date

Зуля роли юлдузи Барчин Ғофурова ҳаётидаги оғир синовлар ҳақида сўзлаб берди

Зуля роли юлдузи Барчин Ғофурова ҳаётидаги оғир синовлар ҳақида сўзлаб берди

“Бахт овчиси” сериалидаги Зуля образи орқали машҳур бўлган актриса ва телебошловчи Барчин Ғофурованинг ҳақиқий исми Умида ҳисобланади. Болалик даврида отаси тарк этган Барчин бугунгача ўша давр жароҳатлари билан яшаб келмоқда. Онаси саратон касаллигига дуч келган, севган инсони томонидан катта миқдордаги маблағларга алданган ҳамда ташқи кўриниши сабаб турли ҳақоратларга учраган актрисанинг ҳаёт йўли осон кечмаган. У салбий роллари туфайли айрим аёллар томонидан ҳатто ўлдириш билан таҳдидларга ҳам дуч келган. Барчин Ғофурова жорий йил 36 ёшни қарши олди.

“Раққоса бўлишимга ота-онам қаршилик қилган”

1990 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган Барчиннинг болалиги Қашқадарёда ўтган. У Қарши шаҳридаги мактабда таълим олган.

— Ота-онам асли қашқадарёлик, аммо мен Тошкентда туғилганман. Болалигимдан раққоса бўлишни орзу қилардим, бироқ оила аъзоларим бу касбга қарши чиқишди. Ҳеч бўлмаса актриса бўлишимга рухсат беринглар деб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Драма актёрлиги” йўналишига ҳужжат топширганман. Афсуски, ўша йили контракт маблағини тўлай олмаганим сабаб ўқишдан чиқарилганман. Кейинги йил яна ҳужжат топшириб, бу сафар давлат гранти асосида қабул қилинганман. Институтни тамомлаб, Ўзбекистон давлат Сатира театрида ҳам фаолият юритганман, дея эслайди актриса.

“Ижарада яшаш қийинчилигини яхши биламан”

Барчин талабалик йилларини эслар экан, Саида Раметовага хизмат қилиб, у каби актриса бўлишни орзу қилганини айтади.

— Оилада икки фарзандмиз. Укам билан болалигимиз жуда яхши ўтган. Афсуски, мактабни тугатиш арафасида укамда оғир касаллик аниқланди. Онам уйимизни сотиб, уни даволашга қарор қилди. Ўша кунларни эслаш жуда оғир. Шукрки, укам Прагада даволаниб, бутунлай соғайди. Аммо ижара уйларда яшаш осон эмасди. Ростини айтсам, молиявий қийинчилик сабаб дарсдан кейин ошхоналарда ишлашимга тўғри келган. Институт ёнидаги “Гап” кафесида официант бўлиб ишлаганман. У ернинг доимий меҳмонларидан бири актриса Саида Раметова эди. Мен ҳам у каби актриса бўлишни орзу қилардим. Орзуим Озод Шамснинг “Ишқ ўйинлари” сериали орқали амалга ошди, дейди Барчин Ғофурова.

“Зуля ролини ижро этаётган пайтда онам оғир касалликка чалинди”

“Бахт овчиси” сериалининг Зуля Боситовна образи орқали кенг оммага танилган актриса бу ролни қабул қилиш сабаби ва съёмка жараёнида онасининг касалликка чалингани ҳақида сўзлаб берди.

— Бу сериалга таклиф тушган вақтда молиявий аҳволимиз оғир эди. Ҳатто уйда егулик топилмайдиган пайтлар эди. Онам билан маслаҳатлашиб, ролга рози бўлдим. Биринчи мавсум учун кунлик гонорар 233 минг сўм этиб белгиланган. Кейин оширишга ваъда беришган, аммо бу амалга ошмади. Шунга қарамай, ролимни яхши кўрганим учун норози бўлмадим.

Биринчи мавсум катта муваффақиятга эришган пайтда онамнинг аҳволи ёмонлашиб, унга саратон ташхиси қўйилди. Даволаниш катта маблағ талаб қиларди. Шу сабаб иккинчи мавсумда гонорарни оширишни сўрадим. Бу талабим ҳаммага ёқмади, ҳатто мени ролдан олиш масаласи ҳам кўтарилди. Аммо айрим раҳбарлар қўллаб-қувватлаганидан кейин ишимни давом эттирганман, дейди актриса.

“Ҳақоратлар сабаб операция қилишга қарор қилдим”

Барчин ташқи кўриниши сабаб бўлган танқидлар туфайли ошқозонни кичрайтириш амалиётини ўтказганини маълум қилди.

— Бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади. Аммо буни қилмасам, руҳий ҳолатим янада ёмонлашарди. Ижтимоий тармоқлардаги ҳақоратли изоҳлар мени шу қарорга олиб келди, дейди у.

Актриса операциядан олдин 88 килограмм вазнда бўлган. Амалиёт муваффақиятли ўтган бўлса-да, тикланиш жараёни осон кечмаган. Шунга қарамай, у бугунги қоматидан рози.

“Қулоғимга ўзингни ўлдир деган овозлар келарди”

Барчин бир неча йил аввал исмини ўзгартиришга сабаб бўлган оғир давр ҳақида ҳам гапирди.

— Илгари исмим Умида эди. Маълум сабабларга кўра уни Барчинга ўзгартирганман. Бир йигит билан 9 йил муносабатда бўлганман, аммо унинг оиласи мени қабул қилмаган. Шу сабаб турли “иссиқ-совуқ” ишлар қилинган. Бу ҳолатдан кейин руҳий жиҳатдан оғир аҳволга тушганман, ҳатто ўз жонимга қасд қилишга уринишлар ҳам бўлган. Қулоғимга “ўзингни ўлдир” деган овозлар эшитиларди, дейди актриса.

“Фирибгар йигитга ишониб катта хатога йўл қўйганман”

Актриса севгида алдангани ва топган маблағларини йигитга берганини ҳам очиқ айтди.

— У билан оила қуришни режалаштирганмиз. Аммо кейинчалик унинг ҳақиқий юзини билдим. У ҳатто онамнинг касаллик ҳужжатларидан фойдаланиб, одамлардан пул сўраганини кўриб, қаттиқ ранжидим. Шу воқеадан кейин яна ишончим синди, дейди Барчин.

“Мен бой инсоннинг фарзанди эмасман”

Барчин Ғофурова ҳаётдаги ягона таянчи онаси эканини таъкидлайди.

— Баъзилар ўйлагандек, бой инсоннинг қизи эмасман. Фақат актёрлик орқали даромад қиламан. Онам билан ижара уйда яшаймиз. Укам хорижда, баъзан ёрдам беради, дейди актриса.

“Ҳаётимда эркак йўқ, ўзимга ўзим таянчман”

— Ҳозирча ҳаётимда эркак йўқ. Ўзимга ўзим суянаман. Севги, хиёнат ва аламли ҳолатлардан чарчадим, дейди Барчин Ғофурова.

Актриса шунингдек, отаси билан муносабатлари ҳақида ҳам тўхталиб, узоқ йиллардан сўнг у билан учрашгани ва ҳозирда алоқалар яхшиланганини айтади.

— Болалигимдаги энг катта орзуим музлаткични тўлдириш эди. Бугун эса шу мақсадимга эришганман, дейди актриса.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Зуля роли юлдузи Барчин Ғофурова ҳаётидаги оғир синовлар ҳақида сўзлаб берди