09:05 / 23.02.2018
5 445

Зарарли одатдан воз кечиш осон бўлмади

Зарарли одатдан воз кечиш осон бўлмади
Aксар замонавий ҳинд фильмлари бошида чекиш инсон саломатлигига зарарли эканини уқтирувчи ижтимоий реклама билан бошланса-да, кинокартиналарда актёрларнинг чекаётгани тасвирланган кадрлар учраб туради. Бундан Болливуд юлдузларининг ҳаммаси шу зарарли одатга берилган, деб хулоса чиқариш нотўғри. Зеро, ашаддий кашанда бўлганига қарамай, ўзида бу зарарли одатдан воз кечишга куч топа олган актёрлар ҳам кам эмас.

“Чекишни ташлашнинг осон йўли”
Ритик Рошан кўплаб бесамар уринишлардан сўнг ниҳоят 2012 йилда чекишни батамом ташлади. “Зарарли одат билан узоқ курашишимга тўғри келди, — деб эслайди Ритик. — Мен никотин патчларини ва бошқа усулларни синаб кўрдим, аммо ҳеч нима ёрдам бермасди: яна сигаретга қўл узатардим. Ўз ҳаётимни тамакисиз тасаввур қилолмасам-да, бу хавфли одатни ташлаш умидидан воз кечгим келмасди. Самара бериши мумкин бўлган усулларни излашдан тўхтамасдим: бу қарамликдан қутулишга эришган одамлар билан гаплашардим, илмий мақолаларни ўқирдим, “YouTube”даги видеороликларни томоша қилардим. Ниҳоят, Аллен Каррнинг “Чекишни ташлашнинг осон йўли” китобига дуч келдим ва бу айнан менга керакли нарса бўлиб чиқди. Китобни буюртирдим ва диққат билан ўқидим. Сўнгги саҳифани ёпган куним қўлимда сигарет тутган сўнгги куним бўлди”.

“Яқинларим учун воз кечдим”
Амир Хон 2011 йилда, оила аъзоларининг қатъий қистовидан сўнг чекишни ташлади. Актёр кунига 40талаб сигарет чекиши мумкин эди, аммо ўғли Озод туғилгандан кейин бу зарарли одатдан воз кечишга қарор қилди.

“Навбатдаги фильмим экранга чиқаётганда, ҳар доим қаттиқ асабийлашардим, — деб тан олади Амир. — Сигарет менга тинчлантирувчи таъсир кўрсатарди, зўриқиш ва зиқликдан халос қиларди. Аммо тамаки ҳиди болаларим — ўғлим Жунаид ва қизим Айрага умуман ёқмасди. Хотиним Киран ва ойим ҳам доим мендан сигаретларни йўқотишимни талаб қилишарди. Ниҳоят, 2011 йил 1 январда янги ҳаёт бошлашга қарор қилдим. Айтишим керакки, бу зарарли одатдан асосан яқинларим учун воз кечдим”.

Фильм учунгина яна қўлга олди…
Саиф Али Хон 2006 йилда, оғир касалликдан сўнг тузалаётганда чекишни ташлашга қарор қилди. Саифни кўксида кучли оғриқ билан касалхонага ётқизишди. Текширувдан сўнг шифокорлар унга юрагида муаммо борлигини, бунга ҳаддан ташқари кўп чекиши ҳам сабаб бўлаётганини айтишди.

Зарарли одатдан воз кечгач, актёр “Рангун” (“Rangoon”, 2017) фильмида суратга тушаётганда яна эски одатга қайтишга мажбур бўлди. Чунки сценарий бўйича шундай қилиш талаб этилаётганди. Хоннинг қаҳрамони — кинематографчи Рустам Руси бир нечта саҳнада шериги Рабекка билан чекиши керак эди. Саифнинг айтишича, у сигаретни яна фақатгина роль учун қўлга олди, суратга олиш ишлари тугагач, бу зарарли одатни тарк этади.

“Ҳаёт тамакисиз қанчалар яхши!”
Ранбир Капурнинг чекишни ташлашига “Барфи” (“Barfi”, 2012) фильмида суратга тушаётганда режиссёр Анураг Басу билан ўйнаган гарови ёрдам берди. Гаровда ютиш учун Капур суратга олиш ишлари тугагунча сигаретга умуман яқинлашмаслиги керак эди. “Гап фақат баҳсда эмасди, — дейди Ранбир. — Мен соғлом бўлишни ва мухлисларимга яхши ўрнак бўлишни истардим. Ёмон одатдан қутулгач, мен — ашаддий кашанда, бирдан ҳаёт тамаки тутунисиз қанчалик яхшилигини ҳис қилдим. Бўш вақтинг кўпаяди ва сен бу вақтни сигарет тутатишдан кўра, анча қизиқ ва фойдали ишга бағишлашинг мумкин. Ўзимни ҳозир анча тетик ва ғайратли ҳис қиляпман”.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Зарарли одатдан воз кечиш осон бўлмади