Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган Қулдортепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар янги тарихий сирларни очмоқда. Археологлар бу ерда илк ўрта асрларга оид ибодатхона қолдиқларини аниқлашга муваффақ бўлишди. Ушбу топилмалар нафақат маҳаллий, балки бутун минтақанинг тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Қазилмалар жараёнида ибодатхонанинг маросимлар хонаси, устунли айвон ва йўлакли хоналар кўриниб чиққан. Археологлар хона деворларида ҳанузгача сақланиб қолган безаклар мавжудлигини таъкидлашмоқда. Деворлар оқ фон устига қизил ва қора рангларда ишланган геометрик нақшлар билан безатилган бўлиб, бу давр меъморчилигининг ноёб намунаси сифатида баҳоланмоқда.
Энг қизиқарли топилмалардан бири — узунлиги қарийб 4,75 метрга етган арча устун. Шунингдек, тадқиқотчилар Хитойнинг Хан сулоласи даврида ишлаб чиқарилган ойна ва Суғд ҳукмдори Уккурт Чамук номи билан боғлиқ тангаларни ҳам топишди. Бу топилмалар Қулдортепанинг ўша даврда савдо ва маданий алоқалар маркази сифатида муҳим рол ўйнаганини тасдиқлайди.
Манбаларга кўра, Қулдортепа қадимдан рустоқ маркази сифатида тилга олинган. Хитой ёзма манбаларида бу жой Ми ёки Ми-мохе номи билан қайд этилган бўлса, араб-форс адабиётида Маймурғ номи билан машҳур бўлган. Бу эса унинг турли халқлар цивилизацияси билан яқин алоқада бўлганини кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!