахс охирги 5 йилда камида 18 ой ишлаган бўлса ва 6 ой ичида мурожаат қилса, нафақа унинг охирги иш ҳақи асосида 3 ой давомида тўланади. Биринчи ойда – 75 фоиз, кейинги икки ойда – 50 фоиз миқдорда, бироқ у меҳнат ҳақининг энг кам миқдоридан 3 баравар ортиқ бўлмаслиги шарт.
Тадбиркорлар учун рақамли имкониятлар ва енгилликлар
1 ноябрдан якка тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Бу тизим 2030 йилгача амал қилади ва барча жараёнлар — давлат рўйхатидан ўтишдан тортиб солиқ тўлашгача — рақамли платформа орқали амалга оширилади.
Электрон ҳамёнлар тизими жорий этилади. Бу тадбиркорларга даромадларни қабул қилиш, солиқ ва бошқа тўловларни амалга оширишни осонлаштиради. Шу билан бирга, банк ҳисоб рақами очиш мажбурий бўлмайди.
Бу жараёнларда QR-код ва “tap to pay” технологиялари ишлатилади. Ҳужжатлар эса биометрик маълумот ёки SMS орқали имзоланиши мумкин бўлади. Бу қоғоз ҳужжатлар билан тенг кучга эга бўлади. Шунингдек, “кунлик тўлов” амалиёти тажриба тариқасида жорий қилинади.
Солиқ юки анча камаяди
Тадбиркорлар учун 1 ноябрдан бошлаб солиқ тизимида катта енгилликлар амалга оширилади. Уларнинг ҳар бирига универсал QR-код берилади, бу орқали барча мобиль тўлов иловаларида ҳисоб-китоб қилиш мумкин бўлади.
Айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар янги йилдан фақат айланмадан 1 фоиз солиқ тўлайди. Масалан, аввал 100 миллион сўм айланма учун 12 миллион сўм солиқ тўлаганлар энди фақат 1 миллион сўм тўлайдилар. Бу уларнинг солиқ юкини 3–4 баробар камайтиради.
20 минг тадбиркор учун “амнистия” эълон қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида 20 мингдан зиёд тадбиркор учун солиқ текширувлари бўйича жазо қўлланмаслигини маълум қилди. Уларнинг рейтингини тоза саҳифадан бошлаш имкони яратилади.
Бу тадбиркорларга 1 ноябргача ўз хатоларини ихтиёрий равишда тўғирлаш имконияти берилади. Шу тариқа бизнес соҳаси соғлом рақобат муҳитида фаолият юритиш имконига эга бўлади.
Давлат бошқарувида қисқартириш ва рақамлаштириш
Президентнинг 4 октябрдаги фармонига кўра, 1 ноябрдан бошлаб ижро этувчи ҳокимият тизимида 2141 та штат бирлиги қисқартирилади. Улар орасида 1863 та лавозим бюджет ташкилотларидан, 278 таси эса бюджетдан ташқари жамғармалардан чиқарилади.
Бу ислоҳотлар рақамли технологияларни жорий қилиш, давлат функцияларини оптималлаштириш ва хусусий секторни фаолроқ жалб қилиш мақсадида амалга оширилаяпти. Шунингдек, қўмита ва агентликлардаги раҳбар ўринбосарлари сони 16 тага камаяди.
1 ноябрь нафақат календардаги янги сана, балки давлат бошқаруви, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳада янги босқич бошланишини англатади. Бу ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётини замон талабига мослаштириш, фуқаролар имкониятларини кенгайтириш ва рақамли ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!